Халқчил ғоялар ифодаси

/
Бухоро шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда партия вилоят, туман ва шаҳар кенгаши ходимлари, депутатлар, фаоллар ҳамда туман ва шаҳарда ғолибликни қўлга киритган ташаббускор аёллар иштирок этишди.
Хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, аёлларни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловда фаол аёллар сиёсий билими, ташаббускорлиги, лидерлик қобилиятини намоён этишди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур танловнинг ҳудуддаги шаҳар ва туманлар босқичи ғолиблари белгиланган шартлар бўйича беллашди.
Хусусан, “Адолат — менинг нигоҳимда” шарти доирасида Когон ва Бухоро туманлари қатнашчилари ўз ҳудуди мисолида фикр юритиб, партия ғояларининг халқчиллигини ифодалаган бўлса, қоракўллик иштирокчи бу ғояларни иш фаолияти жараёнига татбиқ этишнинг аҳамиятига тўхталди. Жондор туманилик сафдошимиз сиёсий партиянинг аёллар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолияти қандай натижалар бериши ҳақида мулоҳаза ва таклифларини баён этди.
Танлов қатнашчиларининг сиёсий-ҳуқуқий билимлари сиёсий партиялар фаолиятига доир миллий қонунчиликдан қай даражада хабардорлиги, тушунчалари, нотиқлик қобилияти “сиёсий билимдонлик” шарти доирасида аён бўлди. Уларнинг саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб беришга интилганлиги, эркин фикрлаши эътиборга молик.
Учинчи шарт юзасидан бир иштирокчи партиямиз лойиҳалари доирасида қилган амалий ишлари билан чиқиш қилса, яна бири оилада баркамол авлод тарбиясида ота-онанинг ўрнини саҳна кўриниши мисолида ифодалади.
Якуний натижаларга кўра, Вобкент туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Меҳринисо Муҳаммадиева 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Қоровулбозор туман архив бўлими раҳбари Насиба Исмоилова, Бухоро енгил саноат ва педагогика касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Ойгул Халлоқова 2-, 3-ўринларга сазовор бўлишди.
— Танлов ўз устимда ишлаш, билим ва дунёқарашимни бойитишда кўмак берди, — дейди Меҳринисо Муҳаммадиева. — Шу билан бирга, иш фаолиятимга ҳам ижобий таъсир қилмоқда. Ёшлар билан ишлаш, уларни жамиятда фаол бўлишга, ўз билимларини мустаҳкамлашга ундаш ҳам лидерлик қобилияти ва маҳорат талаб қиладиган жараён саналади.
Танлов ғолибларига диплом берилди, иштирокчилар бир қатор номинациялар бўйича ҳам тақдирланди ва уларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда аҳолининг сиёсий билими ва саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий таълим-тарбияга эътибор қаратиш долзарб вазифага айланган....
01 янв 1970
Партиянинг сиёсий майдонда муносиб ўрин эгаллаши ва кенг омма ўртасида нуфузи ошишида маҳаллий Кенгаш депутатларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб ...
01 янв 1970
Бўш ётган майдон ва иншоотлар инвентаризациядан ўтказилиб, халққа наф келтиришга аҳд қилган тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга берилмоқда....
01 янв 1970
Юртимиз фарзандларининг соғлом ўсиши бир қатор омилларга боғлиқ. Хусусан, бу борада уларнинг соғлиғини назорат қилиш, ўз вақтида ўтказилган тиббий ...