Юксак эътибордан баҳраманд бўлиб

/
Маълумки, айни пайтда мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик технологияларни тарғиб қилиш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, болаларда китоб ўқишга бўлган қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик (шу жумладан, ўйинлар ва ўйинчоқлар) материаллар ва бадиий адабиётлардан кенг фойдаланиш, соҳани юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, ходимлар меҳнатини моддий рағбатлантириш, болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шу жумладан, соғлом овқатланишини самарали таъминлаш каби вазифалар соҳа истиқболининг гарови сифатида белгиланган.
Қувасой шаҳридаги бизнинг 22-мактабгача таълим муассасамизда айни пайтда 360 нафар болажон 12 та гуруҳда, 25 нафар педагог ходимлар қўлида таълим-тарбия олишаётир. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган гуруҳга 30 нафар бола жалб этилган. Барча машғулотлар, хусусан, “Инглиз тили” ва “Рус тили” машғулотлари ноанъанавий услублар ёрдамида олиб борилмоқда. Болажонларда китоб ўқишга бўлган қизиқишни уйғотиш мақсадида боғчамизда “Кичик кутубхона” ташкил қилганмиз. Энг муҳими, тарбиячиларимиздан ўз устида тинимсиз ишлаш талаб этилмоқда. Натижада ибрат олса арзигулик муваффақиятларга эришяпмиз. Масалан, ёш тарбиячимиз Мафтунахон Ҳокимжонова “Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2019” кўрик-танловининг республика босқичида “Йилнинг энг яхши методист тарбиячиси” номинацияси бўйича фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Бундан ташқари, 6 ёшли тарбияланувчимиз Меҳриддин Аҳмедов шу йил июнь ойида бўлиб ўтган шахмат мусобақасининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритди. Ҳозир Меҳриддин шахмат мураббийси Зарнигор Қодирова ёрдамида 2019 йил 16 ноябрь куни — халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов жаҳон чемпионлигини қўлга киритган кун муносабати билан ташкил этилаётган “Ёш шахматчилар” мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда. Қувасойлик машҳур тадбиркор, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Мўйсинжон Меҳмонов эса Меҳриддин учун банкда алоҳида ҳисоб-рақам очилишини ва ҳомийлик қилишини маълум қилди.
Шу йилнинг 23 сентябрь куни мактабгача таълим муассасамизга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умиджон Сулаймонов партиянинг вилоят ва шаҳар кенгаши масъуллари билан бирга Меҳриддинни тақдирлаш учун ташриф буюрди. Депутатимиз яна бир тарбияланувчимиз, спортнинг таэквон-до тури бўйича Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган мусобақа совриндори Афруза Ибрагимовага ҳам эсдалик совғаларини топширди.
Жорий йилнинг 20 сентябрь куни шаҳримиз Қувасойнинг 65 йиллик юбилейи катта тантана қилинди. Мазкур тантана болажонларимиз учун қўшалоқ байрамга айланди. Негаки шаҳар юбилейи доирасида “Зийнат” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила фарзанди бўлган тарбияланувчимиз Билолбек Саидумаровнинг суннат тўйи ҳам нишонланди. Болажонларимизнинг ўшандаги қувончини кўрсангиз эди!
Бир сўз билан айтганда, бугун Президентимизнинг мактабгача таълим равнақига қаратаётган юксак эътиборидан баҳраманд бўлган ҳолда меҳнат қиляпмиз. Бу эътибор ва ғамхўрлик эса келажакда албатта ўзининг ширин мевасини бериб, тарбияланувчиларимиз ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар бўлиб улғайиши шубҳасиз.
Шоҳиста ҚУРБОНАЛИЕВА,
Қувасой шаҳридаги 22-мактабгача таълим
муассасаси мудираси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мактабгача таълим тизими ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим босқичидир. ...
01 янв 1970
XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган атоқли шоир Абай Қўнонбоевдан нафақат қозоқ адабиёти учун, балки умумтуркий маданият учун ҳам салмоқли мерос ...
01 янв 1970
Афсуски, ўз юртидаги ўзи истаган ҳудудда бемалол яшаб, ишлай олмаслик, ўзининг пулига ўзи истаган жойдан турар жой сотиб ололмаслик каби ҳолатлар м...
01 янв 1970
Кун жуда иссиқ. Ёз ҳеч кимни аямай ўз ҳукмини ўтказмоқда. Лекин жазирамада ҳам жонсарак юрган қоракўзларни кўриб, дарров танийсан: улар “Ёш к...