Миграция мезони ва урбанизация

/
Бугунги кунда инсоният тараққиёти глобал саноатлашиш, индустриал марказлари ҳамда шаҳарларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ кечмоқда. Индустриализация, ўз навбатида, инсон хўжалик фаолиятининг барча соҳаларини қамраб олиб, ишчи кучига бўлган эҳтиёжнинг ўсишига сабаб бўлмоқда. Ишчи кадрларга бўлган эҳтиёж нафақат шаҳар аҳолиси ҳисобига, балки қишлоқ аҳолисининг миграцияси ҳисобига ҳам қондирилмоқда, бу эса шаҳар аҳолиси улушининг ошиб боришига таъсир ўтказади. Иқтисодиётнинг ўсиб, ривожланиб бориши билан шаҳарларнинг саноат марказлари сифатидаги роли ҳам ошиб, унда табиий урбанизация жараёнлари кечмоқда.
Мамлакатда урбанизация даражасининг ҳолати тўғрисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Бугунги кунда мамлакатимизнинг урбанизация даражаси 35,5 фоизни ташкил этади ва ҳозирдан бошлаб зарур чоралар кўрилмаса, ушбу кўрсаткич яқин келажакда пасайиши мумкин.
... Бу борада фақат пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарларни эмас, аввало, ҳудудларда жойлашган шаҳар ва посёлкаларни комплекс ривожлантириш эътибор марказида туриши керак. Қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш дастурларидан босқичма-босқич шаҳар ва посёлкаларда кўп қаватли уйлар қуришга ўтишимиз лозим”, деб таъкидлади.
Урбанизация (лотинча urbanus — шаҳарлик маъносини билдиради) жамият ривожида шаҳарлар, шаҳар маданияти ва шаҳарларга хос бошқа муносабатларнинг ривожланиш жараёни ҳисобланади. Урбанизация қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарларга айланиши, шаҳар атрофи зоналарининг кенгайиши ва қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиб бориши ҳисобига юз беради. Урбанизациянинг ўзига хос жиҳати давлат томонидан тартибга солиб борилади. Урбанизациянинг қай даражада ижобий ёки салбий аҳамиятга эга бўлиши унинг давлат томонидан тартибга солиниши ёки солинмаслиги билан боғлиқ.
Содда қилиб айтганда, агар урбанизация жараёнлари етарлича тартибга солинмаса, шаҳарлар аҳолисининг сони ва у ерда мавжуд инфратузилма, уй-жой, иш ўринлари сони ўртасида катта тафовут пайдо бўлади. Бу эса шаҳарнинг умумий қиёфасини аянчли аҳволга олиб келиши билан бир қаторда кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, масалан, ишсизлик, нарх-навонинг ортиши, уй-жой танқислиги, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг етишмаслиги каби ҳолатларни келтириб чиқаради.
XXI асрда жамиятнинг энг катта бойлиги — инсон деб эътироф этилган бўлиб, унинг ривожланиш мақсади ҳам фуқароларнинг яшаш жойи, ҳаёт тарзини эркин танлашини таъминлашдан иборат бўлиб бормоқда. Жамият аъзосининг манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаро сифатида тўлақонли ҳаёт кечириб, мавжуд интеллектуал ижодий ва жисмоний имкониятларини ҳар томонлама тўлиқ намоён этиши учун, у истиқомат қилаётган жамият, масъул ижтимоий-сиёсий институт сифатида, давлат кафолати вазифасини ўташга мажбурдир. Давлатимиз раҳбарининг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони урбанизация даражасини ҳар томонлама пухта ўйлаб, тартибга солиш учун қабул қилинди. Унда “Миграция жараёнларини маъмурий тартибга солиш тизимини такомиллаштириш йўли билан аҳолининг қишлоқ жойларидан шаҳарларга эркин ҳаракатланиши учун шарт-шароитлар яратиш” масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, сўнгги ярим аср мобайнида катта иқтисодий кўрсаткичларга эришган Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Филиппин ва ҳатто индустриал ривожланган Японияда ҳам миграцион жараёнлар ва унда иштирок этган фуқароларнинг инсоний кечинмалари социологиясини изчил илмий ўрганиш орқали катта ютуқлар қўлга киритилган. Уларнинг тажрибаларидан бугунги кунда ривожланиб бораётган бошқа мамлакатлар ҳам унумли фойдаланмоқда.
Миграция жараёнининг ҳозирги босқичи олдингиларидан кўлами, географик хусусиятлари, трансформациялашуви ва интеграциялашуви жиҳатдан динамик кўрсаткичлари, ижтимоий-демографик таркиби билан фарқланиб туради. Миграция оқимларининг йўналиши дунё миқёсида ўзгариб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг миграцияси узоқ хорижга ҳам (АҚШ, Европа, Араб мамлакатлари, асосан, БАА, Миср, Баҳрайн, Қувайт, Саудия Арабистони, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, Жанубий Корея, Таиланд, Малайзия), яқин хорижга ҳам (масалан, Қозоғистон) амалга оширилмоқда.
Бугун дунёда миграцияда иштирок этаётганларнинг сони кескин ошиб бораётганини кузатар эканмиз, яқин келажакда уларнинг сони янада ортиши башорат қилинаётгани бежиз эмас. Миграция кўлами кенгайишига камбағаллик, ишсизлик, инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши, келажакка нисбатан умидсизлик ва тушкунликка тушиш, турли хил низолар, урушлар туфайли нотинчлик, қўрқув каби омиллар сабаб бўлмоқда.
Мигрантлар ўз табиатига кўра жамиятнинг ишбилармон ва ҳаракатчан аъзолари ҳисобланади. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, миграция иқтисодий ўсишга, миллатларнинг ассимиляциялашувига, маргинал маданиятлар бойишига олиб келган.
Миграцион жараёнларни таҳлил этишда унинг муҳим муаммолари мавжудлигини ҳам инобатга олиш зарур. Хусусан, аксарият ҳолларда мигрантлар эксплуатация қилиниб, уларнинг ҳуқуқлари поймол этилади. Мигрантларнинг жойлашган мамлакатлари маданияти ва турмуш тарзига мослашуви, интеграциялашуви қийин кечади. Уларни қабул қилаётган давлатлар туб аҳолисини иш жойларидан маҳрум этади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳолининг мигрантларга нисбатан салбий муносабатини шакллантиради. Ушбу ва бошқа кўплаб сабабларга кўра, миграция муаммосини ҳар томонлама, шу жумладан, сиёсий-социологик жиҳатдан ўрганиш талаб қилинади.
Умумлаштириб айтганда, иқтисодиётдаги ўзгаришларга олиб келувчи миграция жараёни меҳнат бозорида ишчи кучига талаб ва таклифнинг характерини белгиловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Хусусан, у урбанизация жараёнларида, саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларида янги иш жойларини яратиш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида сифат ўзгаришларига асос бўлади. Бундай шароитда, бир томондан, меҳнат бозорининг янги инфраструктурасини, кўп меҳнат талаб қиладиган соҳалари ва ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнини қамраб олса, бошқа томондан, иқтисодиётнинг анъанавий соҳаларида бозор муносабатларини вужудга келтиради ва ривожлантиради.
Урбанизация дунё бўйлаб жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган жараён бўлиб, уни ҳаракатлантираётган куч мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалаётганлигида намоён бўлади. Ер юзида шаҳарлар ва улар аҳолисининг сони ўсиб, ҳудудлари кенгайиб бормоқда. Турли миқёсдаги шаҳарларнинг мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги аҳамиятининг кундан-кунга ортиб бораётгани ҳам сир эмас. Шаҳарлар нафақат кенгаймоқда, балки уларнинг ўз атрофидаги бошқа шаҳарлар билан интеграциялашуви кучайиб, ўзаро алоқадорликда ривожланувчи аҳоли манзилгоҳлари пайдо бўлмоқда.
Мамлакатда кечаётган реал ислоҳотлардан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, миграция жараёнларини, айниқса, ички миграция жараёнларини тартибга солишда марказий шаҳарларга бўлган миграция омиллари билан тўлиқ урбанизацияга эришиб бўлмайди. Президентимизнинг “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида давлат дастурининг амалга оширилиши мамлакатимиздаги миграция жараёнларини тартибга солишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, миграция жараёнларини тартибга солиш борасида, энг аввало, “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, иккинчидан, миграция жараёнларида асосан ноқонуний миграцияни тартибга солиш, назорат қилиш ҳамда бошқариш, учинчидан, ижтимоий соҳанинг регионал жиҳатлари, хусусан, ҳудудлар социал ҳаётини интенсивлашувида урбанизация ва миграция жараёнларини оптималлаштириш, тўртинчидан, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг юз бераётган ўзгаришларга тайёрлигини ўрганиш ва мақбуллаштириш орқали ижобий таъсир кўрсатишнинг психологик-инновацион ечимларини асослаш, бешинчидан, аҳоли турмуш даражасини ошириш, шаҳар ва қишлоқ ҳаётини уйғунлаштириш, аҳоли таркибидаги ўзгаришларнинг социал соҳа динамикасидаги ўрни ва ролини ошириш талаб этилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда урбанизацияни ривожлантиришга имконият яратиб беришни таъминлайди.
Фарҳод ПАРМАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси докторанти

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. 
01 янв 1970
Айтинг-чи, фуқароларнинг хонадонларига янги ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?...
01 янв 1970
Аҳолига қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда....
01 янв 1970
Сўнгги пайтларда телеканалларимиз сони кўпайиб, турфа телеканалларда маза-бемаза кўрсатув ва телевикториналар оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эм...