Ҳар биримиз — тадбиркормиз, ҳар биримиз — бахтиёрмиз дейишмоқда сирдарёлик ишбилармонлар

/
Тадбиркорлик бугун ёки кеча пайдо бўлган соҳа эмас. Унинг шаклланиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бироқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бу фазилат қулай ишбилармонлик муҳити туфайли юзага чиқа бошлади. Чунки ҳар қандай истиқболли ғоя бизнес лойиҳага айланиб, амалиётга кўчиши учун, аввало, зарур шарт-шароит, етарлича маблағ талаб этилади. Юртимизда кейинги йилларда тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантиришда тижорат банкларининг ролини оширишга жиддий аҳамият қаратилаётганининг асл сабаби ҳам шунда.
Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори, шубҳасиз, ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Зеро, мазкур ҳужжатда белгилаб берилган аниқ вазифалар сирдарёлик тадбиркор ва ишбилармонлар учун асқотмоқда.
Айни пайтда республикамизда қуёнларнинг “оқ великан”, “кулранг великан”, “Россия мордери”, “шиншила”, “капалаксимон”, “олмахонсимон”, “кумушсимон”, “қора қўнғир”, “Вена зангори” ва бошқа шу каби зотлари боқилмоқда. Қуёнларни кўпайтириш ва ўстириш уларни тўғри озиқлантиришга боғлиқ. Дарҳақиқат, гўшти ва терисининг харидорбоплиги, етиштириш шароитининг осонлиги ва катта харажат талаб этмаслиги кўпгина ҳамюртларимизни бефарқ қолдирмаяпти. Борган сари қуёнчилик истиқболли тармоққа, эл орасида сердаромад соҳага айланмоқда. Айниқса, қуён гўштининг парҳезбоп экани, қўй, эчки, қорамол гўштларига нисбатан анча енгил ҳазм бўлиши аҳолимизнинг унга бўлган талабини тобора оширмоқда. Тиббиёт ҳам ёш болалар, кексалар ва юрак-қон томир, жигар, ошқозон хасталиклари билан оғриган беморларга кўпроқ қуён гўштидан истеъмол қилишни тавсия этади.
Юртимизда ушбу илмнинг пухта билимдонига айланган, соҳанинг барча сир-синоатларидан бохабар тадбиркорларимиз, шукрки, бисёр. Улардан бири 2016 йилнинг баҳорида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 350 миллон сўм банк кредити эвазига ўз фаолиятини бошлаган “Сирдарё момиқ қуёнлари” фермер хўжалиги раҳбари Равшанбек Бозорбоевдир. Тадбиркор қўл остидаги мазкур фермер хўжалиги бугун ҳам эл дастурхони, ҳам юрт саноати учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Фермер хўжалик ташкил этилган кезлари Равшан ака Италия давлатидан 110 бош наслли қуён харид қилиб, ўтган йиллар мобайнида уларни кўпайтирди. Қарангки, бугунга келиб, уларнинг сони 6500 тага етди ва улар вилоятдаги тадбиркорларга етказиб берилмоқда. Тадбиркоримиз жорий йилда фаолиятини янада кенгайтириш ниятида.
— 2019 йилда 10 минг бошга мўлжалланган қуёнхона қуриб, қуёнлар сонини 10 мингтага етказиш ва яна 21 та янги иш ўрни яратиш ниятим бор, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Равшанбек Бозорбоев. — Қиймати 1 миллиард 650 миллион сўмлик йирик лойиҳамизни амалга ошириш учун “Микрокредитбанк” АТБнинг Сирдарё вилоят филиалидан 60 ой муддатга 820 миллион сўм миқдорида кредит маблағи олдим. Ушбу маблағлар эвазига ўтган йили Россия давлатининг “Олянск Инжинеринг” компанияси билан қуёнларни сўйиш, қадоқлаш технологиясини олиб келиш бўйича шартнома туздим. Жорий йилнинг июль ойига қадар мазкур лойиҳани амалга ошириш ҳаракатидамиз. Ўшанда хўжалигимизда суткасига 1500 бош қуённи сўйиш қувватига эга бўлинади ва аминманки, бу саъй-ҳаракатларимиз туфайли бозорларимиз, савдо расталаримиз парҳезбоп ва шифобахш гўшт маҳсулотлари билан тўлиб-тошади.
Тадбиркоримизнинг айтишига қараганда, жониворлар боқувга инжиқ эмас. Бироқ алоҳида парваришга муҳтож. Масалан, уларнинг битлаб ё каналаб кетмаслиги, совуқда шамоллаб қолмаслиги ва турли касалликларга чалинмаслиги учун соҳанинг ўзига яраша сир-синоатларидан бохабар бўлиш керак.
Ўзини тадбиркорлик илмида синаб кўраётган ҳамюртларимиздан яна бири боёвутлик Жамшид Абдураҳмонов ҳам нафақат Сирдарё вилояти, балки бутун мамлакат иқтисодий тараққиёти учун астойдил бел боғлаган. 2018 йилдан бери қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланиб келаётган бу тадбиркоримиз ҳам “Микрокредитбанк” АТБнинг Сирдарё вилояти Боёвут филиалидан савдо-сотиқ фаолиятини ривожлантириш мақсадида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун 250 миллион сўм кредит маблағи олди. Банк тадбиркорга 3 йил муддатга йиллик 24 фоиз устама ҳақи билан кредит ажратди. Жамшид ака ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлаш, қолаверса, оиласини даромадли, халқи турмушини фаровон этиш учун тиним билмай хизмат қилиб келмоқда.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Тадбиркор бола-чақасидан қийиб, тўплаган мол-мулки, пулини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни фоизи билан ўзи тўлайди. Шунга қарамай таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имкониятини, маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўзини, оиласини, балки эл-юртини ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор — бу ҳақиқий фидойи инсон. Зеро, ҳаётий бир ҳақиқат ҳам доим ёдимизда турсин — “Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади.” Ушбу сўзларнинг исботи давлатимиз раҳбарининг 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи пайтида яна бир бор яққол исботини топди. Президентимиз Сирдарё иқтисодий ривожланиш, маънавий юксалиш манзили сифатида бутун мамлакатга намуна бўлади, деб ишонч билдирди.
Шу ўринда “Ажойиб хаёлпараст” филмидаги бош қаҳрамони эсимизга тушади. Тўғри, ўз замонасида Ҳасан ака кабилар йўлини тополмай, бизнеси юришмай, орзулари армонлигича қолиб кетгандир, бироқ бизнинг замонда бундай бўлмайди. Сабаби юқоридаги қаҳрамонларимизнинг иш фаолиятининг ўзиёқ исбот талаб қилмас аксиомадир. Уларни кўриб, тадбиркорнинг ҳам куни туғадиган замонлар келар экан-да, дегинг келади.
А.СОДИҚОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2014 йилда 100 нафар ходим билан иш бошлаган корхонада ҳозирги кунга келиб, 200 нафар киши фаолият кўрсатмоқда....
01 янв 1970
Ёшлар бандлигини таъминлашда ташаббускорларни қўллаб-қувватлашнинг ҳаётий аҳамияти бор....
01 янв 1970
Самарқанд вилоятидаги “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки “Голд Азим инвест” корхонаси учун навбатдаги салмоқли кредит ма...
01 янв 1970
Лойиҳа доирасида инновацион фаолият билан бевосита алоқадор олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган....