Қонун устуворми ёки адолат?

/
Қонун устуворми ёки адолат?
Ёки қонун устуворлиги адолатда эмасми?
 
Ассалому алайкум ҳурматли “Адолат” газетаси таҳририяти ходимлари! Сизларга адолат излаб мурожаат қиляпман.
 
Инсон ҳамиша орзу-умидлар билан яшайди. Қизалоқлар кичкиналигидан қўғирчоқларига алла айтади, бу билан уларнинг оилага бўлган меҳр-муҳаббати ҳам улғайиб боради. Мен ҳам барча қизлар сингари орзу қилганман. Аллоҳга шукрки, ниятларим рўёбга чиқди. 1986 йилнинг 29 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Юрий Ҳошимовга турмушга чиқдим. Турмушимдан асло нолимайман, ўзим орзу қилганимдай тинч ва аҳил оила барпо қилдик. Икки нафар қиз фарзандли бўлиб, уларни оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказдик. Вақти келиб иккала қизимизни узатиб, бобо-буви бўлиш бахтига муяссар бўлдик. Хуллас, ҳаётимдан нолимайман. Яратган томонидан бир аёл пешонасига битилиши мумкин бўлган барча яхши-ёмон кунларни кўрдим...
 
Аммо 2019 йилнинг 31 январида турмуш ўртоғим, II гуруҳ ногирони Ю.Ҳошимов узоқ касалликдан сўнг вафот этиши, бахтли кунларимга якун ясади. Келинг, сизларнинг вақтингизни олмаслик учун бошимга тушган воқеаларни қисқача ҳикоя қилиб берай. Келин бўлган йилларим бироз турмуш ўртоғимнинг ота ҳовлисида қайинакам Олег Ҳошимов билан бирга яшадик. Катта акаси Вадим Ҳошимов 1974 йилда уйдан қочиб кетганича қайтмаган, Анатолий Ҳошимов 1983 йилда бошқа уйга кўчиб кетиб, алоҳида яшар, аммо уйимиздан рўйхатдан ўчмаган эди.
 
Тўйимиздан бир ой ўтиб-ўтмай, турмуш ўртоғимнинг  микроинсульт ўтказганини, қон босими борлигини, унинг  соғлиғи ёмонлашиб, касалхонага тушганидан сўнггина билдим. Инсон бир-бирини ҳурмат қилса, тушунса, унинг касаллиги ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Мен бир умр оғир юмушлару соғлиғига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган воқеа-ҳодисалар, ҳатто қаттиқ сўзлардан у кишини асраб-авайлашга, ўз вақтида даволатиб боришга ҳаракат қилдим. Турмуш ўртоғим уйланган пайтларида Тошкент Марказий универмагида сотувчи бўлиб ишлар, кейинчалик универмаг ёпилгач, бошқа жойда ишлашни хоҳламади. Сўнгра касаллик сабаб уйда ўтириб қолди. Шундан кейин икки нафар қизим ва турмуш ўртоғимни моддий ва маънавий таъминлаш масъулияти менинг зиммамга тушди. “Отчопар” бозорига чиқиб, савдо қилиб, оила тебратдим...
 
Бунинг устига дард устига чип­қон бўлиб, турмуш ўртоғимнинг соғ­лиғи кун сайин ёмонлашиб борди. Қон босими, варикоз, бош мия қон босими устига юрак етишмовчилиги, қандли диабет касалликлари ҳам келиб қўшилди. Бу ташвишларни енгишимда эримнинг акаси Вадим ва унинг хотини Нозли Аҳмедовна, кейинчалик Галина менга далда бўлиб туришди (овсиним вафот этгач эса ўз яқинларимдан бошқа ҳеч ким биздан хабар ҳам олмади). Баъзан жигарлари кўргани келмаслигидан турмуш ўртоғим руҳан тушкунликка тушар, буни кўриб мен ҳам ич-ичимдан эзилар эдим. Ахир улар бир оғиз ширин сўзи ва дийдори билан ҳам бир қориндан талашиб тушган жигарининг кўнглини кўтариб, унинг дардни енгишига куч бағишлашлари мумкин эди-ку?! Менинг эса кундузлари изғирин, аёзли совуқларда савдо қилиб, пул топиб, кечалари эса дорихоналардан дори излаб, касалхоналарда умрим ўтиб борарди...
 
Айтсам ишонмассиз, умримнинг 32 йили касалхоналарда ўтди. Касал касал эмас, касал боққан касал, дейишади. Чунки уни даволатиш, яхши таом едириш — буларнинг барчаси маблағга бориб тақалади...
 
Уйда эркак бажариши лозим бўлган иш бўлса турмуш ўртоғим ака-укаларини ёрдамга чақирар, лекин улар ота ҳовлисига қадамини ҳам босишмас эди. Аммо у барибир бу одатини канда қилмас, ҳар гал умид билан яна уларни кутишдан чарчамасди. Шундай вақтларда барака топишсин, дўст-ёр, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй биздан ёрдамини аяшмасди. Энди билсам, у кунлар менга азоб эмас экан. 
 
Ҳақиқий азобларим турмуш ўртоғимни касалликлар енгиб, оламдан ўтганидан кейин бошланди. У кишининг ўлимидан кейин ака-укалар уйимизга серқатнов бўлиб қолишди. 3-4 йиллаб бирон марта жигарининг ҳолидан хабар олмаган амакилар охир-оқибат ота ҳовлини бўлиш (аниқроғи, сотиш!) ҳаракатига тушишди. Агар уларнинг яшашга уйлари бўлмаганида тўғри тушунардим ва бу таклифни рад этмас эдим. Ҳолбуки, уларнинг ҳаммаси ўз уй-жойига эга...
 
Буни қандай тушуниш мумкин? 
 
Улар биз турмуш ўртоғим билан 32 йиллик ҳаётимиз давомида, 32 йил касалхонама-касалхона юриб, яшаш учун курашаётган, умрини узайтиришга ҳаракат қилаётган жигари олдига ота уйини бўлиш масаласини кўндаланг қўйиб келишаётган экан. Турмуш ўртоғим эса буни мендан сир тутган.
 
Энг ачинарлиси...
 
Эрим уйни ака-укаларига васият қилиб қолдирганини эшитгач, гўё бу дунё менга торлик қилгандай бўлди...
 
Наҳотки 32 йиллик турмушимизни у кишининг саломатлигини тиклаш учун фидо қилган бўлсам-у... Яна ҳеч қандай таъна-дашномларсиз, астойдил ўз аёллик вазифам сифатида...
 
Билмадим, бу васиятнома қай тартибда ва қандай вазиятда ёздириб олинганлигига ақлим бовар қилмайди. Нима бўлганда ҳам ҳужжат ҳужжат-да. У киши тириклигида тирик одамдан ўз манфаатим йўлидаги ҳужжатни имзолатиш менинг хаёлимга ҳам келмаган экан...
 
Ҳурматли таҳририят ходимлари! Мен бугун сизларнинг кўмагингизга муҳтожман. Тўғри, сизларгача ҳам айрим ташкилотларга мурожаат қилиб кўрдим. Қаерга бормайин, “адвокат ёлланг, у сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қилади. Васиятномани экспертиза қилдириш керак”, деганга ўхшаш “қимматбаҳо” насиҳатларни эшитаяпман. Адвокат ёллаш кераклигини, васиятномани экспертиза қилдиришни ўзим ҳам биламан. Лекин на адвокат ёллашга, на экспертиза харажатларини тўлашга пулим йўқ. Тўғри, давлатимизда қонун устувор. Қонун эса 32 йил давомида уйга бир чангал лой урмаган, бирор сўм коммунал тўловни амалга оширмаган даъвогарлар тарафда. Аммо адолат-чи? Адолат ким томонда?  Мен 32 йил оила қуриб, шу уй-жойим, оилам учун кучимни, умримни бағишлаб, ёшим бир жойга борганда судма-суд юришим керакми?!
 
ТаҲририятдан:Ушбу аризани газетада чоп этиш, чоп этмаслик масаласида биз ҳам ўйланиб қолдик. Бир тарафдан қарасанг, уйга даъвогарлик қилаётган ака-укалар ҳақдек. Қолаверса, уларнинг қўлида васиятнома бор (Албатта, васиятноманинг қай ҳолатда ёзилгани ёки ёздирилганига биз қозилик қила олмаймиз). Бизни масаланинг бошқа томони ўйлантириб қўйди.
Хўш, бу ҳолатда аризачи қандай йўл тутсин? Адвокатга тўлашга пули, судма-суд юришга соғлиғи бўлмаса? Энди уни ким қўллайди?
Шу саволларга жавоб топиш мақсадида ушбу аризани айрим жузъий қисқартиришлар билан чоп этишга қарор қилдик. Ўйлаймизки, муштипар аёлнинг мурожаати мутасадди ташкилотлар эътиборидан четда қолмайди. Балки унга савоб учун ёрдам қилувчи адвокат юртдошларимиз ёки жамоат ташкилотлари топилиб қолар...
Демак, мавзуга яна қайтамиз.
 
“Адолат”дан адолат истаб:
Рухсорахон АбдураҲмонова.
Тошкент шаҳри.
Шайхантохур тумани, «Қизил ғунча» 1-торкўча, 4-уй.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Азал-азалдан аждодларимиз, момо ва боболаримиз бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг тарбияси, истиқболига жиддий эътибор қаратиб келишган....
01 янв 1970
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир.
01 янв 1970
Деҳқон — ер султони, дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам, ер билан тиллашган, унга меҳр берган киши борки, ўз олдига қўйган мақсадига эришади....