Ҳудудда ечими бор муаммо... Нега марказгача етиб келмоқда?

/
Яқинда вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари Қибрай туманининг бир қатор маҳаллаларида бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи, уларни қийнаётган муаммолар билан танишдик. Қуйида улардан бири — “Оқ олтин” маҳалласида ўзимиз гувоҳ бўлган айрим муаммолар ҳақида ҳикоя қиламиз. Аввало, “Оқ олтин” маҳалла идорасини топишнинг ўзи муаммо бўлди. Бир илож қилиб топиб борганимизда маълум бўлдики, маҳалла идорасида на пешлавҳа бор, на бирор тирик жон. Ўзаро келишиб, кутишга қарор қилдик. Икки соат ичида маҳалладаги ўнга яқин фуқаролар, отахону онахонлар келиб кетишди-ю, маҳалла фаъолларидан дарак йўқ...
Яқинда вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари Қибрай туманининг бир қатор маҳаллаларида бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи, уларни қийнаётган муаммолар билан танишдик. Қуйида улардан бири — “Оқ олтин” маҳалласида ўзимиз гувоҳ бўлган айрим муаммолар ҳақида ҳикоя қиламиз. Аввало, “Оқ олтин” маҳалла идорасини топиш муаммо бўлди. Бир илож қилиб топиб борганимизда маълум бўлдики, маҳалла идорасида на пешлавҳа бор, на бирор тирик жон. Ўзаро келишиб, кутишга қарор қилдик. Икки соат ичида ўнга яқин маҳалла фуқаролари, отахону онахонлар келиб кетишди-ю, маҳалла раисидан дарак йўқ...
 Ва ниҳоят, идора очилди, котиба бўлса керак, ёшгина қиз кимлигимизни, нима сабабдан келганимизни сўради...
Ичкарига кирдик, хоналар совуқ, электр ўлчагич (счётчик)сиз уланган электр симлари деворда осилиб ётибди...
Кута бошлаганимизга икки соатдан ошганда хонага уч-тўрт киши кириб келди.
— “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Пўлат Сарсеновман, — деб ўзини таништирди келганлардан бири.
— Раис экансиз, нега идоранинг пешлавҳаси йўқ? Электр ўлчагичсиз электрдан фойдаланиш тўғрими? — деб сўрадик.
— Электр ҳисоблагич 600 минг сўм турар экан. Маҳаллада пул йўқ. — деди раис.
— Маҳаллада қанча аҳоли, қанча оила истиқомат қилади?
— 635 тамиди? — дея раис ўзи билан бирга келган аёл кишига мурожаат қилди. У маҳаллада хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис бўлиб ишлаб келаётган Азиза Холходжаева экан.
— Маҳалламизда 11 та кўча, 548 та хонадон, 695 та оила, 2 минг 661 нафар аҳоли яшайди. Шундан 421 нафари 7 ёшгача, 180 нафари мактаб ёшидаги болалар, — деди Азиза опа.
— Кичик хонада тўрт киши қандай ишлайсизлар, фуқароларнинг шикоятларини қаерда тинглайсизлар?
— Қиш кунлари мен, посбон, котиба шу хонада ўтирамиз, — деди Азиза опа.
— Газдан фойдалансангизлар бўлмайдими?
— Маҳалла идорасининг газдан қарзи бор...
Мана сизга маҳалла фаоллари учун яратилган иш шароити.
Маҳалланинг ёши улуғ инсонларидан Абдуғаффор ота Бейсебоевни суҳбатга тортдик.
— Маҳалламизда кунига уч маҳал оралиғи ярим соатдан икки соатгача чироқ ўчиб туради. Кечқурун электр қуввати пасайганда на телевизор кўра оласан, на китоб ўқиб бўлади. Ҳаво ҳарорати тушиб кетса, “Жамбул”, “Фарғона”, “Ёшлик”, “Шон-шараф”, “Зарбулоқ” кўчаларида газ ёнмайди. Натижада, фуқароларимиз келин ва ёш болаларини қариндош-уруғлариникига олиб бориб қўйишга мажбур бўлмоқда...
Кейинги учрашувни 9 январь санасига қолдирдик. Келишилган кун ва вақтда жамоатчилик гуруҳи аъзолари “Оқ олтин” МФЙ муаммоларини ўрганишни “Мардлар” кўчасидан бошладик. Идорага одам юбордик, телефон қилдик, лекин яна раисни тополмадик. Ва ниҳоят 15 январь куни телефон орқали Пўлат Сарсенов билан боғландик. Эртага боришимизни, учрашувда 11 та кўчадан бир нафардан вакил иштирок этишини таъминлаб беришини илтимос қилдик. Пўлат Сарсенов соат 14 да барча кўча вакилларини йиғишни ваъда қилди. Айтилган вақтда борганимизда идорада бор-йўғи икки киши ўтирган экан. Улар ўзларини “Мардлар” кўчаси вакили Зиёвуддин Саидрасулов ва “Жамбул” кўчаси вакили Рисбек Холтурсунов, деб таништиришди. Рисбек Холтурсунов бир даста шикоят ва уларга мутасадди идоралар раҳбарларининг жавобларини олдимизга қўйди.
“Тошкент ХЭТК” директори М.М.Каримовга. Қибрай тумани, «Оққовоқ» ҚФЙ, Жамбул кўчаси аҳолиси сизга 1956-1957 йилларда ўрнатилган электр устунларининг яроқсиз ҳолатга келиб қолганини маълум қиламиз. Ёғоч электр устунларнинг чириб, шамолли кунларда аҳоли яшайдиган жойларга йиқилиш хавфи кучаймоқда. Маҳалла фуқаролари сиздан яроқсиз электр устунларни бетонли электр устунларига алмаштириб беришингизни сўраймиз. 2016 йил 26 январь. 22 та имзо.”
Мурожаатга “Тошкент ХЭТК” АЖ эксплуатация ва техник масалалари бўйича бош директорининг биринчи ўринбосари Ш.С.Кулибаев шундай жавоб берган: “Сизнинг январь ойидаги мурожаатингиз Қибрай ТЭТК ходимлари томонидан ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам, ушбу ҳудуд аҳолисининг электр таъминотидаги ёғоч таянчлар ва симларнинг кўп йиллар давомида эскирганлигини эътиборга олган ҳолда, ушбу тармоқ Қибрай ТЭТКнинг 2016 йил 3-чорагида мукаммал таъмирлаш режасига киритилган. 2016 йил, 9 февраль”.
— Шундан сўнг 2017 йилгача ёғоч электр устунлари бетон электр устунларига алмаштирилди. Кабеллар тортилди. Ҳатто хонадонга уланадиган электр симлари бетон устунлар тепасида 2017 йилдан бери осилиб турибди, — дейди Рисбек Холтурсунов. — Лекин негадир туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари ҳалигача трансформаторга улаш ишларини ортга суриб келмоқда. Аҳоли ҳамон электр таъминоти учун эски ёғоч устунларидан фойдаланиб келмоқда. Худо кўрсатмасин, бирор фожиа рўй берса, “Тошкент ХЭТК” АЖ раҳбарлари жавоб берадими?
Зиёвуддин ака Саидрасуловнинг ҳам дарди кўп экан.
— 1993 йилдан бери “Мардлар” кўчасида яшаб келамиз. Биздан кейинги кўча “Ҳиммат” деб юритилади. Қўшнилар билан муаммоларимиз бир хил. 1995 йилда пул йиғиб, ўндан ортиқ темир-бетон устунлари ўрнатдик. 1 600 метр кабелни сотиб олиб, хонадонларимизга электр туширдик. 2000 йилда 4 километр газ қувурлари келтириб, 2001 йилда монтаж ишлари тугатилди. Аҳолидан пул йиғиб, кўчаларимизга 1992 йилда 15, 1996 йилда 8, 1998 йилда 6 машина шағал тўктирдик. Мутасадди раҳбарлар “шағал тўктириб қўйинглар, асфальт қилиб берамиз”, деб ваъда беришди. Ўттиз машина шағал тупроққа қоришиб, ерга сингиб кетди. Кўчаларимиз лой, ҳар қадамда кўлмак, чуқур. Ёритқичлар умуман йўқ. Фарзандларимиз, ҳатто ёши катталар ҳам тунда кўчада юришга қўрқамиз.
— Бу ҳақда депутатларга, сектор раҳбарига мурожаат қилганмисизлар? — деб сўраймиз.
Зиёвуддин ака Қибрай тумани Кенгаши депутати Ўткир Норалиевнинг хабари борлигини, сектор аъзолари келиб, ўрганиб кетганлигини айтди. Телефон орқали Ўткир Норалиев билан боғландик. Ўткир ака билан кўришиб, “Мардлар” кўчасига йўл олдик. 8-9 ёшли Бахтжон Раҳмонов ариқдан челакда сув олаётганининг гувоҳи бўлдик.
“Мардлар” кўчаси 7-уй соҳиби Исабек Йўлдошев билан суҳбатлашдик.
— 2011 йил маҳалламиз аҳолисига ер ости қудуғидан сув чиқариб беришди. Ичиш у ёқда турсин, кир ювишга ҳам ярамади. Яна каналдан сув ичишга мажбур бўлдик.
— Канал бўйлаб жойлашган хонадонлар, дала ҳовли эгалари ўзининг мағзаваси борми, ювиндиси борми, шу каналга оқизади, — дейди Бахтигул Расбекова суҳбатимизга қўшилиб.
— Бу ҳақда туман ДСЭНМ ходимларига хабар берганмисизлар? — деб сўрадик.
— Ҳокимдан тортиб, барча катта-ю кичик раҳбарлар хабардор, — дейишди улар.
— Ўғил уйлантираман деб, қийналиб кетдик. Икки йилдан буён совчи бўлиб борган хонадонларимиз кўчаси лой, электр, газ, сув йўқ маҳаллага берадиган қизимиз йўқ деб, айниб кетишмоқда. Фарзандларимизда нима айб? — дейди Малика Расбекова.
— Ҳаммамиз шу каналдан сув ичамиз, фойдаланамиз, — дейди Бердибой Қолдибоев — Сув катта каналдан ариқларга ўтади. 2017 йил баҳорида собиқ Ўзбекистон Пахтачилик илмий-текшириш институтининг омборидан чиққан 3-4 машина заҳарли кимёвий препаратлар, дефолантларни ариқ бўйидаги чуқурларга ташлашди. “Бу ер ахлатхона эмас, инсонлар яшайдиган ҳудуд” десак, Яҳё исмли шахс “рухсатим бор”, деб дағдаға қилди. Бу ҳақда туман ДСЭНМга, ҳокимиятга мурожаат қилдик. Лекин бирор чора кўрилмади. Иссиқ кунларда биз яшаётган уйларда нурфазол, турли эфир мойлари ҳиди димоққа урилади. Ҳаммасидан ачинарлиси, шу ариқ бўйида болаларимиз ўйнайди. Аҳоли шу ариқдан сув ичади...
Ичимлик суви масаласида Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Сувоқова” филиали ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси Азиз Мирсобитовга учрашдик.
— “Оқ олтин” МФЙ фуқароларининг гапига қараганда, кўчаларга 500 метр сув қувури ётқизилибди. Шу қувурни Тошкент минтақавий темир йўл узели балансидаги “Қибрай” болалар дам олиш оромгоҳи ер ости қудуғига уласа бўлмайдими?
— Тошкент минтақавий темир йўл узели балансидаги “Қибрай” болалар дам олиш оромгоҳидаги ер ости қудуғидан 9 ой фойдаланишга рухсат берилса, биз бир йиллик ичимлик суви таъминоти ва фойдаланиш хизматларини ўз зиммамизга олардик. Аҳолини ҳам ичимлик суви билан таъминлаган бўлардик, — деди А.Мирсобитов. — Афсуски, бу борада тегишли ташкилотларга қилган барча мурожаатларимиз бесамар қолаяпти...
“Оқ олтин” маҳалласи кўчаларини Ўткир Норалиев билан айланар эканмиз, 235-жамоатчилик назорати масканига кўзимиз тушди. Бу масканда назоратчилар тугул, пашша ҳам йўқ. Ойналари синиб ётибди. Кўнглимизда қўриқчилар маскани шу бўлса, назоратчилар нимани назорат қилаяпти, деган жавобсиз савол туғилди...
Мақолага нуқта қўйишдан олдин бир фикрни айтишни лозим топдик. Биз юқорида қаламга олган муаммолар аслида марказий нашрлар саҳифаларига олиб чиқилмасдан, ўз жойида ҳал қилса бўладиган масалалар. Фақат бунинг учун туман мутасаддилари, сектор раҳбарлари озгина жон койитсалар, бас, олам гулистон. Ё сиз бошқа фикрдамисиз, азиз газетхон?!
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Даврон АҲМЕДОВ,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши
ҳузуридаги жамоатчилик назорати гуруҳи аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....
01 янв 1970
Ахборот технологиялари юксак тараққий этиб, аҳолиси интернетдан фаол фойдаланаётган давлатларда ҳам миллионлаб нусхада газета-журналлар чоп этилаёт...
01 янв 1970
Фарғона шаҳар Мирзо Улуғбек номидаги маҳаллада яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 90 ёшли Гилмуддин ота Ҳусаиновнинг файзли хонадони бугун ҳар қ...
01 янв 1970
Ҳазорасп Хоразмнинг қадим масканларидан бири ҳисобланади. Унинг тарихи 2700-2800 йилга тенг эканлиги аниқланди. ...