Партиямиз фаол ташқи сиёсат, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик тарафдори

/
Партиямиз фаол ташқи сиёсат, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик тарафдори
 
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимиз тараққиёти ва юрт фаровонлигига дахлдор кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари, шаҳар ва қишлоқларида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, халқ фаровонлигини ошириш йўлида қўлга киритаётган натижаларини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб, ўзига муносиб ўрин эгаллаётгани қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
 
Айниқса, сўнгги уч йилда мамлакатимиз ташқи сиёсатида биз кенг кўламли вазифаларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Кўпгина мутахассислар бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ҳамда Ўзбекистондаги трансформация жараёнлари нафақат ўзбек халқи, балки Марказий Осиё давлатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганини эътироф этмоқдалар.  
 
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Марказий Осиёдаги қўшниларимиз билан конструктив мулоқот ўрнатилиб, улар билан яхши қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланмоқда. Ўртадаги чегаралар очилиб, борди-келди алоқалар ҳар қачонгидан ҳам кенгайди. Айнан Ўзбекистон таклифлари туфайли минтақада ўзаро ҳамкорлик учун қулай муҳит шаклланди. Айнан Ўзбекистон ташаббуслари туфайли минтақавий хавфсизликнинг таъминланиши бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари туфайли Афғонис­тонда тинчлик ўрнатиш бўйича халқаро мулоқот йўлга қўйилиб, изчиллик касб этмоқда.
 
Шу билан бирга, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш,  мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин мамлакатлар билан дўс­т­о­на ва конструктив ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқ­аро имижини юксалтириш йўлида ҳали қатор вазифаларни ҳал қилишимиз лозим.
 
Жорий йилнинг 22 декабрь куни барча даражадаги вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўраётган “Адолат” социал-демо­кратик партияси мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш ва тинчликсевар динамик ташқи сиёсат олиб боришда шу каби бир қатор вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб олмоқда.
 
Биз барча мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган давлатнинг динамик ташқи сиёсати, Марказий Осиёнинг амалда бар­қарор, ҳар томонлама ривожланган ва қўшничилик алоқаларини йўлга қўйган минтақага айланиши тарафдоримиз. 
 
Партиямизнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг давлат­лараро муносабатларда тенг ҳуқуқли ва масъулиятли шерик бўлишига ёрдам беришдан иборат. Биз давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида давлатимиз ўрни ва ролини кучайтириш, Ўзбекистоннинг турли ҳарбий блоклар ва иттифоқлардаги иштирокига йўл қўймаслик тарафдоримиз.
 
Партиямиз, шунингдек, БМТ­нинг барқарор ривожланиш мақсадлари, БМТ ва бошқа халқ­аро ташкилотларнинг тегишли ижтимоий ва инсонпарварлик дастурлари доирасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик тарафдори эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаймиз. Биз ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, савдо ва инвестицион фаолият учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш мақсадида трансчегаравий, транспорт-коммуникацион, инфратузилмавий ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.
 
Биз Ўзбекистон миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш мақсадида, парламентлараро ҳамкорлик ва партиявий дипломатия йўналишлари бўйича халқаро алоқаларни кенгайтириш тарафдоримиз. Ҳозирча парламент дипломатияси мамлакат ташқи сиё­сатининг муҳим инструментига айланди, деб тўлиқ ишонч билан айтиш мумкин эмас. “Адолат” СДПнинг халқаро алоқалари ҳам талаб даражасида эмас. Айниқса,  хорижий давлатларнинг социал-демократик йўналишдаги партиялари, нуфузли халқаро сиёсий ташкилот ҳисобланган Социалистик интернационал ташкилоти билан фаол ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.
 
Маълумки, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик, жамиятда фуқаролар келишуви — тинчлик ва барқарорлик гарови ҳисобланади. Биз “Халқимизга, энг аввало, тинчлик ва хотиржамлик керак!” деган принципни изчиллик билан амалга ошириш тарафдоримиз. Ҳозирги ўзгарувчан даврда, турли хавф ва таҳдидлар кучаяётган шароитда, бизнинг бебаҳо бойлигимиз — тинчлик ва хотиржамлигимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз, миллатлар ва динлараро тотувликни янада мустаҳкамлашимиз, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини таъминлашимиз зарур.
 
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг анъанавий маданий меросини қайта тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугунги кунда юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар.
 
Ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик чуқур тарихий илдизларга эга бўлган ҳодиса ҳисобланади. Қадимдан Ватанимиз ҳудуди бўйлаб Буюк ипак йўли ўтган бўлиб, у Шарқ ва ўарбни ўзаро боғлаб турган ва миллатлараро мулоқотнинг ривожланиши ҳамда аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бағрикенглик ғояларининг қарор топишига мустаҳкам замин яратган. Ҳозирги кунда мамлакатимизда миллатлараро аҳиллик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
Турли-туман  миллий гуруҳларга нисбатан бағрикенг муносабатда бўлиш — бу нафақат ижтимоий-иқтисодий воқелик тақозоси, балки юксак инсонпарварлик вазифаси ҳамдир. Биз энг катта бойлигимиз бўлмиш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини мус­таҳкамлаш, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришни ўзимизнинг энг устувор вазифамиз сифатида кўрамиз.
 
Биз “адолатчилар” жамиятда бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қайси динга мансублигидан қатъи назар, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлигига қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз ва муқаддас ислом динимизни ниқоб қилиб олиб, уни нотўғри тал­қин қилган, ўз бузғунчи ғоялари билан тинч ва фаровон ҳаётимизни бузиш ниятида бўлган зарарли кучларга қарши қатъий кураш олиб борамиз.
 
Ўзбекистоннинг замонавий Ҳарбий Кучлари — халқнинг фаровон ҳаёти, давлат хавфсизлиги ва барқарорлигининг ишончли кафолати ҳисобланади. Кейинги уч йил ичида мамлакатимиз мудофаа соҳаси — Қуролли Кучлар тизимида давлат ва жамият манфаатларини таъминлаш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат тизимида стратегик режалаштириш бўйича улкан аҳамиятга эга бўлган янгиланган Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги даражаси янги сифат босқичига кўтарилди. Кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланди. Жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар жорий этилди. Ҳарбий соҳада халқ­аро ҳамкорлик миқёси, ўзаро ишонч ва ўзаро тажриба алмашиш кенгайди. 
 
Энг замонавий қуроллар билан таъминланиш ҳисобига Қуролли Кучлар моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси сезиларли равишда кучайтирилди. Бугун халқ билан армиянинг бирлиги, якдиллиги амалда тўлиқ намоён бўлиб, ҳарбий хизмат жамиятда чинакам шарафли касбга айланди.
 
Шу билан бирга, биз ушбу йўналишдаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш ва янада чуқурлаштириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Биз армиямиз қиёфаси, ҳарбий имкониятлари, моҳияти, ҳарбий жамоа­лардаги ахлоқий ша­роитни тубдан ислоҳ қилиш, қўшинни замонавий ва ишончли қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника, энг янги ўқув воситалари, ўқув-моддий база билан таъминлаш, қўшин таркибида ахборот-коммуникацион технологияни жорий қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.
 
Хусусан, нафақага чиққан захирадаги ҳарбийларимизнинг пул маблағларини кўпайтириш, уй-жой муаммоларини ҳал қилиш, пенсия ва тиббий таъминот тизимларини яхшилаш, ижтимоий мослашувига кўмаклашиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
 
Қодир ЖЎРАЕВ
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
31-Вобкент сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва ма...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида олий таълим тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш, АКТ воситалари бил...
01 янв 1970
Солиқлар давлатнинг иқтисодий таянчи ҳисобланади. Сайловолди дастуримизда алоҳида қайд этилганидек, давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар ...