“Шов-шув”ли чиқишлар таълим-тарбияга қандай таъсир қилади?

/
Кейинги пайтларда айрим интернет сайтлардаги бир қатор “шов-шув”ли чиқишларда юртимиз фарзандларига таълим-тарбия бераётган ўқитувчилар, таъбир жоиз бўлса, “нишон”га олинмоқда. Бу эса азалдан аждодларимиз “отангдан улуғ” деб уқтирган устозларга сайт ижодкорларининг маълум даражада муносабатини ҳам ифодалайди.
Биргина “мажбурий обуна” деган важ билан ўқитувчиларга қанча “айб”лар қўйишди. Газета-журналга обуна бўлган муаллим нақ жиноятчига чиқарилгандай бўлди гўё.
Айниқса, ҳамкасбига “фалон газетага сен ҳам обуна бўлсанг, яхши бўларди”, деган ўқитувчи балога қолиши аниқдай. Бирор муаллим ўзи истаса ҳам газета-журналга ихтиёрий обуна бўлишдан чўчийдиган эмас, қўрқадиган ҳолга тушди, десак ишонаверинг. Бир амаллаб обуна бўлган муаллимлар ҳам бора-бора севимли газетасини ҳеч кимга кўрсатмай ўқиса, дарс жараёнида ўқувчиларга ҳам фойдали мақолалар ҳақида энди лом-мим демаса, ажаб эмас! Обуна бўлмаган ўқитувчилар эса газета-журнални ўз уйида хотиржам варақлаш имконидан айрилди ҳисоб. Аслида китобхонлик, демак, газетхонлигу журналхонлик кўникмаси ҳам фарзандларимизда оила, боғча ва мактаб муҳитида шаклланиб, мустаҳкамланиб бориши, бунинг учун, аввало, ота-оналар, муаллимларнинг ўзи ибрат бўлиши зарурлигини “шов-шув”севарлар унутиб қўйишди чоғи. Буларнинг барчаси МАЪНАВИЯТ тушунчаси билан боғлиқ эканини назарда тутсак, “мажбурий обуна” баҳонасида пашшадан фил ясашга уринишлар оқибати миллат маънавиятига салбий таъсир қилишини англаймиз. Ўқитувчиларга ёрдам бериш, таълим соҳасида мавжуд муаммолар ҳақида ёритишни истаган ижодкор дилидан “Матбуот нашрларига обуна бўлиш ихтиёрий экан, келинг, буни барча қатори ўқитувчиларнинг ҳам ўз ихтиёрида қолдириб, уларни тинч қўяйлик”, деган фикр кечиб қолар, деб умид қилдик. Хайрият, шу мазмундаги чиқишлар ҳам йўқ эмас.
Барчага аёнки, муаллимлару ўқувчиларни ўйлантираётган, таълим сифатига салбий таъсир қилаётган бир қатор муаммолар жойларда ҳамон ечимини кутмоқда. Ана шулар ҳақида “шов-шув”ларсиз ҳам асослантирилган мақолалар орқали ўқитувчиларнинг оғирини енгил қилишга кўпроқ ҳисса қўшсалар, ҳар ҳолда уларни газета-журнал ўқишдан мосуво қилишга “кўмаклашиш”дан кўра, фойдалироқ бўларди, албатта.
Шулар ҳақида ўйлаб ўйимизга етолмай юрганимизда айрим сайтларда ўқитувчи-устозларни обрўсизлантиришга, айниқса, ўқувчиларнинг ўқитувчига бўлган ҳурматини пасайтиришга “ҳисса” қўшадиган “шов-шув”ли хабарлар кетма-кет тарқала бошлади. Улардан бирида уч-тўрт нафар ўқувчидан келиб тушган шикоят асосида юртимиздаги умумтаълим мактабларидан бирида ўрганиш ўтказилгани ҳақида ёзилган. Яъни шу мактабдаги ўқитувчи ўғил болалардан уч-тўрт нафар ўқувчининг “сочини қайчилаб ташлаган” ҳолати жойига бориб ўрганилгани, охир-оқибатда “айбдор” — маънавият бўйича директор ўринбосари “ўз ариза”сига кўра ишдан бўшаб, яна икки ўқитувчи ҳам “ҳайфсан” олгани ҳақида бонг урилди. Мактаб ўқитувчиларининг, сочи билинар-билинмас қирқилган ўқувчининг “далил” сифатидаги суратларини кўриб, бу чиқишлар миллионлаб ўқувчиларнинг маънавиятига, тарбиясига, муаллимларнинг фикрига қандай таъсир қиларкан, деган савол бизни ўйлантириб қўйди.
Ана энди калталатиш учун огоҳлантириш маъносида озгина сочи, сайт мақоласида айтилганидек, “билинар-билинмас” қирқилган (“қайчилаб ташланган” эмас) ўқувчилар ўзини ўқитувчилар олдида қандай ҳис этишини тасаввур қилинг. Шикоятлари бундай натижа берганидан сўнг улар нақ “қаҳрамон”га айланиб қолмадимикан? Бу ҳол бошқа ўқувчилар тарбиясида қандай акс-садо беради, деб ўйлайсиз? Шундай жазоланишлар ҳақида ўқиган баъзи ёшлар мактабларда ўқувчиларни тарбиялашга интилган устозлар устидан шикоят қилсак, ўқитувчилар бизга “ғиринг” демайдиган бўлади, деб ўйлашса-чи? Қай бир ўқувчи мактаб тартиб-қоидаларига бўйсуниб, устозларни ҳурмат қилиб, улардан билим олиш ўрнига уни тартибга чақирган ўқитувчини “ҳуқуқимни поймол қиляпти”, деб айблашга ўрганиши ҳеч гап эмас.
Иккинчи томондан, бу “шов-шув”лардан балки юраги шувиллаб қолган ўқитувчилар энди таълим масканларида ёшларни қандай қилиб тарбиялайди, уларга талабчан бўла оладими? Балки бошқаларни ҳам, айниқса, ўқитувчиларни (!) шу мазмундаги саволлар ташвишга солаётган бўлса, ажаб эмас. Ўйлайманки, бундай саволларга бефарқ қарасак, эртага бу бизга қимматга тушиши мумкин. Газета-журнал ўқиш-ўқитишдан деярли мосуво қилинаётган ҳамкасбларимиз, яъни устозлар эндиликда ота-оналар уларга ишониб топшириб қўйган фарзандларни тарбиялашдан ҳам қўрқиши, ўз ҳолига ташлаб қўйиши керак эмас. Мақолада тарбия мақсадида ўқувчиларнинг сочини билинар-билинмас қирқиб қўйган ўқитувчига “ҳайфсан” беришмоқчи бўлганида, у ўз аризасига биноан ишдан бўшагани ҳақида ёзилган. Ким билади, балки муаллимнинг ҳафсаласи пир бўлиб, барчасига қўл силтаб, ариза ёзиб қўя қолгандир.
Шу ўринда интернет тармоқларида, таъбир жоиз бўлса, кўпиртириб ёзиш, ўқитувчиларнинг суратларини “айбдор” каби “илиб” қўйиш даражасида муаммо жиддиймиди ўзи, деган савол туғилади. Агар у қадар жиддий бўлмаса, устозларни бунчалик изза қилиш ўринли бўлдимикан? Очиғи, устоз деган сўзга халкимизнинг ҳурмати ҳаққи, соч қирқиш важи билан муаллимларни изза қилишга озгина ийманишмаганлиги дилимизни оғритди. Бундай чиқишлар эса жамиятда ўқитувчиларнинг мавқеи, обрўсига ҳам озми-кўпми дахл қилмай қолмаса керак.
Шу ўринда энди оддий ҳаётга бир назар ташлаб кўрайлик. Дейлик, 25 ёшдан ошган барча эркак кишилардан ўқувчилик пайтларида шундай ҳолатлар бўлганми, деб сўрасангиз, кўпчилиги кулимсираб “ҳа, шундан сўнг сочини олдириб келади-да”, дейиши тайин. “Хафа бўлганмисизлар?”, десангиз, “Йўқ, бунинг нимасига хафа бўлади, “жулик” бўлиб кетмасин, дейишган-да”, дея суҳбат давомида ўқитувчиларни меҳр билан эслайдилар. Агар уларга нисбатан ҳам юқорида зикр қилинган каби муносабатда бўлинганида эҳтимол, минглаб ўқитувчилар кўпчилик олдида изза қилиниб, ишдан бўшатилиб, “ҳайфсан”лар ёғилган, ўқувчилар эса билим олиш, тартиб-интизомга риоя этиш ўрнига шикоятбозликни авж олдириб юборишган бўлишарди...
Психолог сифатида бола руҳияти нозик ва таъсирчан бўлиши, унинг тарбиясини тўғри йўналтириш зарурлигини айтишни истардим. Айниқса, уларни бу масалада адаштириб қўймаслигимиз шарт.
Мақолада ёзилганидек, “дакки эшитиб, сочи кесиб ташланган бўлса ҳам ҳалигача сочини калталатмай юрган ҳолатга ҳам гувоҳ бўлдик” деган жумлаларни “сочи билинар-билинмас қирқилган болалардан бири (ёки баъзилари) ҳалигача сочини калталатмабди”, деган мазмунда ифодаласа ҳам бўларди, албатта. “Бўлим мудири билан 22 январь кунги суҳбатимизда, мудир ходим ишдан бўшатилганлиги хусусида лом-мим ҳам демаганди”, каби жумлалар эса одамларнинг “тўртинчи ҳокимият” шу бўлса керак, деб ўйлашига бир туртки бўлар балки.
Бизнингча, интернет сайтларида шунчалик “жар” солиш шарт эмас эди. Мактабнинг ўзида устозлар ва ўқувчилар, ота-оналар билан суҳбатлашиш орқали ўртадаги тушунмовчилик бартараф этилса, ўқувчиларнинг тарбиясига ижобий таъсир қилармиди? Ҳалигача сочини калталатмай юрган ўқувчи ҳам ўша заҳотиёқ арзимаган бу “далил”дан воз кечиб, олтиндан қиммат вақтини билим ўрганишга сарфлаш ўзи учун фойдали эканини тушуниб қолармиди? Ва қачондир улар ҳам “шўх бўлганмиз-да”, деб эслашармиди. Ҳар ҳолда “бир пайтлар устозларни изза қилганмиз, эсласак ўзимиздан уялиб кетамиз. Биз-ку бола эдик, ўша пайтда “ҳайбаракаллачи” акалар биздан кўра, ҳаётда оқ-қорани таниган одамлар эмасмиди”, деб афсуслангандан кўра, самимий меҳр, кечиримлилик ҳисси устувор қолгани афзал.
Эркак ўқитувчиларни умумтаълим мактабларига қайтариш ҳақида кўп бор айтилмоқда, бу борада аҳвол ижобий томонга ўзгараётгани ҳам бор гап. Ўқитувчиларнинг жамиятда обрўсини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки буни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Юқоридаги каби “шов-шув”ли чиқишлар эса, айниқса, эркак ўқитувчиларни мактабда ишлаш фикридан қайтариб қўйиши мумкин. Бу яхши аломат эмас...
Сўзимнинг охирида айтмоқчи бўлганим, қадим Шарқда фарзанд тарбиясига ҳамиша жиддий қаралган. Фарзандларга, айниқса, ўғил болаларга талабчан ва қаттиққўл бўлишган. Ана шу талабчанлик ва қаттиққўллик меваси ўлароқ, ота-боболаримиз орасидан етишиб чиққан даҳолар дунёни лол қолдиришган.
Биз-чи? Биз қай йўлни танлаяпмиз, азиз замондош?!
Феруза ҚАРШИЕВА,
Хатирчи туманидаги 10-умумтаълим мактаби психолог ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам....
01 янв 1970
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
01 янв 1970
Қувасой шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси фидойилик билан меҳнат қилмоқда. Бу қўлга киритаётган муваффақиятларимизда...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш йўлидаги бунёдкорлик ишлари учун кенг имкониятлар яра...