Жамиятни орқага тортувчи эмас,олдинга бошловчи бўлишимиз керак

/
Жамиятни орқага тортувчи эмас,олдинга бошловчи бўлишимиз керак
 
Мамлакатимизда  олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниши зарур. Соҳага бўлган эътибор ҳам ҳар қачонгидан юқори эканлиги бежиз эмас. Инновацион фикрлайдиган талаба-ёшларни тарбиялаш муҳим стратегик вазифага айланмоқда. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар, ҳеч шубҳасиз, келажакда халқимиз орзу қилган жиддий сифат ўзгаришлари учун замин яратади.
 
Айни вақтда тобора шиддатли суръатлар билан ўзгариб, олдимизга янгидан-янги, ўта муҳим ва долзарб вазифалар қўяётган бугунги замонда фақат  ташкилий-амалий ўзгаришларнинг ўзи етарли эмаслигини барчамиз яхши тушунамиз. Буни  мазкур тизимда кўпгина муаммолар ҳали-ҳануз сақланиб қолаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
 
Албатта, масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, мавжуд муаммоларнинг ечими кўп жиҳатдан олий ўқув юртларининг моддий-техник базаси етарли даражада эмаслиги, молиявий таъминот, яъни молиявий ресурсларнинг тақчиллиги билан изоҳланади. Бироқ аксарият муаммолар ва уларнинг ечими тизимнинг ич-ичида экани, улар йиллар давомида шаклланган бепарволик кайфиятига, бир сўз билан айтганда, инсон омилига боғлиқ бўлиб қолаётгани аён бўлади.
Соҳадаги аниқ ва конкрет муаммолар ҳақида гапирадиган бўлсак, аксарият профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, уларнинг асосий қисми ўз устида ишламасдан, фақат кун ўтказиш билан овора экани, онгу тафаккури замон талабларидан орқада қолиб, бундан 30-40 йил олдинги қолип ва мезонлар доирасида қотиб қолганини афсус билан қайд этишга тўғри келади. Профессор-ўқитувчилар учун ташкил қилинган малака ошириш курслари самарасиз ва номига иш олиб боради, уларда дарс бераётган профессура таркибининг савияси паст бўлиб, улар бугунги Ўзбекистонда олиб борилётган сиёсатнинг маъно-мазмунини ҳам, давр талабларини ҳам тўғри тушунмайди.
 
Яна бир масала — олий ўқув юртларидаги илмий кенгашлар фаолияти ҳам талабга мутлақо жавоб бермайди. Илмий тадқиқот ва диссертациялар номига муҳокама қилиниб, Олий аттестация комиссиясига тавсия этилади. Табиий савол туғилади: Ўзбекистонда шунча номзодлик ва докторлик диссертациялари ёқланаётган бўлса, нима учун ҳақиқий олимлар бармоқ билан санарли даражада кам? Нима учун ўнта, юзта фан номзоди ёки фан докторидан фақат 2-3 таси аналитик фикрлай олади? Ёки аксинча — оддий журналистлар, адиб ва илмий ходимлар ўртасида фаолият самарадорлиги, аналитик фикрлаши нуқтаи назаридан ўнлаб олимларнинг ўрнини босадиганлари, бераётган илмий-ижодий маҳсулотлари жамият тараққиёти учун ғоят фойдали эканлари қанча?! Нима учун уларни илмий, ўқув-тарбиявий жараёнларга жалб этиб, илмий даража ва унвонлар бериб рағбатлантирмаймиз? Ахир, улар ҳам ўзимизнинг фидойиларимиз-ку!  Қачонгача олдимиздан оққан сувнинг қадри бўлмайди!
 
Афсуски, мамлакатимиз олий ўқув  юртларида коррупция ва таъмагирлик балоси ҳамон сақланиб қолмоқда. Кириш имтиҳонларида (айниқса, ижодий имтиҳонлар, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни ўзимиздаги таълим муассасаларига кўчириш учун ўтказиладиган имтиҳонларда) таниш-билишчилик, коррупция ва таъмагирлик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Аксарият олий ўқув юртларида жамоатчилик назорати ўрнатилмаган бўлса ҳам номига иш юритади. Жамоатчилик кенгашлари ҳам қоғозда бору, амалда фаолият юритмайди.
 
Барчамизни ўйлантириши керак бўлган яна бир долзарб масала — магист­ратуранинг ҳамон эски тизимда қолаётгани, ижобий ўзгаришларнинг деярли йўқлиги, магистратурага кириш имтиҳонлари билан Давлат тест маркази эмас, балки олий таълим муассасаларининг ўзи шуғулланаётгани, шу боисдан бу борада турли қаллобликлар, коррупциоген ҳолатлар йўқолмаётгани ачинарлидир.
 
Энг ёмони ана шундай муаммоларнинг мавжудлиги талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар ва бутун хал­қимиз ўртасида тизимдаги ислоҳотларнинг натижадорлигига бўлган ишонч­ни сусайтирмоқда.
 
Жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган яна бир масала — талабалар учун контракт тўловлари миқдори ва талабалар стипендияси масаласидир. Маълумки, контракт нархлари иш ҳақига боғлаб қўйилган бўлиб, иш ҳақи миқдори ҳар ошганда контрактлар ҳам шунга мутаносиб равишда ошиши белгилаб қўйилган эди. 1 августдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ иш ҳақи миқдори 10 фоизга оширилди. Контракт тўловлари ҳам шунга мувофиқ 10 фоизга оширилиши керак эди. Бироқ амалда бундай бўлмади. Турли важлар баҳонасида контракт тўловлари асоссиз равишда таълим йўналишларига қараб, 15 фоиздан 23 фоизгача оширилди.
 
Бу масала учун мутасадди шахслар, шундоқ ҳам контракт тўловларини тўлашга қийналиб юрган оилаларга буни қандай тушунтириб беришади?
Афсуски, стипендиялар масаласида ҳам шундай адолатсизликка йўл қўйилмоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб, давлат гранти ва тўлов контракти асосида ўқийдиган барча талабалар учун стипендия миқдори учун барча бир хил, яъни 400 минг сўм этиб белгиланди. Стипендиялар ҳажмининг талабаларнинг оралиқ синовлар даврида олган баҳоларга нисбатан дифференцияси, яъни, “ўрта”, “яхши”, “аъло” баҳолар учун стипендия бекор қилинди. Бунинг ўрнига фаол, аълочи, жамоатчи талабалар учун олий ўқув юртлари ректорлари томонидан стипендиянинг 50 фоизигача, яъни 200 минг сўмгача мукофот пули жорий қилинади.
 
Бу “янгилик” “5” баҳо олишга астойдил интилаётган аълочи талабаларнинг иштиёқини сўндириб қўйиши ҳеч гап эмас. Талабанинг 50 фоизлик мукофотни олишга уриниши турли қин­ғирлик ва адолатсизликларни келтириб чиқармайдими?
 
Хулоса қилиб айтганда, олий таълим тизими мутасаддилари соҳада бир талай муаммолар борлигини, мамлакатимиз Президенти ва халқимизнинг ишончини оқлай олмаётганини тўлиқ анг­лаб етишлари лозим. Бепарволик, мавжуд муаммолардан кўз юмиш ёки уларни хаспўшлаш билан узоққа боролмаймиз. Айниқса, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган ҳозирги ўта муҳим даврда мутасадди раҳбарлар ўз зиммасида қандай катта масъулият турганини чуқур ҳис этишлари лозим.
 
Партиямиз Сайловолди дастурида ўз олдига ҳаётимизда учраётган ана шундай муаммоли масалаларга ҳуқуқий ечим топишни мақсад қилиб қўйган.
 
ДилоромШамсиева
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
39-Қизилтепа сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳоли саломатлиги, шубҳасиз, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир.
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят ва Шўрчи туман кенгашлари томонидан туман маданият саройида “Биз адолат тарафдоримиз!&r...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида олий таълим тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш, АКТ воситалари бил...
01 янв 1970
Адолат бор жойда қонун устуворлиги таъминланади. Бугун ҳар бир фаолият мезонини такомиллаштиришда қабул қилинаётган қонун ва бошқа бир қатор меъёри...