Таълимни ривожлантирмасдан тараққиётга эришиб бўлмайди

/
Таълимни ривожлантирмасдан тараққиётга эришиб бўлмайди
 
Партиямизнинг Сайловолди дастурида таълим тизими, хусусан, мактагача таълим, умумтаълим мактаби ва олий таълим тизимида қилиниши керак бўлган аниқ вазифалар қайд этилган. Жумладан, узлуксиз таълим тизимининг кейинги такомиллашуви, сифатли таълим хизматларига эга бўлишни ошириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдори эканлиги таъкидланган.
 
Дастурда мактабгача таълим даргоҳлари тизимини салмоқли кенгайтириш ва уларда болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни сезиларли равишда ошириш ҳамда педагоглар ва мутахассислар малакаси даражасини оширишни қўллаб-қувватлаш масаласи илгари сурилган.
 
Шунингдек, Дастурда умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, болалар спорти ҳамда мусиқа, санъат мактабларининг мавжуд объектларини реконструкция қилиш, янги биноларни қуриш, болаларни спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, уларни мусиқа ва санъат оламига қизиқтириш, аҳолининг мутолаа маданиятини ривожлантириш каби масалалар партия томонидан алоҳида эътиборга олинган.
 
Афсуски, умумтаълим мактабларида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ижросининг тиббий хизматга доир қисми тўлиқ ижро этилмаяпти. Умумий ўрта таълим муассасаларида тиббий хизмат етарли даражада йўлга қўйилмаган.
 
Шундан келиб чиқиб, партия ҳар бир мактабда тиббиёт хонаси, тиббий дори-дармонлар ва малакали тиббиёт ходими узлуксиз ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.
 
Бугун умумтаълим мактабларида таълим олаётган болажонларнинг аксариятида  кариес касаллиги кўпайган, сколез ва ясситовонлик ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. Бу касаллик  ларнинг олдини олишнинг бирдан-бир йўли мактабларда сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш, стоматология хизматларини кенгайтириш мақсадида умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим муассасаларида малакали бепул тиббий хизматни жорий қилиш, ривожлантириш ва болалар стоматологияси хизматини йўлга қўйиш лозим. Партия бу борада Сайловолди платформасида аниқ вазифаларни белгилаб олган.
 
Шунингдек, Дастурда халқаро миқёсда эркин рақобатлаша оладиган ёшларни ватанпарварлик ва миллий мустақиллик руҳида тарбиялашнинг муҳим омили сифатида партия умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиб, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, ўрта таълим тизимига STEAM таълимини жорий қилиш, ўқув дастурларида тарих, ўзбек тили ва адабиёти каби фанлардан ўқув соатларини кўпайтириш,  жаҳон билимлари ва маданий қадриятларини ўрганиш учун интернет тизимига чиқиш имконини берувчи компьютер технологиясидан фойдаланишни ўқув жараёнига чуқур киритиш, умумтаълим мактабларнинг бош­ланғич синфларида узайтирилган кун гуруҳларини жорий қилиш, умумтаълим мактабларида ҳам махсус фанларни чуқурлаштириб ўтиладиган синф­лар очилишини ташкил этиш, ўсиб келаётган ёш авлод ривожланишига китоб ўқиш маданиятини сингдириш тарафдори эканлиги таъкидланган.
 
Дастурда яна бир муҳим масала — умумтаълим мактабларида мактаб формасини жорий этиш масаласи бўйича ҳукумат қарорининг қабул қилиниши алоҳида эътиборга олинган. Бу эса, албатта, республика бўйича мактаб ўқувчилари ягона формада юриши, улар ўртасидаги тенгсизликнинг олдини олиши баробарида, болаларни интизомга, оддийликка, самимийликка ўргатади. Форманинг жорий этилиши таълим-тарбия сифатига ижобий таъсир кўрсатади, тартиб-интизомни мустаҳкамлаб, ўқув сифатини яхшилайди.
 
Таълим тизимида кадрларнинг ойлик иш ҳақи масаласи ҳам долзарб вазифалардан бири сифатида қайта-қайта таъкидланмоқда. Партия айни шу муҳим масалага алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, ўқитувчилар иш ҳақининг ошиши ва ижтимоий мавқеини кўтариш, ижтимоий пакетни яхшилашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни давом эттиришга аҳамият қаратиши белгиланган. Шу­нинг­дек, таълим олиш ва таълим сифатини ошириш стратегиясини қабул қилиш, амалдаги кўплаб қонунлар, қарорлар, кўрсатмаларни тизимлаштириш учун “Таълим тўғрисидаги кодекс”ни қабул қилиш таклифи киритилган. Бу таклиф эса ҳар бир соҳа ходимининг фаолиятини такомиллаштиришда, ишлаш тартибини  ихчамлаштиришга хизмат қилади. Истиқболда бутун таълим жараёнини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий асосни яратишга кўмаклашади.
 
Дастурда партия олий таълим тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш, АКТ воситалари билан таъминлаш, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш тарафдори эканлиги ҳам олоҳида қайд этиб ўтилган. Ушбу соҳада устувор вазифалар белгилаб олинган.
 
Партия олий таълимга кириш квоталарини бос­қичма-босқич ошириб бориш ва имтиҳонларни фақат бюджет (давлат гранти) асосида кирадиганлар учун қолдириш, контракт асосида ўқишни истайдиганлар учун имтиҳон ва синовларсиз ўқишга қабул қилишни йўлга қўйишни таклиф этади. Бу ёш авлоднинг имкониятини кенгайтиришда ҳамда сифатли таълим олишига асос бўлади. Ўқишга киришни осонлаштириш, аммо ўқишга бўлган талабни кучайтириш партиянинг Сайловолди платформасида алоҳида таъкидланган. Талаба яхши ўқимаса, курсдан курсга қолиб, қайта-қайта контракт пули тўлаб ўқийди. Қачонки талаба давлат стандартлари бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширса, унга олий маълумотлилик ҳақида битирув дипломи берилади. Бу йўл ҳам таълим сифатини ошириб, кадр­лар ўртасидаги рақобатни кучайтиришга ҳамда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. 
 
Таълим сифати ривожланса, ҳар бир соҳада ривожланиш кузатилади. Хусусан, тиббиёт тизимида ҳам. Партия ўзининг Сайловолди дастурида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тарафдори эканлигини алоҳида қайд этган.  
 
Бунда партия соғлиқни сақлаш соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири сифатида тан олиш билан бирга, соғ­лиқни сақлаш давлат секторини мустаҳкамлаш, соғ­лиқни сақлаш соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар сони ва инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш ва тайёрлаш самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт туризми ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга  эътибор қаратади.
 
Бунда белгиланган устувор мақсад — замонавий, юқори технологияли, самарали тез тиббий ёрдам хизматини шакл­лантириш. Партия шошилинч тез тиббий ёрдам тезкорлигининг замонавий жаҳон талабларига мос бўлиши, унинг юқори технологиялиги ва самарадорлигини таъминлаш, шошилинч тез тиббий ёрдамни бошқаришнинг ахборот тизимини жорий қилиш, тез тиббий ёрдам хизмати моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тарафдоридир. 
 
Шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» СДП Дастурида давлат соғлиқни сақлаш соҳасининг илмий мактабларини янада ривожлантириш, жарроҳлик, урология, кардиология, кўз микрожарроҳлиги, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия, тиббий реабилитация каби йўналишлар бўйича ихтисослаштирилган тиббий марказлар тизимини ривожлантириш тарафдоридир. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардан асосий мақсад соғлиқни сақлаш соҳасида устувор мақсадларни амалга ошириш ҳамда юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлашдан иборатдир.
 
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугун жамиятни таълим ва тиббиётсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳар икки соҳанинг ривожланишида, шубҳасиз, пар­тия­нинг ташаббуси ҳамда фаоллиги аҳамиятлидир. Бу борада Сайловолди дастурга киритилган аниқ мақсад ва вазифалар инсонларнинг манфаатлари ва соғлом турмуш тарзини таъминлашга хизмат қилади.
 
Саломат Назарова  
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
78-Термиз сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантир...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида олий таълим тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш, АКТ воситалари бил...
01 янв 1970
Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг хуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қ...
01 янв 1970
Адолат бор жойда қонун устуворлиги таъминланади. Бугун ҳар бир фаолият мезонини такомиллаштиришда қабул қилинаётган қонун ва бошқа бир қатор меъёри...