Аэропортдаги ўғирлик

/
Ўғирлик жиноятини содир этганлар ҳақида баъзида эшитиб қоламиз. Аммо улар аксарият ҳолларда эркаклар бўлади. Аёл кишининг, айниқса, ўзбек аёлининг бундай хатти-ҳаракати жуда кам кузатилади. Чунки ўзбек қизлари ёшлигидан сабр-тоқат, андиша ва ҳалоллик каби қадриятларимиз асосида тарбияланади. Аммо Андижон вилоятида туғилиб ўсган, ҳали турмуш қурмаган, Андижон шаҳридаги “Харабек” кўчасидаги хонадонлардан бирида истиқомат қилувчи 35 ёшли Салима Солиева (Исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) бу қадриятларимизга риоя қилмади.
У 2018 йилнинг июнь ойида пул топиш мақсадида Туркиянинг Истамбул шаҳрига боради. Ўзининг айтишича, ўтган бир йил давомида тикувчилик цехида ишлайди. Жорий йилнинг 6 май куни “Истамбул — Тошкент” рейсида Тошкент халқаро аэропортига келиб тушади ва белгиланган тартибда чегара назоратидан ўтиб, юкларини олиш учун аэропортнинг йўловчиларнинг юклари чиқадиган махсус лентаси олдига келади. Ўзининг юкларини ола туриб, шайтон васвасасига учади, фикри ўзгариб, ён-атрофга кўз югуртиради — уни ҳеч ким кузатмаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, ўзига тегишли бўлмаган қора рангли сумкани устамонлик билан олиб, аэропорт ҳудудидан чиқади ва Андижон томонга йўл олади.
Салима уйига етиб келгач ўз сумкалари қаторида бегона сумкани ҳам бемалол очиб, унинг ичидаги нарсаларнинг бир қисмини қариндошларига совға сифатида тақдим қилади, бир қисмини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборади. Тўғри-да, Тошкент аэропорти ходимлари йўқолган сумканинг Андижон томонларга “кетиб қолган”ини қаердан ҳам билишсин!..
У айни шу пайтда 2016 йил февралда Туркиянинг Истамбул шаҳрига келиб, бола боқувчиси бўлиб ишлаган, худди шу рейсда Тошкентга учган, аммо аэропортда белгиланган тартибдаги чегара назоратидан ўтаётган 1972 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, 2 нафар фарзанднинг онаси, бева аёл Робия Тўраева иккита юк сумкасидан биттаси йўқолгани тўғрисида аэропорт маъмуриятини хабардор қилганини, сумка ичидаги буюмлар рўйхатини тақдим этганини, ўша куннинг ўзидаёқ иш юзасидан суриштирув ишлари бошлаб юборилганини билмас эди...
Орадан бир ойдан зиёдроқ вақт ўтди. Кутилмаганда 2019 йилнинг 10 июнь куни С.Солиеванинг уяли телефонига қўнғироқ қилиб, ўғирланган сумкани олиб келиши ҳақида огоҳлантирган ички ишлар органи ходими унга: “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, “Қинғир ишнинг қийиғи...” каби мақолларнинг нақадар ҳақиқатлигини яна бир бор исботлади.
Бу орада Робия Тўраева ҳам сумкаси топилишидан умидини уза бошлаган эди. Аммо ўша куни унга ҳам қўнғироқ қилиб, нарсалари топилганини, Тошкент шаҳар аэропортлари хавфсизликни таъминлаш бошқармасига етиб келишини айтишади.
Гумондор Салима Солиева олиб келган сумка холислар иштирокида кўздан кечирилганида ундаги анча нарсалар йўқолганлиги маълум бўлди. Албатта, орадан бир ой вақт ўтган, сумка ичидаги барча буюмларни топиб, жой-жойига қўйишнинг имкони йўқ. Аммо Робия Тўраеванинг аризасида кўрсатилган, гумондор томонидан ишлатиб юборилган жами 610 (олти юз ўн)долларлик аёллар кўйлаклари, жемферлари, пардоз-андоз буюмлари ва жабрланувчига етказилган зарарнинг сўмдаги қиймати Салима Солиева томонидан тўлиқ қоплаб берилди.
Салима Солиева тергов жараёнида юклари божхона назоратида белгиланган 45 кг.дан ошиб кетганлиги сабабли 3 та сумкасини ўз номига, яна битта сумкасини ўзи билан бирга келаётган танишининг номига расмийлаштирганини, ўша сумкаси олиб келинган-келинмаганлигини билмагани учун жаҳли чиқиб, 4-сумкаси ўрнига бошқа бировнинг сумкасини била туриб, атайин олиб кетганлигини айтди. Айбига иқрорлиги ва қилган ишидан пушаймонлиги, С.Солиевага нисбатан даъвогарнинг даъвоси йўқлиги, уларнинг ўзаро ярашганлиги туфайли жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 584-моддаси тартибида томонларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тўхтатиш масаласини ҳал этиш учун Сергели туман судига юборилди.
Бошида оила тебратиш ташвиши бўлмаса ҳам ўз юртдошининг — бир бева аёлнинг, онанинг икки нафар қоракўзининг таъминоти учун улардан айро бегона юртга кетиб, меҳнат қилиб топган маблағига олган буюмларни ўғирлаб, ҳеч иккиланмай ўз манфаати йўлида ишлатган бу аёлни қандай аташ мумкин? Ҳолбуки, ўз оиласидан йироқда, мусофирчиликда яшаш машаққатини ўзи ҳам тотган-ку! Уйдами, йўлдами, юртдами, олисдами — қайда бўлса ҳам у ўз номи билан АЁЛ! Бу номга муносиб бўлиш масъулиятини асло унутмаслик керак.
Шерзод ШОДМОНОВ,
Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликни
таъминлаш бошқармаси катта терговчиси,
Саодат РАҲИМОВА,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бошланган тадбирлар кўпч...
01 янв 1970
Жорий йилнинг II чорагида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши таркибида шаҳар ва туманларда БПТлар сон...
01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди....