Президент мактаблари — таълимда янги босқич

/
“Олимлар ва илғор фикрли кишилар дунёдаги гўзалликларни юзага чиқариш учун ғайрат қиладилар, яхши одатларни янгидан кашф этишга ўзларини бағишлайдилар. Ақл ва фикрлаш қобилиятига эга бўлганларга маълумдирки, илм бу дунёда яхши ном қолдириш ва абадий ҳаётга эришиш йўли демакдир. Барча даврларда давлатни оёқда тутиб турган нарса билим эди ва у дунёнинг ҳамма томонидан изланарди. Яшаш гўзал, ёқимли экан, замона тинч ва хотиржам экан, ёшлик шижоати қалбингда алангаланиб тураркан, илм ўрган!” Улуғ муаррих Оловуддин Отамалик Жувайний бундан 760 йил илгари “Жаҳон фатҳи тарихи” асарида ана шундай деб ёзган эди. Тарихчи алломанинг бу фикрлари барча даврлар учун хос эканлигини бугунги ижтимоий ҳаётимиз ҳам яққол намоён қилмоқда. Илм-фаннинг тараққиёти эса ёшларга мукаммал таълим бериш орқали, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш орқали юзага келади.
Шу сабабли ҳам кейинги икки йилдан ортиқ вақт ичида республикамизда умумий ўрта таълим тизимини юксалтириш, унинг тараққиётини янги босқичга кўтариш учун жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Энг аввало, мактаблар тўлиқсиз ўрта таълимдан тўлиқ ўрта таълимга ўтказилди. Янги умумий ўрта таълим мактаблари қурилди, эскилари таъмирдан чиқарилди. Касб-ҳунар коллежларининг биноларидан айримлари мактабларга берилди. Айни пайтда мактаблар ўқитувчилари ва мураббийларининг ойлик маошлари оширилди. Уларнинг олий ўқув юртларида, малака ошириш курсларида таълим олишлари учун янги имкониятлар яратилди. Буларнинг ҳаммаси умумий ўрта таълим тизими фааолиятини яхшилашга ҳисса қўшди.
Маълумки, умумий ўрта таълим тизимини яхшилашдан кўзда тутилган асосий мақсад, юқорида келтириб ўтилган ўзгаришлардан ташқари, мактабларда ўқувчиларнинг илмга қизиқишини ошириш, ёшларнинг билим олишлари учун барча имкониятларни яратиб бериш, таълим сифатини кучайтириш, ҳар бир ёшнинг ўз илмий қобилиятини намоён этишига шароит яратиб беришдан иборат. Афсуски, бу жараён кўп йиллар давомида эътибордан четда қолиб келганди. Эндиликда ана шу масалаларга ҳам давлатимиз томонидан эътибор берила бошланди. Мамлакатимизда адабиёт ва бадиий ижод йўналишидаги Ибройим Юсупов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номидаги мактаблар ташкил этилганлиги бу борада бошланган янгиланишларнинг бир узви бўлди.
Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умутаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари асосида яна иккита ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси фаолият бошлади. Айни пайтда, умумий ўрта таълим тизимида нодавлат таълим муассасалари ҳам пайдо бўлмоқда. Урганч шаҳрида бошланғич синфларга ментал арифметикани ўргатишга ихтисослаштирилган “Ниҳол” инновацион мактабининг иш бошлаши бу тизимдаги яна бир янгиликка айланди. Бу мактабларнинг бошқа умумтаълим мактабларидан фарқи шундаки, уларда маълум фанлар ихтисослаштирилган ҳолда чуқур ўқитилади. Ушбу мактабларга ёшлар иқтидори ва қобилиятларига қараб танлаб олинади. Улардаги синфларда ўқувчилар сони 15-20 тадан ошмайди. Ихтисослаштирилган фанлар мукаммал ўргатилади. Ўқитиш ишлари ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан уйғунликда олиб борилади. Буларнинг ҳаммаси келажакда ушбу мактаблардан юртимиз учун ўз соҳаларининг етук мутахассислари, илм-фанни юксалтиришга ҳисса қўшадиган иқтидорли ёшлар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти ёш истеъдодларни аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим тизимини яратиш бўйича бошланган ишлар изчиллик билан давом эттирилишини талаб қилади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари мамлакатимизда умумий таълим тизимини яхшилаш борасидаги яна бир янгиликка қўл урди. “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорда асосий мақсад қилиб иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш вазифалари белгиланган. Хўш, бу вазифалар қандай амалга оширилади?
Қарорга кўра ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари мамлакатимизнинг барча вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида барпо этилади. Президент мактаблари Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида шу йилнинг 20 августига қадар, республиканинг бошқа ҳудудларида эса 2020 ва 2021 йилнинг 20 августига қадар қурилиб битказилиши ва ишга туширилиши режалаштирилган. Бу мактабларнинг ҳар бирига биринчи ўқув йилида 5-10-синфлар учун 144 та ўқувчи қабул қилинади. Кейинги йиллардан бошлаб эса ҳар бир мактабнинг фақат 5-синфига 24 та бола Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар асосида танлаб олинади. Улар икки синфга бўлинган ҳолда ўқитилади. Умуман, Президент мактабларидаги ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 12 тадан ошмайди. Ўқувчиларнинг ҳаммаси бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланиши кўзда тутилган.
Президент мактабларида ўқитиш жараёни sciense — табиий фанлар, tehnology — технологиялар, engineering — техник ижодкорлик, art — cанъат, matehematics — математика соҳаларини чуқур ихтисослашган ҳолда ўқитишга асосланган халқаро “STEAM — таълим” дастури асосида олиб борилади. Бу мактабларда ўқитишнинг асоси қилиб бир неча йўналишлар белгиланган. Аввало, иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб беришга эътибор қаратилган. Ёшларнинг табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганишини таъминлаш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришини ташкил этиш, уларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, айни пайтда, ёшларни танқидий фикрлашга, ахборот излаш, уни таҳлил қилиш, қайта ишлаш, билимларини амалиётда қўллаш масалалари устувор вазифалар қилиб қўйилган. Шунингдек, ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштироки таъминланади. Бу мактабларнинг ўз йўналишлари бўйича миллий ҳамда хорижий умумий ўрта ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлари амалга оширилади.
Бу мактабларда ўқувчиларни ўқитиш ва улар билимини баҳолашнинг замонавий услублари яратилади ва кейинчалик ушбу янги тажриба республика халқ таълими тизимига жорий этилиши кўзда тутилган. Президент мактабларида ўқиш инглиз тилида олиб борилади ва уларнинг битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат билан бир қаторда хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида қатнашиш имконини берувчи халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи ҳам берилади. Бу мактабларда мамлакатимиздаги етук олимлар, ўқитувчилар билан биргаликда хорижлик мутахассисларнинг ҳам фаолият юритишлари учун имкониятлар яратилади.
Юқоридагилардан англашилиб турибдики, Президент мактабларининг ташкил этилиши таълим тизимида юксалишнинг янги босқичини бошлаб беради. Бундай таълим муассасаларида таълим олган ёшлар ишлаб чиқаришда ва илм-фанда етакчилик қилишлари, мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшишлари шубҳасиз. Зеро, бир синфда 12 та ўқувчининг ўқитилиши ўқитувчилар учун ҳам енгиллик туғдиради, ўқувчилар учун ҳам барча фанларни тўла ўзлаштиришга имкон беради. Уларнинг халқаро таълим дастурлари асосида билим олиши инновацион янгиликлар яратиши учун йўл очади. Мактабларнинг халқаро алоқалари юртимизнинг иқтидорли ёшларини дунёга танитади. Буларнинг барчаси халқ таълими соҳасини ривожлантириш ҳамма вақт давлат сиёсатининг ажралмас қисми бўлиши кераклигини кўрсатади.
Табиийки, соҳани ривожлантиришга келгусида эътибор янада кучайтирилади. Сабаби маълум, чунки соҳада ҳали ҳал қилинмаган ишлар кўп. Шунинг учун Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиздаги умумий таълим тизимининг аҳволи ҳақида бундай деганди: “Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорида фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади... Умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш, фарзандларимиз ҳар томонлама камол топиши учун барча шароитларни яратиш лозим”.
Келинг, шу ўринда республикамиз умумтаълим мактаблари учун муаммо туғдираётган масалалардан бирига эътибор қаратайлик. Маълумки, мамлакатимизнинг аксарият мактабларидаги синфларда ўқитилаётган болалар сони 30-35 тадан кам эмаслиги аниқ. Айтайлик, ана шу ўқувчилардан 10 таси юксак иқтидор эгаси сифатида аъло баҳоларга ўқийди. 15 таси ўртамиёна даражадаги билимга эга. Қолган ўнтаси эса ўқишни истамайди, мактабга ўрта маълумот ҳақидаги ҳужжатга эга бўлиш учун келиб-кетади. Хўш, ана шундай ҳолатда юксак иқтидор эгаси бўлган ўқитувчи болаларга таълим беришда қандай йўл тутади? У бундай ҳолатда, табиийки, ўз кучини ўнта юксак иқтидор эгасини тарбиялашга ёки 15 та ўқувчининг билимини оширишга эмас, 10 та ўқишни истамайдиган болани саводхон қилишга интилади. Чунки ундан таълим мутасаддилари ҳам, юқори орган назоратчилари ҳам шуни талаб қилади. Бошқача айтганда, у юксак педагогик қудратини иқтидорли болаларга эмас, қобилиятсиз болаларга сарфлайди. Натижада иқтидорли ўқувчиларда мактаб таълим тизимидан қаноатланмаслик ҳолатлари юзага келади.
Шундай экан, бугун умумтаълим мактабларидаги 30-35 та ўқувчини бағрига олган синфлардаги ўқиш жараёни билан махсус ихтисослашган, бадиий ижод, инновация мактабларидаги кам сонли, айни пайтда, иқтидорли ёшлардан иборат синфлардаги ўқиш жараёнларини эътиборга олсангиз, таълим сифатидаги жуда катта фарқни англаб етасиз. Ана шунда мамлакатимизда таълим сифати юксак даражада амалга ошириладиган, бир синфда 12 та ўқувчи ўқийдиган Президент мактабларининг ташкил этилаётганидан дилда ифтихор уйғонади. Бундай ихтисослашган мактаблар келгусида янада кўпайиши керак. Бу эса юртимиз келажаги учун хизмат қиладиган иқтидорли, қобилиятли, илм-фанга меҳр қўйган ёшларнинг янада кўпайишига замин яратади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. ...
01 янв 1970
Балки кимдир: “Тўй ёки маъракани қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўз иши. Қийналса, ўзи қийналади, ўзига жабр, бизга нима?” дейиши мумкин.&nb...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Қаҳрамонимиз эллик бирнинг устида. Шу кунгача турли сабабларга кўра ўлимни кўп кўрди....