Кучли ижтимоий сиёсат — фаровон турмуш асоси

/
Кучли ижтимоий сиёсат — фаровон турмуш асоси

Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва мавқеи тобора юксалмоқда. Тарихан қисқа муддатда барча соҳада улкан ютуқларга эришилдики, уларнинг ҳар бири дунё манзараси ўзгариб, турли минтақалар низолар ўчоғи ҳамда тўқнашувлар гирдобида қолган ҳозирги мураккаб даврда жуда аҳамиятлидир. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон ўз олдига ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, очиқ сиёсат олиб бориш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадини қўйган эди. Биз бугун бу ислоҳотлар натижаларини дунёқарашимиз, ҳаётга муносабатимиз ҳамда турмуш тарзимиздаги ўзгаришларда кўриб турибмиз.

Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида юз бераётган ислоҳотлар билан бир қаторда, соғлиқни сақлаш, таълим, санъат ва маданият, жисмоний тарбия ҳамда спорт каби жабҳаларда ҳам бозор иқтисодиётига хос ўзгаришлар юз берди.

Маълумки, жамиятнинг юксак интеллектуал салоҳияти – мамлакатнинг рақобатбардошлигини таъминловчи, барқарор ривожланишнинг ҳал қилувчи омилидир. Таълимга инвестиция киритиш – бу келажакка сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир.  Боиси, маърифатли бўлиш ва таълим олиш ёруғ келажак, бағрикенглик ва инсонпарварлик калитидир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси эса узлуксиз таълим тизимининг кейинги такомиллашуви, сифатли таълим хизматларига эга бўлишни ошириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдоридир. Бунинг учун мактабгача таълим даргоҳлари тизимини салмоқли кенгайтириш ва уларда болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, боғча ёшидаги болаларнинг қобилиятларини психологлар ёрдамида аниқлаб, уларнинг махсус ихтисослаштирилган синфларда ўқитилишини ташкил қилиш зарур. Шунингдек, умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, болалар спорти ҳамда мусиқа ва санъат мактабларининг мавжуд объектларини рекон­струкция қилиш,  аҳолининг мутолаа маданиятини ривожлантириш каби масалалар ҳам партия Сайловолди дастуридан кенг ўрин олган. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир мактабда тиббиёт хонаси бўлиши, зарур дори-дармонлар билан таъминланиш ва малакали тиббиёт ходими узлуксиз ишлашига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Партия Сайловолди дастурида умумтаълим мактабларида ўқитувчилар иш ҳақининг ошиши ва ижтимоий мавқеини кўтариш, Таълим тўғрисидаги кодексни қабул қилишни таклиф қилаяптимиз. Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишларни давом эттириш, хусусан, ОТМларнинг моддий-техник базасини замонавийлаштириш, миллий ОТМларнинг хорижий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, илмий-педагогик фаолиятга чет эллик юқори малакали ўқитувчи ва олимларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик ва ҳеч нарсага алмашинмайдиган капитал, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Соғ­лиқ – бу нафақат бойлик, балки катта салоҳият, мамлакат ижтимоий ва иқтисодий ривожланишини ҳаракатга келтирувчи асосий куч, давлат қудрати кўрсаткичидир. Рўёбга чиқарилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг амалий ифодасини соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга етди. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда оналар ҳамда болалар ўлими бир неча баробар камайди. Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Минг йиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришганини алоҳида таъкидлаш зарур. Шу боис партия аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғ­лиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдоридир. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон «Адолат» СДП давлат соғлиқни сақлаш соҳасининг илмий мактабларини кенг ривожлантириш, жарроҳлик, урология, кардиология, кўз микрожарроҳлиги, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия, тиббий реабилитация каби йўналишлар бўйича ихтисослаштирилган тиббий марказлар тизимини ривожлантириш тарафдори. Бу борадаги устувор мақсад — аҳолига барча даражалардаги (республика, вилоят ва туман) юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлашдан иборат.  

Кучли ижтимоий сиёсат юритиш ва уни барқарор ривожлантиришнинг яна бир энг муҳим вазифаси, бу миллий фармацевтик саноатни қўллаб-қувватлаш саналади. Фармацевтик саноатни ривожлантириш, янги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва аҳоли, тиббий ташкилотлар талабидаги импортнинг ўрнини босувчи дорилар ва тиббиёт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ошириш – бу иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишида муҳим омил, аҳолининг ижтимоий ҳимояланиши кафолатидир.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни ривожлантириш баробарида, кам таъминланган аҳоли қатламларини манзилли ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бугун беқиёс самара бермоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимиз аҳоли турмуш даражасини юксалтириш борасидаги қатор кўрсаткичлар бўйича дунёдаги етакчи давлатлар қаторидан жой олаётгани ҳам юртимизда кучли ижтимоий сиёсат юритишда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг нечоғли оқилона ва пухта эканлигини яққол тасдиқлайди.

Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партия­сининг Сайловолди дастурида ҳам  Ватанимиз тараққиёти учун ижтимоий давлат ва “умумий барқарорлик ҳукмрон бўлган” адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этади. Шу сабабли партиянинг Сайловолди дастурида кучли ижтимоий сиёсат — барқарор ривожланиш кафолати эканлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Биз, номзодлар партиямизнинг ана шу эзгу мақсадларини амалга оширишда ҳамиша камарбаста бўламиз.
 

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

 

Қонунчилик палатаси депутатлигига

 

121-Хонқа сайлов округидан

номзод этиб кўрсатилган


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир давр ёшларининг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини тасаввур этиш мумкин. ...
01 янв 1970
Бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлар­аро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳк...
01 янв 1970
Аёл – жамиятнинг мустаҳкам қўрғони бунёдкоридир. Унинг кайфияти яхши бўлса, оила фаровон бўлади, у бахтли бўлса, оила ва жамият бахтли бўлади...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП социал-демократия мафкурасига таянади ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик, ғояларини илгари суриб, Марказий...