Партиянинг ислоҳотчилик роли унинг сайловчилар ўртасидаги мавқеи билан белгиланади

/
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленумида партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпуси томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, жорий йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Партия Сиёсий Кенгашининг мазкур йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу анжуманларда 2018 йилги фаолият якунлари ҳамда 2019 йилда ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатлар олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилмоқда.
Тошкент шаҳар партия кенгашининг навбатдаги пленумида жойларда ечимини кутаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда партия лойиҳалари доирасида ўтказилаётган очиқ мулоқотлар муҳим ўрин тутганига эътибор қаратилди. Буни шаҳардаги 405 та маҳаллада, хонадонларда партия фаоллари фуқаролар билан учрашиб, 47 та ижтимоий объектларда ўрганишлар олиб борилганида ҳам кўриш мумкин. Мулоқотлар давомида фуқаролардан 440 та мурожаат келиб тушди, улар асосида масъул ташкилотларга 154 та депутатлик сўровлари чиқарилди. Шундан 116 та депутатлик сўровида келтирилган масалалар ҳал этилди, қолганлари юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.
Шунга қарамай, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси ижросини таъминлашда Бектемир, Яшнобод, Юнусобод туманларида партия ходимлари ва депутатлар сусткашликка йўл қўйишди.
Пленумда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибоев маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатларининг ўтган йилги фаолиятига тўхталиб ўтди. Жумладан, 2018 йилда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия депутатлари томонидан жами 82 та депутатлик сўровлари чиқарилган бўлиб, уларнинг аксарияти бўйича ижобий натижаларга эришилган. Шунингдек сафдошларимиз ташаббуси билан сессияда 16 та, маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларида 22 та масалалар муҳокама этилди. Пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан бир қатор долзарб муаммоларга ечим топиш мақсадида сессияларга 28 та масала киритилди. Шунингдек, партия депутатлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларида мансабдор шахсларнинг эшитуви ташкил этилганлиги ҳам тегишли тармоқда мавжуд муаммоларни улар олдига қўйиш, аниқ таклифларни ўртага ташлаб, чора-тадбирлар белгиланишида ижобий аҳамият касб этди.
Пленумда партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров иштирок этди.
Андижон. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда партия фаоллари ва депутатларнинг иштирокини кучайтиришга бўлган эътибор барчамизни ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаш, бугунги кун талаби даражасида ишлашга ундамоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида ҳам шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Мажлисда вилоят партия кенгаши ва унинг таркибидаги партия ташкилотлари, депутатлик корпусларининг 2018 йилги фаолияти атрофлича кўриб чиқилиб, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий баҳоланди. Ўз навбатида, жорий йилда фаолиятнинг асосий йўналишлари ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Вилоят партия кенгаши раиси Мадаминжон Мўминов қайд этганидек, Сайловолди дастуримиз ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар андижонлик “адолатчилар” фаолиятида асосий ўрин эгаллади. Ўзбекистон “Адолат” СДП лойиҳалари доирасида ўтказилган тадбирлар натижасида партиямизга бўлган ишонч янада ортди.
Жумладан, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида 640 дан ортиқ маҳаллалардаги 12136 хонадонга кириб борилди. Мулоқотлар чоғида фуқаролардан 1577 та мурожаат келиб тушди. Шу асосда 83 та ташкилотга депутатлик сўрови киритилди.
Пленум иштирокчилари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини таҳлил қилиб, танқидий фикр билдирдилар. Жумладан, сафдошларимиз ташаббуси билан халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши муҳокамасига бир неча масалалар киритилган бир вақтда аксарият туманлар маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари бу борада сусткашликка йўл қўйганини қандай баҳолаш мумкин? Ваҳоланки, туманларда фуқароларнинг манфаатлари рўёбга чиқишига халақит бераётган, ечимини кутаётган масалалар талайгина.
Иштирокчиларнинг фикрича, жорий йилда сайловлар ўтказилиши, шу муносабат билан ҳозир фаолият юритаётган партия депутатларининг ваколат муддати тугашига оз қолганини назардан четда қолдириб бўлмайди.
Наманган. Вилоят партия ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш учун нима ишлар қилиш керак? Депутатлар олиб бораётган ишлар талаб даражасидами? Бу йилги сайловларга қандай тайёргарлик кўрилмоқда? Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми иштирокчилари ана шу каби саволларга жавоб изладилар.
Вилоят партия кенгаши раиси Исроил Жўраев шаҳар ва туман партия кенгашларининг фаолияти танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқилганда аниқланган факт ва рақамлар жиддий мулоҳазага ундашини қайд этди. Масалан, партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишларни кўриб чиқайлик.
— 2018 йил давомида ишчи гуруҳларимиз томонидан вилоят бўйича жами 770 та маҳаллада 456 марта аҳоли билан мулоқотлар ўтказилди, шу жараёнда фуқаролардан 978 та мурожаат келиб тушди, — деди И.Жўраев. — Улар асосида тегишли ташкилотларга жами 103 та депутатлик сўровлари юборилди.
Албатта, бу умумий манзара. Муайян ҳудудларга келсак, ушбу лойиҳа доирасидаги ишлар Янгиқўрғон, Учқўрғон, Норин туманларида кўнгилдагидай ташкил этилмагани кўзга ташланади.
“Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда ҳам шундай камчиликларга йўл қўйилган. Ушбу масала жойларда пухта ўрганилмаганини биронта туман ёки шаҳарда маҳаллий Кенгаш сессиясига масала киритилмаганлиги ҳам кўрсатиб турибди.
Ўтган йил мобайнида вилоят бўйича етти мингдан ортиқ киши сафимизга қўшилди. Эндиликда аъзолар сони 24 минг нафарга яқинлашди. Янги тузилган 24 та БПТ иш бошлади. Бунга Наманган шаҳар, Мингбулоқ ва Косонсой туманлари партия кенгашлари салмоқли улуш қўшдилар. Чуст, Янгиқўрғон ва Норин туманларида эса мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмади.
Анжуманда сайловлар йилида бу каби муаммо ва камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан фикр алмашилиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов қатнашди ва сўзга чиқди.
Хоразм. Жорий йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, депутатлари, шаҳар, туман ҳамда бошланғич партия ташкилотлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда вилоят, шаҳар ва туман партия кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиниб, 2019 йилга мўлжалланган устувор мақсад-вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, 2018 йилда партия Сайловолди дастурига мувофиқ олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлашда электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқотлар асосида иш кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Партия лойиҳалари доирасида қуйи ташкилотларда тузилган ишчи гуруҳлар жойларда бир қатор ўрганишлар олиб борди. Ўрганишлар натижаларига кўра, партия депутатлари ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида 13 та, тегишли доимий комиссияларда 13 та масала муҳокама этилиб, улар юзасидан қабул қилинган қарорлар амалиётга йўналтирилди.
Шу билан бирга, пленумда ҳисобот даврида йўл қўйилган камчиликлар хусусида сўз юритилди. Жумладан, партиянинг айрим бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини оширишда, сессияларга масалалар киритишда сусткашликка йўл қўяётган Гурлан, Ҳазорасп, Қўшкўпир ва Урганч туман партия кенгашлари ва депутатлар фаолияти танқид қилинди.
Урганч шаҳар партия кенгаши раиси Рустам Болтаевнинг таъкидлашича, сиёсий куч фаолиятида бирор депутатнинг масъулиятсизлиги тезда ўз салбий таъсирини кўрсатади. Шу маънода айрим депутатлар ўзи юборган депутатлик сўровлари устидан етарлича назорат ўрнатмаганлиги кузатилмоқда. Ҳисобот даврида партия депутатлари мансабдор шахсларнинг эшитувини ташкил этишда лозим даражада ташаббус кўрсата олмаганлиги аён бўлмоқда.
— Қайси бир тармоқда ишлаётган мансабдор шахснинг эшитувини ташкил қилиш, аввало, ҳудудда шу тизим фаолиятини ўрганишни, мавжуд муаммоларни аниқлаб, таклифлар тайёрлашни тақозо этади, — деди Р.Болтаев. — Акс ҳолда, ўтказилган эшитув аҳоли манфаатлари, тармоқ тараққиёти учун бирор фойда бериши даргумон.
Хўжалик ва давлат бошқаруви органларининг раҳбар ходимлари билан ҳамкорликда ишлаш депутатлардан у ёки бу тармоқда ечимини кутаётган муаммоларни чуқур билиш ва таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ташаббускорликни талаб этади.
Навоий. Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида таъкидланганидек, 2018 йилда жойларда ўтказилган очиқ мулоқотлар чоғида 1982 та мурожаат келиб тушди, шулар асосида мутасадди ташкилотларга юборилган 392 та депутатлик сўровининг 142 таси ижобий ҳал этилди. Бир қатор масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди. Шу билан бирга, вилоят партия кенгашининг “Адолат қабулхонаси” ишида депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш анжуман иштирокчиларининг диққат-эътиборида бўлди.
Ҳисобот даврида партия дастурий вазифалари ижросини таъминлаш ва сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш мақсадида депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий Кенгашлар сессияларига 35 та, шу жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига 4 та масала киритилиб, қабул қилинган қарорлар амалиётга йўналтирилди. Муҳими, бир қатор муаммолар ҳал этилишига эришилди.
Аммо мазкур қарорлар ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатишда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги танқид қилинди.
Пленумда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ижросида вилоят партия кенгашининг иштироки масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилиб, шу мақсадда партиянинг вилоятдаги барча тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч ва имкониятларини сафарбар қилиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Фарҳод Эшонқулов иштирок этди.
Қашқадарё. 2018 йил давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши томонидан муайян ишлар қилинди, партия сафлари кенгайиб, БПТлар сони ортди. Бу эса сайловлар йилида ижобий натижа бериши тизимда партиявий ишларни талаб даражасида ташкил этишга боғлиқлиги вилоят партия кенгашининг навбатдаги пленумида қайд этилди. Анжуманда партия депутатлик гуруҳлари фаолиятига танқидий ёндашилди. Таъкидланишича, ҳисобот даврида ҳудудда партия депутатлик гуруҳлари томонидан мутасадди идораларга 242 та депутатлик сўровлари юборилиб, сафдошларимиз ташаббуси билан туман, шаҳар маҳаллий Кенгашлари сессияларида мансабдор шахсларнинг 11 маротаба ҳисоботи эшитилган, сессияларга 13 та, доимий комиссиялар мажлисларига 7 та масала киритилган. Бошқа туманлар билан бир хил шароитда фаолият олиб бораётган Деҳқонобод, Қарши, Миришкор, Нишон, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида партия депутатлик гуруҳлари томонидан йил давомида сессияларга бирорта ҳам масала киритилмаган.
Шу билан бирга, партия ташкилотлари хотин-қизлар ва ёшлар билан иш олиб боришда янада фаолроқ бўлиши лозимлигига эътибор қаратилди.
Самарқанд. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Қайд этилганидек, 2018 йилда партиямизнинг бир қатор лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш борасида муайян натижаларга эришилди.
— Партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги ишчи гуруҳларимиз 502 та МФЙга ташриф буюриб, 6769 та хонадон ва 422 та хўжалик юритувчи субъектнинг иш ва турмуш шароитидан хабардор бўлишди, — деди вилоят партия кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова. — Мулоқотлар чоғида аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари киритилиб, 500 дан ортиқ масала ўз ижобий ечимини топди. Фуқароларнинг 300 дан ортиқ мурожаатлари масъул ташкилотларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди, 250 га яқин мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
“Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида мазкур таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий ўқитиш дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши ҳолатлари юзасидан вилоятдаги мавжуд МТМлардан 154 тасида ўрганишлар олиб борилди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессияларига 6 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига 2 та, туман, шаҳар маҳаллий Кенгашлари сессияларига эса 24 та долзарб масалалар киритилди.
Аммо 2018 йил давомида Самарқанд тумани, Каттақўрғон шаҳрида иш олиб бораётган депутатлик гуруҳларимиз фаолиятида ташаббускорлик, ҳозиржавоблик етишмади. Улар томонидан йил давомида маҳаллий Кенгашлар сессиялари ва доимий комиссияларига бирорта масала ёки таклиф киритилмаганлигини қандай баҳолаш мумкин? Шунинг баробарида туман ва шаҳар кенгашларининг тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахслар ҳисоботини эшитиш ёки депутатлик сўровлари чиқаришдаги фаолияти қониқарли эмаслиги анжуманда танқид қилинди.
Музокараларда сўзга чиққан партия фаолларидан Тўрахон Ҳошимов, Зарифа Баҳриева, депутатлар Абдуҳамид Тўхтаров, Нарзулло Раҳимов ва бошқалар электорат билан амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, партия ғояларини амалиётга кенг тарғиб этиш, хусусан, Булунғур туманида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш мақсадида шамол тегирмонларини ишга тушириш борасида фикр-мулоҳаза билдиришди. Йиғилишда сайловлар йилида вилоят партия кенгаши олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилиб, партиянинг сайловчилар ўртасида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиши учун қилиниши зарур бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Яна бир қатор ҳудудларда партия кенгашларининг пленумлари давом этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашлари
матбуот хизматларининг хабарлари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳар бир партия ходими ва депутат олдида турган муҳим вазифадир....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари депутатлик сўрови киритиш орқали мавжуд ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари, қуйи ташкилотлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб ке...
01 янв 1970
Мамлакатимизда аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратилиб, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда....