Конституция — бирдамлик занжири

/
Конституция —бирдамлик занжири
 
Ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. Унинг қадр-қимматини, аҳамиятини ҳар биримиз дил-дилдан ҳис этамиз. Чунончи, Конституция мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, бирдамлик занжири, тенглик мезонидир.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини меҳр-муҳаббат ила, қалбан интиқлик билан қарши олдик, бутун вужудимиз билан тингладик.
 
Дарвоқе, Президентимиз томонидан келтирилган пурмаъно иқтибос кўнглимиздаги гап бўлди. “Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади”. Дарҳақиқат, давлатнинг эркин ва адолатли фуқаролик жамиятига асосланган демократик давлат бўлишида Конституциянинг аҳамияти чексиз. Зеро, давлат қурилишида Конституция ва қонунлар устувор бўлар экан, мамлакатда тараққиёт бўлади, адолат бўлади, фаровонлик бўлади. Бу эса, эртанги кунига ишонч билан яшаётган халқимиз учун жуда муҳимдир.
 
Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мужассам этилгани бежиз эмас. Президентимиз маърузада ана шу принципни амалга ошириш учун бизда қатъий сиёсий ирода ва етарли имкониятлар мавжудлигини эътироф этди. Жумладан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш учун миллий стратегия яратиш таклифини ўртага ташлади. Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, кадрларни қайта тайёрлаш марказларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” номли махсус ўқув курсларини жорий этиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
 
Бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Шундай унутилмас кунда давлатимиз раҳбарининг инсон ҳуқуқларига оид теран фикрларини мушоҳада қилиш жуда ҳам қувонарли. Албатта, бундай жонкуярлик энг одил, энг адолатли мамлакат раҳбарига хос. Президентимизнинг куюнчаклик билан инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш ҳақидаги қарашлари халқимизни норози қилаётган айрим қонунни менсимайдиган амалдорларнинг ҳуқуқий онгини шакллантириб қўйиши шубҳасиз. Зеро, амалдорнинг ишчанлик даражаси инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш даражаси билан ўлчанади.
 
Маърузада олий ўқув юртига ўқишга кириш, тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома ёки лицензия олиш, солиқ тўлаш каби кўплаб кундалик ҳаётий масалаларни ҳал этишда “қонунни четлаб ўтиш” ҳолатлари ҳам қораланди. Бундай иллатнинг илдизларини қирқиш лозимлиги таъкидланди. Жуда тўғри. Қонунни четлаб ўтувчи, тадбиркорликка тўғоноқ бўлувчи, коррупцияга мойил шахслар орамизда бўлар экан, мамлакатимиз иқтисодий қудратига соя солаверади. Бунинг учун биз жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришимиз даркор. Коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим. Қолаверса, қонунни четлаб ўтиш бу жиноят, бу зулм. Имом ат-Термизийдан ривоят қилинишича, гуноҳларнинг ичида энг оғири зулмдир.
 
Очиғини айтганда, судлар мус­тақиллигини таъминламасдан инсон ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш имкони бўлмайди. Ҳали-ҳамон суд ишларига ташқаридан босим ўтказиш ҳолатлари сезилиб турибди. Бу муаммо Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус эксперти хулосасида ҳам қайд этилган эди. Шу сабабли ҳам давлатимиз раҳбари судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашни устувор вазифа сифатида қатъий белгилаб берди. Суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт эканлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, судлар фақат қонунга бўйсуниши лозим. Акс ҳолда, унинг холислиги шуб­ҳа остида қолади.
 
Инсон ҳуқуқларини таъминлашда адвокатура институтининг ҳам ўз ўрни ва роли бўлиши керак. Бу борада қонун ҳужжатлари бос­қичма-босқич такомиллаштириб борилаётганига қарамасдан амалиётда муаммолар бисёр. Маърузада таъкидланганидек, 33 миллиондан ортиқ Ўзбекистон аҳолисига фақатгина 4 мингта адвокат хизмат кўрсатаётганини ижобий баҳолаб бўлмайди. Бундай ачинарли ҳолатга барҳам бериш учун аввало адвокат кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Қолаверса, уларнинг нуфузи ва мақомини ошириш, адвокатура институтининг мустақиллигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриш, адвокатура фаолиятига оид қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокат ва прокурор ўртасидаги тенглик принципини амалда таъминлаш чораларини кўриш вақти келди.
 
Президентимиз мулк ҳуқуқи дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида бўлиши лозимлиги ҳақида тўхталганлиги ҳам айни муддао бўлди. Келаси йилдан эътиборан ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилиши оқилона қарордир. Буни мулк дахлсизлигини таъминлаш йўли­даги жиддий қадамлардан бири, деб айтиш мумкин. Шу пайтга қадар ҳокимлар ердан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган қарорларни ўзлари қабул қилар, вақти келганда эса, уларни ўзлари бекор қилиши ҳам мумкин эди. Энди ана шу ваколатни чеклашнинг фурсати етди. Чунки бундай ваколат фақат ҳокимга берилиши турли адолатсизликларга сабаб бўлаётганлигини кўплаб мисоллар кўрсатмоқда. Конституциямизнинг 53-моддасида турли шаклдаги мулкларнинг тенглиги белгиланган бўлиб, уларнинг барчаси қонун ҳимоясидадир. Мулк ҳуқуқидан фақат суднинг қонуний кучга кирган қарори билангина маҳрум этилиши мумкин. Зеро, фақат шу йўл билан халқ розилигига эришамиз, фаровон келажагимиз кафолатини қонун устуворлигида кўрамиз.
 
Маърузада давлат идоралари фақат фуқароларга эмас, балки ўзларига нисбатан танқидий фикр­ларни ҳам адолат билан, холис кўриб чиқишлари лозимлиги тилга олинди. Оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши кераклиги таъкидланди. Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги хитоб шахсан Президентимиздан янграгани бизни беҳад қувонтирди.
 
Дарҳақиқат, демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак. Раҳбарларнинг журналистларга нописанд муносабати, ўзини ОАВдан олиб қочиши очиқлик ва ошкораликка путур етказиш билан бир қаторда юртимизнинг халқаро майдонда обрўсига салбий таъсир кўрсатади. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Амалдорлар оммавий ахборот воситаларидан гуноҳкор одам кўзини олиб қочганидек, қочмаслиги лозим. Аксинча, танқидни қабул қилиш, ундан хулоса чиқариш ҳам зарур. Ундан тўғри хулоса чиқариш, ўзини ўзи ислоҳ қилиш муваффақиятлар гаровидир.
 
Бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида қуйи ва ўрта поғонадаги раҳбарлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув ташкил этиш ўринли, деб биламиз. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мамлакат тараққиётининг энг муҳим шартидир. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга томошабин бўлмаслигимиз, уларнинг ичида бўлиб, дахлдорлик билан ишлашимиз, намуна кўрсатишимиз, камарбаста бўлишимиз, Ватанимиз тараққиёти йўлида янада жипсроқ бирлашишимиз лозим. Зеро, Конституция бирдамлик занжиридир.
 
Абдукамол Рахмонов,
Узбекистон "Adolat"
Сиёсий Кенгаши раиси уринбосари
 
 
 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” шиорининг маъно-моҳияти, хусусан, тиббиёт соҳаси тизимида амалга оширилаётган к...
01 янв 1970
Ҳар қандай жамиятдаги ислоҳотлар самараси учун энг муҳим мезон сўз эркинлиги ва қонун устуворлигидир. Давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган М...
01 янв 1970
Аҳолига қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда....