Маблағлар ўзлаштирилмагани танқидга сабаб бўлди

/
2019 йил 19 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил 9 ойлик ижроси ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
 
Ҳисоботда қайд этилишича, йиғилишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, жумладан, Ҳаракатлар стратегиясининг 2019 йилга мўлжалланган дастури, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросини таъминлашга қаратилди.
2019 йилнинг 9 ойи якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 триллион сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсди. Шу билан бирга, ҳисобот даврида харажатлар давлат мақсадли жам­ғармаларисиз 86,4 триллион  сўмни ёки ЯИМга нисбатан 23,9 фоизни ташкил этди ва белгиланган режага нисбатан 99 фоизга бажарилди.
Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратишди.
Хусусан, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 45,9 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 53,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,7 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 93,3 фоизи ёки 42,9 триллион сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.
Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, тизимда фаолият олиб бораётган ходимларнинг иш ҳақларини ошириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига 2019 йилда ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
2019 йилнинг 9 ойи давомида умумтаълим соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 14,2 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу маблағлар тизимда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, мактаб таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, республиканинг чекка ҳудудларида педагоглар танқислигининг олдини олиш  ва бошқа масалаларга йўналтирилди.
Таъкидланганидек, ушбу соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида, хусусан, фракция ташаббуси билан ҳукуматга “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини такомиллаштириш масаласида парламент сўрови юборилган эди. Бунинг асосида Президентимизнинг “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги қарори қабул қилинди. Натижада ҳисоботда келтирилганидек, ушбу соҳада қатор ижобий ишлар амалга оширилиб, қарорга мувофиқ марказлар “Баркамол авлод” болалар мактаблари этиб қайта ташкил этилди, ходимлар иш ҳақи сезиларли оширилишига эришилгани фракциянинг бу соҳадаги амалий ишларининг натижаси сифатида баҳоланди.
Фракция аъзолари томонидан бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган, мактаб таълими тизимини ривожлантиришга йўналтирилаётган маблағлар сарфланмай қолаётгани, яъни режа 96 фоизга бажарилгани тан­қидга сабаб бўлди.
Шу билан бирга, кадрлар тайёрлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳисобот даврида 2,9 триллион сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 6,5 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани ушбу тизимнинг долзарблиги намунасидир. Бу маблағлар иқтисодиёт тармоқларини малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли кадрлар тайёрлашга йўналтирилди. Депутатларнинг фикрича, ҳали ушбу соҳа олдида бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифалар турибди. Айниқса, мутасаддилар томонидан олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида илмий салоҳиятни ошириш ҳамда докторантура ва магистратурага қабул квотасини кўриб чиқиш зарурлиги айтилди.
Алоҳида таъкидланганидек,  депутатларнинг ҳудудларга ташрифлари давомида таълимни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўп ҳолларда маблағ етишмаслиги сабабли белгиланган вазифалар бажарилмасдан қолаётган ҳолатлар кўп учрамоқда. Лекин таълим муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш харажатлари 190 миллиард сўм, мактабгача таълим соҳасида 200 миллиард сўм, кадрлар тайёрлашга йўналтирилган 329 миллиард сўм ўзлаштирилиши таъминланмагани қизғин муҳокамага сабаб бўлди.
Шунингдек, фракция йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам эътибор қаратилди. Ушбу соҳага давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 11 триллион сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 23,0 фоизини ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 60,9 фоизга ўсди.
Депутатлар соҳага ажратилган 519,5 миллиард сўм маблағлар харажат қилинмай қолганига тўхталиб, маблағларнинг ўзлаштирилмаслик сабаблари ўтган йиллар бюджет ижроларида ҳам учраганини танқидий баҳолашди.
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда, хусусан, депутатлар масъуллигида барча ҳудудларда намунавий шаҳар ва туман бирлашмаларини ташкил қилишда кўп ҳолларда маблағ етишмаслиги сабабли ечимини кутиб турган кўплаб муаммолар мавжудлиги аён бўлди. Шунга қарамасдан соҳада маблағларнинг тизимли равишда ўз вақтида сарфланмаслик ҳо­латлари давом этиб келаётгани мутасадди вазирликлар томонидан танқидий кўриб чиқиш лозимлиги қайд этиб ўтилди. Йиғилишда фракция аъзолари соҳа уларнинг доимий назоратида эканлигини ҳам таъкидлашди.
Депутатлар томонидан ўзлаштирилиши таъминланмаган соҳалардаги муаммоларни жорий йилнинг охиригача ҳал этишда мутасадди раҳбарларнинг масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда ҳисобот давридаги Давлат бюджетининг ижросини маъқулладилар.
Йиғилишда, шунингдек, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасини такомиллаштиришда фракциянинг бир қатор таклифлари инобатга олинди. Хусусан, республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларнинг ошиши билан боғлиқ бошқа харажатлар трансфертлар орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Депутатлар томонидан лойиҳани такомиллаштириш жараёнида, айниқса, маҳаллий бюджетларда шаклланган қўшимча манбаларни биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилашга йўналтириш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, нормаларнинг аниқ ва равон акс эттирилиши учун бир қатор тузатишлар киритилишида бевосита фракция аъзоларининг таклифлари инобатга олинди.
Шунингдек, йиғилишда бош­қа масалалар ва қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қи...
01 янв 1970
Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар сони ҳам ортаётганлиги кузатилади....
01 янв 1970
Жамиятда ўз ўрнини, сайловчилар ишончини қозонишни истаган партия ўз электорати манфаатлари учун хизмат қиладиган ғоялар, таклифларни илгари су...
01 янв 1970
Мутахассислар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, аввало, инсон онгидаги ўзгаришлардан бошланишини таъкидлайдилар....