Суд-ҳуқуқ тизимида қандай ислоҳотлар зарур?

/
Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” СДП Сайловолди дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифалар муҳокамасига бағишланган “Суд-ҳуқуқ тизими — партия Сайловолди дастуридаги устувор йўналиш” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбир партиянинг ушбу йўналишдаги доимий ҳамкорлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Ушбу сайловга тайёргарлик кўриш мақсадида ҳар бир партия ўз Сайловолди дастурини ишлаб чиқади.
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда. Учрашувда ушбу дастур лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид қисми атрофлича муҳокама этилиб, мазкур тизимдаги ислоҳотлар натижаси ҳақида сўз юритилди. Хусусан, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар танқидий ўрганилди.
Иштирокчилар мавжуд камчиликларни аниқлаш, тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар ишлаб чиқиш хусусида фикр билдириб, бу саъй-ҳаракатлар ҳар бир соҳада, жамият ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Партиянинг Сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган бир қанча таклифлар киритилган. Жумладан, Тергов қўмитаси ташкил этиш ташаббуси илгари сурилмоқда. Натижада прокуратура, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизматидаги тергов бўлимлари тугатилади. Пировардида тергов ишлари адолатли ва қонуний ўтказилиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслиги таъминланиб, мазкур жараёнда идоравий манфаатлар аралашишининг олди олинади.
Шунингдек, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий судларни бирлаштириш, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ихтисослаштирилган ҳолда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьялар фаолият юритишини белгилаш таклиф этилмоқда.
Адвокатура мавқеини ошириш, суд босқичида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш ҳам партия олдида турган вазифалар қаторидан ўрин олган.
Аллан ПАШКОВСКИЙ,
«Falcon» адвокатлик фирмаси адвокати:

— “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда прокурорнинг суддан кўрилган ишларни талаб қилиб олиш ва чақириб олиш ваколати белгиланган модда мавжуд. Ушбу модда, биринчидан, прокурорнинг судьядан устунлигини, иккинчидан, прокурор ва адвокатнинг тенглик принципи таъминланмаганини кўрсатмоқда. Очиғини айтганда, суддан ишларни прокуратурага олиб келишни талаб қилганда, судья ишларни қўлтиқлаб олиб боряпти. Адвокат эса судга иш билан танишиш ҳақида ариза бериб, натижасини кутади, рухсат берилганда ҳам танишиш учун маълум вақт белгиланади. Прокурор эса вақт чегараланмагани сабабли, иш билан ойлаб танишиши мумкин. Шунинг учун “Прокуратура тўғрисида”ги қонундан ушбу моддани чиқаришни, прокурорнинг суддан ишларни чақириб олиб ўрганиш ваколатини бекор қилишни таклиф қиламиз. Чунки судда кўрилган барча жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишларда прокурор иштирок этади ҳамда ушбу ишлар юзасидан чиқарилган қарорлар прокуратурага юборилади.
Анвар МАМЕДОВ,
«Қонун ва адвокат» адвокатлик бюроси адвокати:

— Адвокатура тузилмалари фуқароларга жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади. Улар даромад (фойда) олишни кўзламайди ҳамда фаолияти давомида йиғилган даромадни (фойдани) ўз аъзолари (иштирокчилари) орасида тақсимламайди. Шунинг учун адвокатлик тузилмаларини ҳозирда амалда бўлган Солиқ кодексида белгиланганидек, нотижорат ташкилот сифатида солиқ тўлашдан озод этиш, адвокатлардан эса даромад солиғи ундириш мақсадга мувофиқдир. Адвокатлик тузилмалари ҳисоб рақамига тушган маблағнинг 15 фоизни ижтимоий мажбурий тўловларга ўтказади, бундан ташқари электр энергия, иссиқ сув, совуқ сув, иситиш, телефон хизмати, ижара ҳамда ходимларга иш ҳақи каби тўловларни амалга оширади. Солиқ кодекси лойиҳасидаги тартиб жорий этилса, адвокатура соҳасида коррупцияга йўл очилиб, даромадни яшириш ҳолатлари кўпаяди ёки адвокатлик тузилмалари инқирозга учраб ёпилишни бошлайди. Яна бир ташвишланарли жиҳат шундаки, бу ҳолат мурожаат қилаётган фуқаролар ва юридик шахслардан кўпроқ хизмат ҳақи ундирилишига сабаб бўлади.
Партия экспертлари томонидан таклифлар эътиборга олиниши таъкидланди. Сайловолди дастурида ҳам прокурорлар ваколатини қисқартириш, уларни “халқ прокуратураси”га айлантириш, халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш каби устувор вазифалар белгиланди.
Учрашувда иштирокчилар мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб, Сайловолди дастур лойиҳаси учун бир қатор таклифларни илгари суришди. Мутахассислар Дастур лойиҳасининг айрим бандларини таҳрир қилиш ҳақида батафсил сўз юритдилар.
Барча фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, улардан Дастур лойиҳасини такомиллаштиришда фойдаланилиши алоҳида қайд этилди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёки қонун устуворлиги адолатда эмасми?
Ёки қонун устуворлиги адолатда эмасми?
01 янв 1970
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармал...
01 янв 1970
Уч йил давомида амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг ўзагини айнан жамият ва давлат ҳаётида адолат тамойилини жорий этиш ташкил этмоқда....
01 янв 1970
Асрлар оша яшаб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига нисбатан беписандлик кишини ўзлигидан бегонала...