Фаол адолатчи аёллар билим ва маҳоратини намоён этишди

/
Жамият ҳаётида хотин-қизларнинг мавқеини ошириш, уларга ўз иқтидори, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга имкон яратиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг устувор вазифаларидан бири саналади. Партия тизимида анъанавий ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танловининг бу йилги ҳудудий босқичида ҳам ана шу муҳим жиҳатлар ўз амалий ифодасини топди.
Наманган. Бугунги кунда жамиятимизда бўлгани каби партиямиз ҳаётида ҳам опа-сингилларимизнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Улар партия ташкилотларимиз олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи қатнашчилари шу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларни қайд этишди. Биринчи шарт якунларига кўра уйчилик Муаттар Икромова, Чуст туманидан Рўзигул Анорқулова, чортоқлик Иқболой Толибжонова бошқаларга нисбатан бирмунча юқори балл тўпладилар. Аммо “сиёсий билимдонлик” шартига доир савол-жавоблардан сўнг пешқадамлар ўзгарди. Айниқса, Мингбулоқ тумани иштирокчиси Дилдора Охунова билимдонлиги, ҳозиржавоблиги, ҳуқуқий меъёрлар мазмунини яхши тушунтира олиши билан барчанинг диққатини жалб этди ва ҳаммадан кўп балл тўплади. Мана шу устунлик унда учинчи шартдан сўнг ҳам сақланиб қолди ва биринчи ўринни эгаллаш имконини берди. Мингбулоқ туманидаги 22-умумтаълим мактаби директори маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилдора Охунова танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринлар эса уйчилик Замирахон Умарова ва косонсойлик Кумушхон Қаюмовага насиб этди. ўолибларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Бошқа иштирокчилар эса турли номинациялар бўйича ғолибликка сазовор бўлдилар.
Қорақалпоғистон. Нукус шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди.
Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган сафдошларимиз бир-биридан билимдонлиги, партия ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун астойдил интилаётганини намоён қилишди. Уларнинг сиёсий билимлари, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот ишларидаги фаоллиги, нотиқлиги, етакчилик қобилияти, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ҳаётий тажрибалари, миллий қонунчилигимиз, сиёсий партияларга доир норматив ҳужжатлардан хабардорлиги каби бир қатор мезонларга ҳакамлар ҳайъати алоҳида эътибор қаратди.
Иштирокчилар сиёсий кучнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни хусусида фикр билдириб, партиямизнинг янги Сайловолди дастурини давр талабидан келиб чиқиб тайёрлаш, унда электорат манфаатларини рўёбга чиқариш, тиббиёт, таълим соҳаларидаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, экологик масалалар юзасидан ўз таклифларини баён этишди.
Беллашув натижасига кўра Нукус шаҳридаги 38-умумтаълим мактаби қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Айжамал Жиемуратова 1-ўринни эгаллаб, танловнинг якуний босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Сирдарё. Бугунги кунда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам бу борадаги ислоҳотлар самарасини таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Партия сафидаги хотин-қизларнинг билими ва салоҳиятини оширишда, уларга ўз иқтидори, лидерлик қобилиятини кенг жамоатчиликка намоён қилишида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови ўзига хос ўрин тутади.
Гулистон шаҳрида мазкур кўрик-танловнинг Сирдарё вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танловнинг “Адолат — менинг нигоҳимда” деб номланган шарти бўйича иштирокчиларнинг чиқишларида электорат манфаатларини ҳимоя қилишга доир аниқ таклифлар ўз ифодасини топди. Хусусан, жойларда патронаж хизмати ходимларини ўйлантираётган айрим муаммолар ва уларнинг ечими, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада партия ғоялари тарғиботини кучайтиришга доир фикр-мулоҳазалар барчанинг диққатини жалб этди.
Фаол адолатчи аёлларнинг лидерлик қобилияти, сиёсий билимдонлиги, ташаббускорлиги беллашув давомида яққол намоён бўлди. Сўнгги шарт бўйича қатнашчиларнинг эркин мавзудаги бадиий чиқишлари томошабинларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Якуний натижаларга кўра Гулистон шаҳар 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Сурайё Усмонова 1-даражали диплом билан тақдирланди. Ховос бирлашган тармоқ шифохонаси поликлиника бўлими ҳамшираси Азиза Назарова, Оқ олтин туманидаги “Баркамол авлод” болалар маркази кутубхоначиси Гулмира Намозова 2-, 3-ўринларга лойиқ топилди.
Навоий. “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танлови Навоий вилоятида ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Тадбирда эътироф этилганидек, партия аъзолари орасида энг фаол, ижтимоий-сиёсий билимларни, миллий қадриятларимизни яхши ўзлаштирган, жамоа ва оилада намуна бўлаётган ташаббускор аёлларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда уларнинг тажрибасини тизимда оммалаштириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу танлов кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Беллашувнинг шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар партиявий ишларда илғор тажрибалари, ташаббускорлиги, амалга оширган лойиҳалари, сиёсий билимдонлигини намойиш этиб, “Адолат” партияси мавқеини ошириш, электорат манфаатларини рўёбга чиқариш юзасидан бир қатор таклифларни илгари сурдилар.
Танлов натижаларига кўра 1-ўрин Навоий шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ўралбуви Нормуродовага насиб этди, Конимех туманидаги иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчиси Нилуфар Долмуродова, Навбаҳор тумани 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Элмира Бобонорова 2-, 3-ўринларга муносиб топилди.
Танловнинг ҳудудий босқичи ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Н.Абдуллаев, А. Оразимбетова,
М.Бобоназарова, С.Шамсиева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Урганчтрансгаз” шўъба корхонасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан учрашув бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бирдан-бир муҳим асоси бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдир....
01 янв 1970
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида Тошкент вилоятида қурилиб, фойдаланишга топширилган кутубхоналар сони яна битт...
01 янв 1970
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. ...