Фирибгарлар тузоғига илиндим...

/
Ҳурматли «Adolat» газетаси таҳририяти ходимлари!
Мен газетани мунтазам ўқиб бораман. Сизларнинг юртимизда АДОЛАТни қарор топтириш, жабрдийдаларни ҳимоя қилиш, товламачиларнинг кирдикорларини очиб ташлаш йўлидаги ибратли ишларингиздан кўпчилик миннатдор. Мен ҳам Қашқадарё вилоятидаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларидан нажот тополмагач, «Адолат»чиларга мурожаат қилишга мажбур бўлдим.

Мен оддий бир тадбиркорман. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлсам-да, элга хизмат кўрсатиб келяпман. Саъй-ҳаракатларим туфайли бир неча кишини иш билан таъминладим. Улар ишлаб, рўзғорларига барака киргани учун мендан миннатдор. Ўзимнинг ҳам даромадим ортиб, яхши яшай бошладим.
Аммо кейинги пайтда соғлиғим ёмонлашди. Шифокорлар чет элда даволанишимни маслаҳат беришди. Соғлиғимни тиклаш мақсадида дўконларимдан бирини 190 000 000 сўмга сотишга мажбур бўлдим. Ўзим декабрь ойида Ҳиндистонга даволанишга кетишим керак эди. Бундан хабардор бўлган фирмамиз бухгалтери А.П. ҳамтовоғи С.О. билан бу пулларни ўзлаштиришни кўзлаган экан.
Улар биргаликда 2018 йилнинг 26 сентябрида олдимга келишди. С.О:
 — Опа, менга пул жуда зарур, сиз декабрь ойида Ҳиндистонга кетар экансиз. Унгача 150 миллион сўм бериб турсангиз. Бир ой ичида қайтараман. Ишончли бўлиши учун “Сaptiva” русумли машинамни гаров сифатида қолдираман, — деди.
 Бухгалтерим А.П. унинг гапини тасдиқлади.
Мен уларга ишониб, биргаликда Қарши шаҳридаги Насаф кўчаси, 2-уйда жойлашган 1-сонли давлат нотариал идорасига бордик. У ерда катта нотариус М.Кенжаева иштирокида 2018 йил 26 сентябрда қарз шартномаси тузилди.
Унга кўра, 2018 йилнинг 26 сентябрида 2018 йилнинг 26 октябрида қайтариш шарти билан С.О.га 125 миллион сўмни гувоҳ А.П. ва М.Кенжаева иштирокида бердим.
Шуниси ажабланарлики, тажрибали катта нотариус М.Кенжаева қарз шартномаси тузишда гаров қўйиш лозимлиги ва гаров шартномада қайд этилиши кераклиги ҳақида ҳеч нарса демади. Бир неча муддат ўтиб, С.О. ва А.П. уйимдан “Сaptiva” автомашинасини ўғирлаб кетишди. Мен бу ҳақда ички ишлар бўлимига мурожаат қилдим. Улар машина гаровга берилганлиги ҳақидаги тилхатни инобатга олмай, «бу ҳақда қарз шартномасида ҳеч нарса дейилмаган», деган важ билан чора кўришни рад этишди.
Хуллас, ўз қўлим билан берган пулим орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳалигача қайтарилгани йўқ. Фирибгарларнинг найранглари туфайли даволанишга бора олмаганлигим сабабли соғлиғим янада ёмонлашди.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қатор фармон ва қарорлари туфайли мен каби кўплаб тадбиркорларга эл-юрт тараққиётини ривожлантириш билан бир қаторда, ўзлари ҳам бой-бадавлат яшашлари учун катта имкониятлар яратилди. Бунинг учун Юртбошимизга минг раҳмат! Аммо айрим қаллобларнинг найранглари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларнинг ҳафсаласизликлари тадбиркорларда ўз меҳнатлари қаттиқ ҳимояланганлигига шубҳа уйғонишига сабаб бўлмокда. Умид қиламанки, «Adolat» газетасининг аралашуви билан ҳақиқат қарор топиб, пешона тери эвазига топган пулим ўзимга қайтарилади.
Қумри ЖОНҚОБИЛОВА,
Қарши шаҳридаги «Қиличбек» қўрғончаси,
Узумзор кўчаси, 4-А уйда яшовчи 2-гуруҳ ногирони
 
ТАҲРИРИЯТДАН: Албатта, газетамиз адолат тарозиси посангилари вазнини ўлчаш ваколатига эга эмас. Юқорида келтирилган шикоятда ҳам томонларнинг қай бири ҳақ эканлигини одил суд ҳал этади, деган ишончимиз бор. Шу сабаб айбланаётган томоннинг исм-фамилияларини тўлиқ келтирмадик. Бироқ таҳририятда мавжуд ариза матни тегишли идораларга юборилади. Шу ўринда бизни бир ҳолат ўйлантиради. Кейинги пайтлари фирибгарлик жинояти урчиб кетди. Ҳатто, айтиш мумкин, бу жамиятнинг катта муаммосига айланди. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Нега одамларни алдаб, чув туширишга уста кимсалар кўпайиб қолди? Нега ўзгани, бегона у ёқда турсин, ҳатто яқин хеш-уруғини алдаб пул топиш уят бўлмай қолди? Уят, андиша, номус, ор тушунчалари ўз қадрини йўқотмоқдами?..
Келинг, азиз газетхон, шу мавзуда фикрлашайлик, мулоҳаза юритайлик. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги пайтларда бувимнинг кўриш қобилияти бироз сусайиб қолди. Шу боис менга ҳар ойлик пенсиясини олишим учун нотариус орқали ишончнома берди....
01 янв 1970
Муқаддас диёримиз жаҳон тамаддуни ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб олиму фузалолар, адабиёт ва санъат намоёндалари билан донг таратган заминди...
01 янв 1970
ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯ, НАФАҚА ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИ ТЎЛАШ МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Маълумки, Франция дунёда етакчи мавқега ва икки юз йилдан ортиқ демократик тараққиёт тажрибасига эга бўлган мамлакат сифатида эътироф этилади....