Фуқаролар манфаати ҳимоя қилиниб, уларга қулайликлар яратилмоқда

/
Фуқаролар манфаати ҳимоя қилиниб, уларга қулайликлар яратилмоқда
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда давлат божи, солиқ сиёсати ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
 
Йиғилишда дастлаб мамлакат бюджети шакллантирилишига хизмат қилувчи ва барча фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этадиган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғ­рисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
 
Таъкидланганидек, ушбу лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ҳам фаол иштирок этишди. Муҳокамаларда депутатлар иқтисодиётга солиқ юкининг даражасини камайтириш, солиқ солишни соддалаштириш, солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш, лойиҳадаги қарама-қаршиликлар бартараф этиш ҳамда инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Фракция депутатлари томонидан эътироф этилганидек, қонун лойиҳасини маромига етказилишида қатор таклифлар илгари сурилди ва уларнинг аксарияти қабул қилинишига эришилди. Хусусан, солиқ тўловчилар томонидан ортиқча сарсонгарличиликни олдини олиш мақсадида солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб тўлаш ваколатини фақат Давлат солиқ қўмитаси томонидан эмас, балки ҳудудий солиқ идораларига ҳам бериш масаласи илгари сурилди.
 
Йиғилишда депутатлар лойиҳанинг мукаммалигини ва солиқчи ҳамда солиқ тўловчи ўртасидаги ўзаро муносабатларни дўстона олиб борилишини таъминлаш мақсадида ортиқча текширишлар олдини олишга аҳамият қаратилди. Бунда амалдаги Солиқ кодексидан фарқли равишда солиқ органлари жавобгарлиги кучайтирилиб, солиқ аудити натижасида ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқни қайтариш механизми соддалаштирилишига ҳам эришилди.
 
Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида соддалаштирилган солиқ тизимига ўтиш мезонлари қайта кўриб чиқилди ҳамда умумбелгиланган ва соддалаштирилган солиқ тизимлари ўзаро уйғунлаштирилишига эришилди.
 
Депутатлар таклифи асосида солиқ имтиёзлари барча учун баробар бўлиши принципи лойиҳада қатъий белгилаб қўйилди. Имтиёзнинг барча учун тенг бўлиши ижтимоий адолат тамойилларига мосдир. Айрим тоифаларга солиқ имтиёзлари берилиши бош­қа солиқ тўловчиларнинг норозилик кайфиятини келтириб чиқаради ва яширин иқтисоднинг юзага келишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, фракция аъзолари берилаётган имтиёзлар самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича таъсирчан тизим яратиш лозимлиги таклифини илгари суришди.
 
Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, солиқчи ва солиқ тўловчи, шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ахборот алмашиш механизмларининг, электрон солиқлар маъмуриятчилиги ҳамда солиқ назоратини амалга оширишнинг шакл ва услубларини жорий этиш масаласи ҳам лойи­ҳада акс эттирилди. Шунингдек, соҳага замонавий ахборот-коммуникация тех­ноло­гия­ларини кенг жалб этиш  таклифи илгари сурилди.
 
Шунингдек, депутатлар томонидан ушбу лойиҳа мукаммаллигини таъминлаш мақсадида жойларда партия фаоллари ва экспертлари, бош­лан­ғич партия ташкилотлари соҳа мутахассислари иштирокида қатор муҳокамалар ташкил этилди. Ушбу йиғилишларда илгари сурилган 30 дан ортиқ таклифлар Қонунчилик палатасида тузилган ишчи гуруҳига тақдим этилди ва уларнинг аксарияти лойиҳада акс этишига эришилди. Албатта, бу каби муҳокамалар лойиҳанинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади.
 
Депутатлар таъкидлаб ўтишганидек, ушбу лойиҳада акс этган нормалар “Адолат” СДП ғояларига мос бўлиб, партия солиқ сиёсатидан мамлакат ва фуқаролари манфаатлари учун оқилона фойдаланиш, солиқ қонунчилиги барчага баробар бўлиши, солиқларни пасайтириш фақатгина катта ижтимоий мақсадларга эришиш учун амалга оширилиши ҳамда солиқ таътиллари, солиқ кредитлари каби солиқ воситалари қўлланилишига алоҳида эътибор қаратади.
 
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди ҳамда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади.
 
Йиғилишда “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
 
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишда турли ноқулайликлар ва навбатлар вужудга келиши натижасида коррупцион ҳаракатлар учрамоқда. Шунингдек, нотариал ҳаракатлар сони ортиб бораётган бир шароитда давлат нотариал идораларига қўшимча штат бирликларини жорий этиш жараёнининг мураккаблиги мурожаат этувчилар томонидан ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда. Илғор хорижий тажриба жисмоний ва юридик шахсларнинг низоларнинг олдини олиш функциясини бажарувчи нотариатнинг фаол нодавлат моделига бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганини инобатга олиб,  мазкур лойиҳа ишлаб чиқилгани фракция аъзолари томонидан диққатга молик иш сифатида баҳоланди.
 
Фракция аъзолари эътироф этганидек, ушбу лойиҳа фуқароларга бир қатор қулайликлар яратади. Шу мақсадда қонун лойиҳаси орқали давлат нотариал идораларини босқичма-бос­қич нотариатнинг нодавлат шаклига ўтказиш белгиланмоқда. Айниқса, лойиҳа билан мамлакатимизда янги ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг ташкил этилаётгани ва унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланаётгани депутатлар томонидан ушбу соҳадаги янги давр, дея баҳоланди.
 
Ушбу лойиҳа билан айрим турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартибини бекор қилиш, соддалаштирилган тартибдаги янги турдаги нотариал ҳаракатларни жорий этиш, масофадан туриб, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда нотариусга элек­трон мурожаат қилиш механизмини такомиллаштириш амалиёти яратилади. Натижада фуқароларга тезкор нотариал хизматлар кўрсатиш ва уларга қулайликлар яратишга эришилади.
 
Таъкидланганидек, хорижий давлатларда жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатишда нотариатнинг фаол нодавлат модели истеъмолчиларнинг талаблари доирасида тез ўзгара олиш қобилиятига эга. Шунга кўра, нотариат институтини низоларнинг олдини олиш воситаси сифатида такомиллаштириш давлат хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг асосий омили бўлиб ҳисобланади.
 
Шунингдек, йиғилишда яна бир қатор бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
 
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси

ижрочи котиби


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаёт камтарин, эл-юртга садоқатли, том маънодаги фидойи инсонларни сийлайди, обрў-эътибор чўққисига олиб чиқади. Ажойиб тақдир эгаси бўлган Дўс...
01 янв 1970
Банк, молия соҳасида ёрқин из қолдирган, чорак аср мобайнида Олий Мажлис депутати, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси сифатид...
01 янв 1970
Тошкент давлат аграр университетида жорий йилнинг 15 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....