Прописка: Тартиблар ўзгариши керак

/
Тошкент шаҳрида доимий прописка, айниқса, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келиб, бирор ташкилот, муассаса ва корхоналарда меҳнат фаолиятини юритаётган кўплаб фуқароларни ўйлантирадиган масалалардан бири саналади. Улар орасида бир неча йилдан буён ишлаб келаётган, аммо доимий пропискага эга бўлмаган ёки прописка қилинган бўлса ҳам анчадан буён турар жой олиш ҳуқуқи пайдо бўлишини кутаётган фуқаролар ҳам талайгина. Албатта, Тошкент шаҳридан уй сотиб олишнинг доимий прописка билан узвий боғлиқлиги бор.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда бу борада ҳам янги имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, юртимизнинг истаган ҳудудидан келган фуқаронинг пойтахтимизда янги қурилган уйлардан сотиб олиши унинг тез фурсатда доимий прописка қилинишига асос бўлади. Бу имкониятдан кўплаб юртдошларимиз фойдаланиб, Тошкент шаҳрида доимий пропискага ва ўз уйига эга бўлганлиги ҳақида ОАВда берилган маълумотлардан ҳам билиш мумкин.
Бугунги кунда ҳар бир соҳада янгиланишлар амалга ошаётганлиги каби мазкур йўналишда ҳам ўзгаришлар қилинаётганлиги диққатга сазовор.
Маълумки, янги қурилган уйлар баҳоси иккиламчи бозор нархларидан анча қиммат туради. Шу боис пойтахтимизда доимий пропискага эга бўлмаган, бирор ташкилот, муассаса, корхонада меҳнат фаолиятини юритаётган фуқароларнинг аксарияти ўз моддий имкониятидан келиб чиқиб, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олишга интилади.
Яъни бирор ходим ўзи ишлаётган ташкилот тавсияси билан Тошкент шаҳрида доимий прописка қилиниш имконига эга бўлиб қолса, одатда, иккиламчи бозордан уй сотиб олишни ўйлайди.
Лекин ушбу масалада айрим мулоҳазаларни айтиш жоиз.
Биринчи ҳолат. “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати”даги тегишли бандларга мувофиқ прописка қилинган фуқаролар турар жой олиш учун яна уч йил кутиши шарт. Чунки бу ҳолатда белгиланган тартиб амал қилади, яъни ички ишлар вазирининг 2012 йил 1 майдаги буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг 24-бандига кўра, “Рўйхатнинг 2, 5, 9 — 11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқаролар доимий прописка қилинган (лавозимида турган) кундан бошлаб уч йил ўтгандан кейин турар жой сотиб олган тақдирда, улар ва улар билан бирга Рўйхатнинг 2, 5, 9 — 11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқаролар ушбу турар жойга Рўйхатнинг 1-банди бўйича доимий прописка қилинади”.
Демак, бу ҳолатда тегишли Рўйхатнинг 11-банди бўйича ташкилот ходими прописка учун рухсат берилганидан сўнг уч йилгача уй-жой сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Бу ҳол унга кўп ноқулайликларни пайдо қилади. Хусусан, ходим кимнингдир турар жойига прописка қилиниши учун уй эгаси рози бўлиши керак ва ҳоказо. Шу билан бирга, бунда уч йиллик муддат ўтгунича, ҳатто ундан кейин ҳам унинг пропискаси бекор бўлиш эҳтимоли сақланиб қолади.
Иккинчи ҳолат. Таъкидлаш жоизки, Рўйхатнинг 11-бандида “Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга”, деб кўрсатилган. Демак, уч йил ўтиб ходим турар жой сотиб олгач, бирор муддатдан сўнг лавозимидан озод этилса, яна прописка билан боғлиқ муаммо юзага келади. Чунки мазкур Йўриқноманинг 18-бандида “Давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари илтимосномаси асосида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида пропискага эга бўлган фуқаро ишдан озод қилинган, бошқа ишга ўтган ёки пенсияга чиққан тақдирда, қарор қабул қилингандан кейин икки кун муддатда фуқаронинг охирги доимий пропискадан ўтган жойдаги ТШИИБ МваФРБга хабар берилади”, 19-бандида эса “Давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари билдиришномаси асосида ТШИИБ МваФРБ, агар ушбу фуқарода доимий прописка учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса, фуқарони белгиланган тартибда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан илгариги яшаш жойига ёки фуқаронинг аризасига кўра бошқа минтақага пропискадан чиқаради”, деб белгилаб қўйилган. Бу ўринда “бошқа асослар” жумласи ноаниқдай бўлса ҳам мазкур банддаги кейинги хат бошида бунга аниқлик киритилган. Яъни “Орган ва ташкилотлар раҳбарлари илтимосномаси асосида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлган шахс, ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган бошқа орган ва ташкилотларга ишга ўтган тақдирда, унинг пропискаси бекор қилинмайди”. Демак, булардан англашиладики, ходим мазкур ташкилотлардан ташқари бошқа жойга ишга ўтса ёки пенсияга чиқса ёхуд ҳали янги ишга жойлашмаган бўлса, унинг пропискаси бекор қилинади.
Маълумки 2011 йил 14 сентябрда қабул қилинган қонун билан тасдиқланган (ЎРҚ-296-сон) тегишли Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ “Қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга прописка қилинади”. Мазкур Рўйхатнинг 11-бандида “Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга” прописка қилиниши белгиланган.
Шу ўринда уч йилдан сўнг турар жой олган фуқаронинг пропискаси юқорида қайд этилган Йўриқноманинг 18-19-бандлари асосида бекор қилинса, фуқаро ўз эгалигида бўлган турар жойда доимий яшаш ҳуқуқидан қандай фойдаланади, деган ҳақли савол туғилади.
Яна бир ҳолат бор. Одатда, ходим пропискага эга бўлишга қадар унга тавсия берган ташкилот тизимида камида уч йиллик стажга эга ёки мазкур тизимда 10-20 йилдан буён ишлаб келаётган бўлиши ҳам мумкин. Баъзан пропискага доир ҳужжатларда турар жой олишга нисбатан белгиланган уч йиллик муддат бир неча йилдан буён тизимда ишлаб келаётган ходимга нисбатан ҳам қўлланилади. (Демак, 11-банд асосида прописка қилинган бўлиши мумкин.) Бу ҳолатда ҳам ходим турар жой ололмай овора бўлади.
Демоқчимизки, тегишли ташкилот тизимида камида уч йил стажга эга бўлган ходимлар қонуний тартибда доимий прописка қилинган кундан бошлаб уларга истаган шаклдаги бозордан уй-жой сотиб олиш ҳуқуқи ҳам берилиши зарур.
Аввало, янги қурилган уйлардан сотиб олишга етарли маблағи бўлмаган, аммо бир неча йил тегишли соҳада хизмат қилиб, ишонч қозонган фуқаронинг манфаатини рўёбга чиқариш уни янада рағбатлантиради.
Шундан келиб чиқиб, юқорида қайд этилган Йўриқноманинг 24-бандига ўзгартириш киритиш зарур, деб ўйлаймиз. Масалан, мазкур банддаги “доимий прописка қилинган (лавозимида турган) кундан бошлаб уч йил ўтгандан кейин”, деган жумла чиқариб ташланиши ёки мазкур жумла “доимий прописка қилинган фуқаролар (тегишли ташкилот тизимида камида уч йилдан буён ишлаб келган бўлса) турар жой сотиб олган тақдирда” каби мазмунда таҳрир қилинса, ташкилот ходимларининг манфаатлари рўёбга чиқади. Яна бир томони шундаки, Йўриқноманинг 24-бандидаги “лавозимида турган” жумласидан фақат битта лавозимдагина ишлаш тушунилади. Ходим бир тизимда бошқа лавозимга ҳам ўтишини назарда тутсак, уч йил тушунчаси айнан битта лавозимга тааллуқли бўлиб қолиши прописка, турар жой олиш масаласида чалкашлик пайдо қилади. Шу боис бу ўринда “лавозим” тушунчасидан кўра “тизим” тушунчасини қўллаш, буни “(тегишли тизимда камида уч йилдан буён ишлаб келган бўлса)”, деган мазмундаги жумлада ифодалаш мақсадга мувофиқдир. Дейлик, ходим халқ таълими тизими, соғлиқни сақлаш тизими ёки бошқа шу каби соҳаларда ишлаб келаётган бўлиши мумкин.
Тегишли Рўйхатга ҳам шу каби ўзгартишлар киритилса, деймиз.
Муҳими, бундай янги имконият прописка учун тавсия берилган ходимларга рағбат ва ишонч ифодаси бўлар эди.
Дастурий вазифаларимиз қаторида прописка масаласи ҳам ўрин олиши, бу борадаги ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштиришда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббус кўрсатиши партиямизнинг халқчил ғояларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Пўлат ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Кармана туман адлия бўлими бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Истиқлол туфайли халқимиз онгида, тафаккурида янгича дунёқараш шаклланди. 
01 янв 1970
Газетамизнинг 2018 йил 20 апрель кунги сонида “Қонун инсон қадри учун хизмат қилмайдими?...
01 янв 1970
Бозорда рўзғор учун зарур маҳсулотларни танлаб, сифатига қараб, нархини савдолашиб олиш имкони бор....
01 янв 1970
Абдубакир ота келини сузиб келган ошга қўлини ҳам теккизмади.