Янгиланишлар эҳтиёжи

/
Янгиланишлар эҳтиёжи
 
Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг хуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш “Адолат” СДП учун устувор йўналиш бўлиб қолаверади.
 
“Адолат” СДП асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиришга, шунингдек, қонуности хужжатларнинг сони ва доирасини қисқартиришга интилади. Қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши лозим. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади. Партия давлат бундан кейин ҳам инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий хуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблайди. 
 
“Адолат” СДП адолатли фуқаролик жамияти қурилишида бундан кейин ҳам давлатнинг яратувчанлик роли кучайиши тарафдори. Айни пайтда биз жамиятда янада катта ўзгаришлар юзага келиши ҳамда фуқароларга кўмак кўрсатилиши учун ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг оқилона ва самарали сарфланишини ёқлаймиз.
 
Партия кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этади. Аҳолининг ўта бойлар ва камбағалларга бўлиниб, кескин табақаланиб кетишига йўл қўймаслик, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бундан кейин ҳам партия­нинг асосий вазифаси бўлиб қолади. Биз ўзимизни анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлашга қодир куч, деб биламиз.
 
Партиямиз, унинг фаоллари, шу жумладан, Олий Мажлисга партиямиздан сайланган депутатлар ҳам бу мақсад ва вазифаларни адо этиш учун астойдил интилишиб, Ватанимиз равнақига, унинг жаҳондаги энг илғор, демократик давлатлар қаторидан ўзига муносиб жой олишини тезлаштиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Ҳа, бу борада қилинган ишлар талайгина, аммо бажарилиши лозим бўлганлари ундан ҳам кўп. Шу жиҳатдан олганда сайлов кампания­сида иштирок этаётган партиямизнинг Сайловолди платформаси билан биринчи танишгандаёқ унинг ўз ғояларига содиқ қолгани, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг манфаатини кўзлаб ишлайдиган, мамлакатимиз тинчлиги, жамиятимиз равнақи, эл фаровонлигини ўз фаолиятининг тамал тоши қилиб оладиган, ижтимоий адолат тамойилларига қатъий амал қиладиган, ҳуқуқий давлатни тезроқ қуриш тарафдори эканлигини пай­қаш қийин эмас.  Шунинг билан бирга, Дастурда бу мақсадларга етиш учун қандай ишларни қилиш лозимлиги, нималарга диққатни кўпроқ қаратиш зарурлиги ҳам аниқ белгилаб берилган. 
 
Ўз навбатида, Дастурдаги ғоялардан келиб чиққан ҳолда баъзи мулоҳазаларимни айтиб ўтмоқчи эдим. Назаримда, янги таркибга сайланадиган Олий Мажлис депутатлари баъзи зарур қонунларни қабул қилишлари керак бўлади. Жумладан, жамиятимизнинг таянчи бўлган аёлларимизнинг иш стажларини ҳисоблашда адолатни тиклаш пайти келди. Мен аёлларга болалари 2 ёшга тўлгунича бериладиган ҳақ тўланмайдиган таътилнинг пенсияга чиқаётган аёлнинг умумий меҳнат стажига киритилмаётганини назарда тутаяпман. Бундай тартибни қонун чиқариб, бартараф этиш керак. Келинг, ҳозир дунёни ўз кашфиётлари билан лол қилаётган японлардан ўрнак олайлик. Ахир, улар уйда болаларига қараб ўтирган, ёзишни, чизишни, ўқишни ўргатаётган аёлларга маош тўлаяптилар. Наҳотки, ўзбек аёллари болага қараб ўтказган 2 йилни меҳнат стажи деб ҳисобланишига лойиқ бўлишмаса?
 
Касаллик варақаларига ҳақ тўланишини, мулк шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи ҳамма субъектлар учун мажбурий қилиб белгилаш ҳақида қонун қабул қилинса, яхши бўларди. Ҳозир бу иш берувчининг ихтиёрига ташлаб қўйилган. ўазнасида сичқон ҳассасига таяниб турган корхона, фермер хўжалиги раҳбари бу ваколатдан фойдаланиб, касаллик варақаси бўйича ҳақ тўламасликка интилмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Тўлашга маблағи бўлмаган субъектларга айнан шу мақсадларга ишлатиш учун кредит, ссудалар бериш тартиби ҳам белгилаб қўйилса, нур устига нур бўларди. 
 
Собиқ шўролардан мерос қолган бир нуқсонимиз: танқид қилган одамга қасд қилишдан қутулишимиз қийин бўлаяпти. Бунинг давоси сифатида ҳам битта қонун қабул қилиниб танқид учун тазйиқ ўтказиш, таъқиб қилиш исботланганда, бундай раҳбар, мансабдор шахснинг лавозимдан бўшатилиши ва албатта, жиноий жавобгарликка тортилишини белгилаб қўйиш керак, деб ҳисоблайман.
 
Шунингдек, нархлар ва тарифларни  ошириш, пасайтириш қонун чиқарувчи ҳокимият — Олий Мажлиснинг мутлақ ваколатига киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки ҳозир нархлар ва тарифлар, аҳамият беринг, Молия вазирлигининг декларациясига биноан оширилаяпти. Бундай ваколатни бу вазирликка ким берган? Бу иш нимага асосан ва қандай мақсадда амалга оширилаётгани йўл-йўлакай исботланиб эмас, шунчаки қайд этилиб кетилаяпти, холос. Бу ваколат Олий Мажлисга ўтказилгач, ҳар гал нархлар ва тарифлар ўзгарганида, бу ташаббус билан чиққан вазирлик, идора ўз фикрини депутатларга исботлаб бериши, ҳамма ҳисоб-китобларни тақдим этиши, нархларнинг ва тарифларнинг оширилиши халқнинг реал даромадларининг, турмуш даражасининг пасайиб кетмаслигини далиллаб бериши шарт эканлиги белгилаб қўйилса яхши бўларди.
 
Ва, ниҳоят, олий ўқув юртларига давлат грантлари асосида кирган талабаларнинг масъулиятини оширишга қаратилган қонунос­ти ҳужжатини қабул қилиш зарур. Унда олий ўқув юрти ректорига ҳар бир семестр якунига кўра (ўқув йили эмас, айнан семестр якунига кўра) имтиҳон ва синовлардан биттасини топширмаган талабани давлат грантидан контракт шартномаси асосида ўқийдиган талабалар сафига тушириш ва аксинча, контракт асосида ўқиётган ва семестрнинг ҳамма синовлару имтиҳонларидан яхши ва аъло баҳоларда ўтган талабани унинг ўрнига грант асосида ўқитишга ўтказиш ваколатларини бериш кўзда тутилса, ижтимоий адолат яна бир соҳада қарор топган бўларди, деб ҳисоблайман.
 
Сайлов кампаниясини муваффақиятли ўтказиб, мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятига вакил бўлиб сайланадиган партиямиз вакилларининг  юрт ва эл фаровонлигини, тинчлиги ва тараққиётини таъминлайдиган қонун ҳужжатларини тайёрлаш ва улар ижросини ташкил қилишда фаоллик кўрсатишларига эса шубҳа бўлиши мумкин эмас.
 
Музаффар Мамадалиев
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
9-Андижон сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида олий таълим тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш, АКТ воситалари бил...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида таълим тизими, хусусан, мактагача таълим, умумтаълим мактаби ва олий таълим тизимида қилиниши керак бўлган аниқ ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантир...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...