АСОСИЙ ҚОНУН мулк дахлсизлигининг кафолати

/
АСОСИЙ ҚОНУН мулк дахлсизлигининг кафолати
 
Мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида иқтисодиёт тармоқларида эришган барча ютуқ ва марралари, унинг тизимли суръатлар билан ўсиши, аввало, Конституциямизнинг ҳаётбахш қудрати ва салоҳиятини, унда мужассам бўлган принциплар, қоида ҳамда нормаларнинг нақадар чуқур ўйлангани, ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади. Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида ҳаётимизда, биз эришган барча ютуқларда Асосий қонунимизнинг ўрни беқиёс экани барчамизга яхши маълум.
 
Айнан Бош қомусимиз бугунги кунда юртимизда кўп укладли бозор иқтисодиёти таркибида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш, унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий ҳуқуқий  пойдеворига айланди. 
 
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, сиёсий жиҳатдан қурилишининг асосий томонларини тартибга солиш бўйича тамоман янгича ёндашувни белгилаб берган Конституциямизнинг 53-моддасида “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, деб аниқ белгиланган.
 
Шунингдек, Конституциянинг 36-моддасида “ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” экани қатъий белгиланиб, шахсларнинг мулкка бўлган ҳуқуқи конституциявий норма даражасига кўтарилди ҳамда муҳим иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилди. Бошқача айтганда, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ҳамда давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
 
Умуман олганда, жамият ҳаётининг барча жабҳасида пайдо бўладиган ижтимоий муносабатларни ривожлантириш, халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни мулксиз тасаввур этиб бўлмайди. Демак, мулк билан боғлиқ ижтимоий муносабатларсиз ишлаб чиқариш ва хўжалик юритиш жараёнлари ўз мазмунига эга эмас. Ушбу муносабатларда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
 
Муҳтарам Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида тадбиркорлик йўлидаги ортиқча чекловларни бартараф қилиш, уларнинг фаолиятига давлат идораларининг ноқонуний аралашувини қатъий чеклаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани, хусусан, ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилиши тўғрисида ва  ерни олиб қўйиш ва компенсация тўлашнинг янги тартиби, ер фақат мулк эгасининг розилиги билан олинишига оид қоидалар жорий қилингани тўғрисида айтиб ўтдилар.
 
Эндиликда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун ҳокимларнинг фуқароларга ер бериш ҳақидаги қарорларини тегишли сайтларда эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш кераклиги ҳам таъкидланди. 
 
Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун барча жабҳада конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарурлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлашимиз лозимлиги ҳам қайд этилди.
 
Албатта, бу борада Асосий қонунимиз ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилишида, кўзланган мақсадга эришиш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг энг муҳим қоидаларини ўзида мужассамлантириб, жамиятимиз ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб қолаверади.
 
Абдугани Умиров,
Олий Мажлис Конунчилик
Палатасидаги Узбекистон "Adolat"
СДП фракцияси аъзоси
 

 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.
01 янв 1970
Юртимизда эришилаётган ҳар бир муваффақиятимиз, илм-маърифат, спорт, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча-барча соҳаларнинг ривожланиши ўқитув...
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...
01 янв 1970
Бирор воқеа ҳаётингизни тубдан ўзгартиришига, айниқса, ижобий томонга ўзгартиришига ишонсангиз, уни интизорлик билан кутасиз....