Адолат — ҳар бир инсон учун!

/
Ҳудудларда митинг ва акциялар ўтказилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларидаги янгиланишлар ҳар бир ишимизда, олдимизга қўйган мақсадларимизда ўз аксини топиб, фаолиятимизга янгича ёндашувларни талаб этмоқда.
Жорий йилнинг декабрь ойида бўлажак сайловларга тайёргарлик жараёнларида сиёсий тарғиботнинг таъсирчан ва янгича усулларидан унумли фойдаланиш зарурлигини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг мазкур сайловларда иштирок этиш масалаларига бағишланган пленумида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланди.
Айни кунларда республикамиз ҳудудларида партия ташкилотлари ташаббуси билан долзарб мавзуларда, халқ манфаати, аҳоли талаб-истакларини ўзида мужассам этган шиорлар асосида митинг, акция ва сайиллар ташкил этилмоқда.

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, аҳоли дуч келаётган тўсиқларни ўрганиш мақсадида Бекобод шаҳар “Металлурглар” маданият саройи олдидаги майдонда “Бизга тўлиқ ақлли тиббиёт керак!” мавзусида митинг ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирни ўтказишга тайёргарлик жараёнида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли хабардор этилгани иштирокчилар сонини кескин ошириб юборди, дейиш мумкин. Шу боис тадбирда ёшу кексалар ҳамда бошқа вилоятлардаги сафдошларимиз ҳам иштирок этишди.
Тадбир аввалида янграган карнай-сурнай наволари, кўргазмали қўл жанги намойишлари, партия томонидан ташкил этилган акциялар маданият саройи майдонига келган минглаб юртдошларимизда ўзгача таассурот қолдирди. Улар орасида турли миллат вакиллари ва турфа касб эгалари борлиги эътиборга молик, албатта.
Иштирокчилар партиямизнинг тарғибот материаллари, шиорларига катта қизиқиш билдиришди. Шу билан бирга, улар партия вакиллари билан мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Анжуманда таниқли санъаткорларнинг “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш руҳидаги чиқишлари йиғилганлар диққатини жалб қилди.
Сайловчилар билан ўзига хос, янгича мулоқот ўтказишга бағишланган тадбирда вилоят партия кенгаши раиси Умид Шоумаров Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг устувор вазифалари, партия ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, бу борада ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
Митингда Ўзбекистон “Адолат СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга чиқиб, партиямиз фаолияти, эришаётган натижалари хусусида тўхталиб ўтди.
Н.Умаров жорий йилда бўлажак сайловларга “Адолат” партияси жиддий тайёргарлик кўраётганини, янги Сайловолди дастуримизда белгиланаётган устувор йўналишлар, аниқ вазифалар халқимизнинг бугунги ҳаёти ҳамда юксак орзу-мақсадларини ўзида ифода этганини таъкидлади.
Митинг қатнашчилари томонидан дастурда соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ ўрин бериш таклифи билдирилди. Бунда айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Митингда “Ақлли тиббиёт — барча учун!” шиорини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш ғояси илгари сурилди. Соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, пулли хизматлар турларини аниқ белгилаш, тиббиёт ходимлари ўртасида коррупцион ҳаракатларни батамом йўқотиш лозимлиги йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Расмиятчилик, зерикарли маърузалардан холи бўлган жонли мулоқот тарзидаги интерактив ўйинлар, совринли викториналар, мушакбозлик томошалари билан ўтказилган мазкур тадбир барчага манзур бўлди.
Улуғбек ҚОДИРОВ,
Бекобод шаҳар кўп тармоқли поликлиника шифокори, партия аъзоси:

— Партия томонидан бугунги кунда илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар халқимизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган муаммолар ечимига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, ҳудудларда зарурий йўналишларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ихтисослашган тиббиёт марказларининг филиалларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Бундай ёндашув эса фуқароларнинг саломатликлари борасидаги ҳужжатларини электрон шакллантириш учун “Ақлли тиббиёт” тизимини кенг жорий қилишга туртки беради. Пировардида аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётган қалбаки ва самарасиз дори воситалари фаолиятига чек қўйиш ҳамда дори воситаларининг электрон рўйхатини шакллантириб, шаҳар ва қишлоқларда бир хил нархда дорилар сотилишига эришилади. Шу каби долзарб масалаларни ўртага ташлаб, уларни ҳал этишни мақсад қилган Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлганимдан фахрланаман.
Шоҳиста ТУРДИМУРАДОВА,
Бекобод шаҳар 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

— Тараққиётнинг муҳим омилларидан бири бу таълимга эътибор ҳисобланади. Шу боис партиянинг олий таълим муассасаларига кириш учун квоталар сонини ошириш, ҳудудларда уларнинг филиалларини очиш, дипломларнинг нострификациясини соддалаштириш каби ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишдек эзгу ғоялари бекободликларни ҳам қувонтираётгани рост. Албатта, ёшларимиз ўқиб-ўрганса, илмли бўлса, жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлади. Маърифатли инсон ҳеч қачон беҳуда ишларга, турли иллатларга берилмайди. Демоқчиманки, айнан таълимга бўлган эътибор олдимизда турган жуда кўплаб муаммоларнинг барҳам топишига сабаб бўлади.
Комилжон АБДУЖАББОРОВ,
“Ўзметкомбинат” АЖ ишчиси:

— Яширишга ҳожат йўқ, ҳозирги вақтда аҳолимизни қийнаётган муаммолардан бири — коррупция иллати ҳисобланади. Агар биз бугунги ҳаётимиз янада фаровон бўлишини истасак, фарзандларимиз биздан ҳам кўпроқ бахтли эканлигини кўрмоқчи бўлсак, бу иллатга қарши курашишда бир ёқадан бош чиқаришимиз, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, фаоллик кўрсатишимиз шарт.
Азамат ЭГАМБЕРДИЕВ,
Бекобод шаҳар 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

— Бугунги тадбир ҳар томонлама фойдали бўлди. Бундай учрашувлар фақат эзгуликка хизмат қилади. Тадбирда Президентимиз илгари сурган бешта ташаббуснинг мазмун-моҳияти содда тилда тушунтириб берилди. Мазкур бешта ташаббусни комилликнинг устуни, деб биламан. Бунда асосий мақсад ёшларимизнинг бўш вақтини уларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, мазмунли ташкил этиш, санъат, спорт, илм-фан билан шуғулланиш, компьютер технологияси ва интернетдан фойдаланишлари учун шароитлар яратиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш каби эзгу ишларга қаратилган экан, демак эртамиз бугунимиздан кўра яхшироқ бўлиб бораверади.
Одина ИСМОИЛОВА,
“Ўзбекистон” маҳалласи фаоли:

— “Металлурглар” маданият саройи яқинида яшайман. Ушбу майдонга йиғилган одамлар, куй ва қўшиқлар овозини эшитиб, қизиқиб келавердим. Олдинлари ҳам партия тадбирларида қатнашганман. Бир хонада 30-40 киши тўпланиб, маърузачининг узундан-узоқ зерикарли маърузаларини тинглаган вақтларимиз ҳам бўлган. Ўйлайманки, бугунгидек тарғибот тадбири партиянинг мақсад ва ғояларини тарғиб қилиш, хайрихоҳлар сафини кенгайтириш, фуқароларнинг мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, қонунчилик соҳасида ва парламент фаолиятида олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Партиянинг бу каби янгича тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларда ўтказилади.
АНДИЖОН. Коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам асосий вазифасига айланди. Чунки жиноятчиликнинг бу тури жамиятда носоғлом муҳитнинг юзага келишига сабаб бўлади. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан “Биз коррупцияга қаршимиз!” шиори остида ўтказилган акция айни шу мақсадга қаратилди.
Андижон шаҳар кўчаларида ёшларнинг “Биз коррупцияга қаршимиз!”, “Коррупцияга йўл йўқ!” дея баралла янграган овози юртдошларимиз эътиборини тортди. Фаол йигит-қизлар барчани Асака тумани марказидаги маданият ва истироҳат боғига бошлади. Сайилгоҳ жиноятчиликка қарши курашиш йўлида бир кучга айланган “адолатчи”лар ва хайрихоҳлар билан тўлди.
“Адолат” СДПнинг халқчил ғоя-мақсадларини тарғиб этишга қаратилган мазкур тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов иштирок этди.
— Демократик ислоҳотлар изчил давом этаётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига олиб келмоқда, — деди А.Раҳмонов. — Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум бир манфаатларига эришишлари, жамиятдаги коррупцион ҳолатларга бепарволиги ҳам аслида бир иллатдир.
Тадбирда сўзга чиққанлар амалдаги қонунчилигимизда коррупцияга йўл қўйган шахсларга қандай чоралар белгиланганлиги ҳақида таъкидлаб ўтишди. Ёш актёрларнинг театрлаштирилган чиқишларида бу иллат боши берк кўчанинг бошланиши экани, унга қарши биргаликда курашиш коррупцияни илдизи билан қуритишга хизмат қилиши ўз ифодасини топди. Айни вақтда коррупция жамият ривожига жиддий тўсиқ бўлиши ҳам кўрсатилди.
Ижро этилган куй-қўшиқларда санъаткорлар барчани ҳамжиҳатликка, ҳар қандай жиноятчиликка қарши муросасиз курашишга чақирди.
— Баъзида олий таълим муассасаларидаги порахўрлик ҳолатлари ҳақида сўз юритилади, — дейди тадбир иштирокчиси Алишер Иминов. — Бунга ким йўл очаяпти? Албатта, биринчи навбатда ўзимиз. Агар талаба ўз устида ишласа, билим олса уни ҳеч ким бошқа йўлга бошламайди. Шунда ўша пулга ружу қўйган айрим устозлар ҳам талаба билан ҳисоблашишга, унинг билимини тан олишга мажбур бўлади.
— Партиямизнинг Сайловолди дастури лойиҳасида ҳуқуқий йўналишга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов, — Жумладан, биз порахўрликка қарши муросасиз курашамиз. Қаерда порахўрликка йўл қўйилса, шу жойда ривожланиш бўлмайди. Қолаверса, маънавий муҳит бузилади. Бу борада ёшлар билан алоҳида иш олиб бораётганимиз бежиз эмас. Уларни қанчалик соғлом руҳда тарбияласак, эртага бу ўз натижасини беради.
Тадбир маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида ташкил этилган “Биз бир кучмиз!” шиори остидаги гала концертга уланди.
НАМАНГАН. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда. “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказмоқда. Яқинда пойтахтимиз Тошкентда бошланган “Адолат сайли” эндиликда вилоятларда ҳам давом этмоқда. Улар аҳолининг барча қатлами вакилларида катта ва унутилмас таассурот қолдираётганлиги диққатга сазовордир.
Шу йил 29 сентябрда Янгиқўрғон тумани марказидаги экопарк кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди. Бу масканда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва вилоят партия кенгаши ташаббуси билан “Адолат сайли” ўтказилди.
Дастурий ғоя ва мақсадларни омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маданий-маърифий тадбир “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиори остида ташкил этилди. Унинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, вилоят партия кенгаши раиси Исроил Жўраев, халқ депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Дилбар Асқарова ва бошқалар жамият ҳаётидаги бошқа долзарб масалалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида эътибор қаратилмасдан йиғилиб қолган муаммоларни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.
Тадбир давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар, “Ёш адолатчилар” қаноти ва “Аёллар қаноти” вакилларининг сўзлари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Юзма-юз мулоқотлар ва турли масалалар бўйича савол-жавоблар юртдошларимизда “Адолат” СДП ғояларига хайрихоҳлик тобора кучайиб бораётганини кўрсатди. Ушбу тадбирлар давомида кўплаб ёшлар партия сафига қўшилиш истагини билдиришгани ҳам фикримиз далилидир.
Шундан сўнг мазкур тадбирлар сайил шаклида давом этди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, бадиий жамоаларнинг чиқишлари барча йиғилганларга завқ-шавқ бағишлади.
Албатта, “Адолат” СДП ташкил этган ушбу тадбирларда бошқа бир қатор масалаларга ҳам кўпчиликнинг эътибори жалб этилди. Мисол учун, ёшлар келажагимиз бунёдкори эканлиги, мамлакатимизда уларнинг пухта билим эгаллаши, ҳар томонлама соғлом авлод бўлиб улғайиши учун муносиб шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, навқирон авлодни инсон омилига жиддий салбий таъсир қилувчи диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, коррупция, “оммавий маданият” каби иллатлардан асраш ҳақида ҳам сўз юритилди. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада илгари сурилган 5 та ташаббус доирасида жойларда давом этаётган улкан бунёдкорлик ишлари салмоғини янада ошириш муҳим аҳамият касб этишига ҳам эътибор қаратилди. Зеро, ёшларни маданият-маърифат масканларига кенг жалб этиш уларнинг маънавиятини янада юксалтиради.
Мухтасар айтганда, Янгиқўрғондаги тадбир Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси учун ўз ғоя ва мақсадларини кенг омма орасида тарғиб-ташвиқ қилиш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Ф.САТТОРОВА, А.НАЗАРОВ, Н.АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент, Андижон, Наманган вилоятлари кенгаши матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас конституциявий бурчимиз саналади. ...
01 янв 1970
Ҳудудларда партия ташкилотларининг аҳоли ўртасида ишончга сазовор бўлиши уларнинг фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқариш, мавжуд муаммоларни бартар...
01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чор...
01 янв 1970
Ўзбекистонда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда....