Мурожаатлар адолат устуворлигини таъминлайди

/
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га асосан аҳолининг ҳокимиятларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, халқ билан очиқ мулоқот ва мурожаатлар билан ишлашни такомиллаштириш фаолияти янги босқичга кўтарилди.
Бундай ёндашув, ўз навбатида, давлат органларининг мурожаатларни кўриб чиқиш мажбуриятини сўзсиз бажаришни, мурожаатларни бериш тартибига риоя қилишни, соҳавий амалиётни бугунги кун талабларига мос равишда такомиллаштиришни тақозо этмоқда. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги қонунининг ҳар бир нормаси замирида миллионлаб одамлар тақдири, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси мужассам.
Зотан, фуқаронинг мурожаат этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган, унга кўра ҳар бир шахс давлат органига ариза, таклиф ва шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Аввало, қонун давлат органига ихтиёрий ва эркин мурожаат этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Мурожаатларни кўриб чиқиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш давлат ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликка хизмат қилади. Бу жиҳатлар Президентимизнинг шу йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам ўз аксини топган. Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.
Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида жорий этилган “business.gov.uz” ягона интерактив портали муайян ҳудуд ёки тизимда тадбиркорлик аҳволини баҳолаш, давлат дастурларининг бажарилиши устидан назорат қилиш, соҳавий ахборотни таҳлил қилиш ва ундан фойдаланишни яхшилайди. Тадбиркорлар мазкур портал орқали ўз мурожаатларининг кўриб чиқилишини кабинетида “онлайн” реал вақт режимида кузатиб боришлари мумкин бўлди. Бунда илғор технологик ёндашувлар воситасида давлат ва хўжалик органлари билан тадбиркорлар ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган “девор”лар олиб ташланиб, долзарб вазифалар вақтида белгиланмоқда, муҳими, фаол ва мақсадли ҳамкорлик орқали ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, жамиятимизда фуқаро ва ташкилотларнинг ариза, таклиф ва шикоятлари жойларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг қай даражада амалга оширилаётганлигини баҳоловчи асосий мезонлардан бири, деб тан олинди.
Таъкидлаш лозимки, қонун билан кафолатланган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқининг рўёбга чиқарилиши давлат идораларининг тўғри ишлашига ёрдам беради.
Шуниси муҳимки, янги таҳрирдаги қонуннинг қўлланиш соҳаси аниқ белгиланган ва 1-моддага кўра, амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Мурожаатлар билан боғлиқ асосий тушунчалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган бўлиб, 3-моддага биноан ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган электрон мурожаат, давлат органи раҳбари томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари билан ўтказиладиган оммавий қабул, устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти, тўлиқ ёки қисман давлат органи томонидан ташкил этилган нотижорат ташкилоти давлат иштирокидаги ташкилот сифатида эътироф этилган.
Мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари сифатида қонуннинг 4-моддасида қонунийлик, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансоларликка йўл қўйилмаслик, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолияти шаффофлиги келтирилган.
Қонуннинг 8-9-моддаларига кўра жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун давлат органларида махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин, қабул учун масъул бўлган мансабдор шахслар белгиланади. Оммавий қабул ҳовли (квартира), бошқа бино ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин. Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлаш бўйича қонунга қатор янги нормалар киритилган.
Қонуннинг 15-20-моддаларида давлат органларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш, айни пайтда мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги кераклиги, хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги, мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланганда жисмоний шахсни камситишга, маълумотлар ошкор этилишига, маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмаслиги, мурожаатлар муносабати билан таъқиб этиш ман этилиши каби чоралар аниқ белгилаб берилган.
Муҳими, мурожаат қилиш тартиби соддалашган ва оптималлашган. Шунинг учун ҳам қонуннинг энг муҳим қисми мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартибига бағишланган бўлиб, 23-моддада мурожаатлар бўйича иш юритиш тартибга солинган. Унда давлат органига тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши ва мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Мурожаат этувчини эшитиш фуқаролар олдида давлат органларнинг масъулиятини белгилаб бериб, бу ҳам қонун бевосита фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилганидан далолат беради. Хусусан, қонуннинг 26-моддасига биноан давлат органи мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот тақдим этиш имкониятини беради ҳамда мурожаат этувчини эшитишга эксперт ва мутахассисларни жалб этиши мумкин. Энг асосийси, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Мурожаатга жавобни давлат органи ва ташкилоти раҳбари ёки уларнинг мансабдор шахси имзолайди.
Бу ҳолат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг халқ билан алоқаларини мустаҳкамлаш, давлат ва ижтимоий ҳаётдаги муҳим масалаларнинг ҳал этилишида аҳолининг фаол иштирок этиши учун муҳим восита бўлади.
Таъкидлаш лозимки, мурожаатларни кўриб чиқиш аҳволи кўп ҳолларда давлат бошқарув органларининг ташкилий раҳбарлиги билан узвий боғлиқ.
Бу борада муайян муаммоли масалалар ҳам келиб чиқмоқда. Улар қуйидагилар билан боғлиқ: мурожаатлардаги жисмоний шахснинг фамилияси, унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларнинг кўрсатилмагани, мурожаатнинг моҳияти баён этилмагани, бўйсунув тартибида юқори турувчи органга шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқларини бузувчи ҳаракат содир этилгани маълум бўлган пайтдан эътиборан бир йилдан кечиктириб берилгани, вакиллар орқали берилган мурожаатларда уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжуд бўлмаганлиги, ёлғон маълумотларнинг баён этилиши каби омиллардир. Баъзи ҳолларда мурожаатда кўрсатилган манзил ё телефон рақами бошқа бўлиб чиқмоқда. Бу ўз-ўзидан мазкур мурожаатнинг аноним характерга эга эканини кўрсатади. Шу боис, улар рад этилади ёки кўрмасдан қолдирилади.
Яна бир жуда муҳим жиҳат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали аҳолининг давлат раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлди. Бу билан аҳолининг давлат идораларига, адолат ва ҳақиқатга ишончи мустаҳкамланмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, давлат органлари халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилса, аҳоли ўз ҳаётидан мамнун бўлса, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги мустаҳкамланади.
Толибжон УМАРОВ,
юридик фанлари доктори 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Асосий қонунимиз тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда....
01 янв 1970
Гап шундаки, автобус бошқариш ҳуқуқига эга бўлган “Д” категорияли ҳайдовчилар смена давомида нақд пулга ишлашга одатланишган....