Ҳамкасбларимиз маҳалла ифтихорига айланишди

/
Шундай инсонлар бўладики, улар қайси гўшада, қай манзилда яшамасин, қандай соҳада фаолият кўрсатмасин, ўзининг фидойилиги, жонкуярлиги билан эл назарига тушади, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлади. Ҳамкасбимиз – ЎзМТРКнинг “Ўзбекистон-24” ДУК ижтимоий-сиёсий кўрсатувлар муҳарририяти муҳаррири Гулчеҳра Мирзаева ана шундайлардан.
Унинг оиласи маҳалланинг энг намунали оилаларидан саналади. Гулчеҳра 3 нафар фарзанди тарбиясига, уларнинг камолотига қанчалик эътибор қаратса, ўз касбий салоҳиятидан унумли фойдаланишга, шу билан бирга, маҳалла ободлиги, оилаларнинг тинч-тотувлиги, бахт-саодатига ҳисса қўшишга ҳаракат қилади. Маҳаллада ўтказиладиган турли тадбирлар, миллий байрамларимизнинг фаол ташкилотчиси ва иштирокчиси бўлиш билан бирга, маҳалладаги ибратли ишларни, намунали оилаларни, турли касб эгалари фаолиятини кенг оммага танитишда, уларни ОАВда ёритишда жонбозлик кўрсатади.
Иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий мавзулардаги ранг-баранг кўрсатувлар муаллифи Гулчеҳра Мирзаева чорак асрлик тележурналист сифатида малакали, жамоада кўпчиликнинг ишонч ва эътирофига эга, иқтидорли, қалами ўткир ижодкорлардан бири. Салоҳиятли, изланувчан журналист телевидение соҳасида фаолият кўрсатиш билан бирга, “Халқ сўзи”, “Ишонч”, “Гулистон”, “ТВ парк”, “Бизнес” каби республика газета ва журналларида ўзининг турли жанрлардаги таҳлилий очерк ва мақолалари билан иштирок этади.
Изланувчан журналистнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимидаги ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилувчи кўрсатув ва очерклари асосида тайёрланган “Оила тинчи — ҳаёт севинчи” ижтимоий, илмий-оммабоп фильми оила маънавияти ва миллий қадриятларимизнинг таъсирчан тарғиботи тарзида давлат дастурининг ижроси сифатида республикамиздаги таълим муассасалари ва жамоат ташкилотларида маънавий-маърифий ижодий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда. Шунингдек, ижодкор журналист ўз фаолияти давомида учратган турли тақдир эгалари, замонамиз қаҳрамонлари тўғрисидаги очерклар тўпламини кўп минг сонли ўқувчилар эътиборига ҳавола этаяпти.
Иқтидорли журналистнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди: Гулчеҳра Мирзаева “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳибаси бўлди. Шунингдек, “Народное слово” газетаси мухбири С.Азимбетова, “Халқ сўзи” газетаси мухбири З.Худойшукуров, “Маҳалла” газетаси бош муҳаррири Б.Абдусатторовлар ана шундай фахрли эътирофга сазовор бўлишди. Маҳалла ифтихорига айланган ҳамкасбларимизни юксак мукофот билан муборакбод этиб, ижодий парвозлар тилаймиз!
Фурқат ТОЖИЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади....
01 янв 1970
Маъмун академияси Хива шаҳрида жойлашганлиги бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш учун имкон яратади....
01 янв 1970
Шарқда азалдан “одил подшоҳ” тушунчаси мавжуд ва ҳар бир халқ доим шундай подшоҳни орзу қилган....
01 янв 1970
Кундалик ҳаётимизда содир этилаётган катта-кичик жиноятларнинг юзага келишини у ёки бу омиллар билан изоҳлаш мумкин....