Ҳар бир хонадонга газета кириб борсин

/
Ахборот технологиялари юксак тараққий этиб, аҳолиси интернетдан фаол фойдаланаётган давлатларда ҳам миллионлаб нусхада газета-журналлар чоп этилаётганини кўпчилик яхши билади. Бу эса ўша давлатларда босма оммавий ахборот воситалари тараққиёт учун хизмат қилиб келаётганлиги, уларнинг ривожланган давлатлар деб эътироф этилишида ҳисса қўшаётганини англатади. Босма ОАВ ҳукуматлар томонидан қўллаб-қувватланиб, жамиятда матбуот нашрларига эҳтиёж камаймаётгани ҳам шундан далолат беради.
ОАВда газета, обуна мавзуларида кўплаб чиқишлар бўлди, уларда фикр ва таклифлар, танқидий қарашлар ўз аксини топди. Лекин... Таниқли адибимиз иборасига ўхшатиб айтганда, ҳамон газета таҳририятлари муаммоларини ҳал этишдан дарак йўқ.
Бунга, хусусан, партия нашрларини варақлаб, неча нусхада чиқаётганини кўриб ҳам амин бўласиз. Афсуски, уларнинг адади юқорида келтирилган миллион рақамининг урвоғича ҳам чиқмайди Ҳеч қурса, шу рақамнинг 100 дан бир қисмичалик келмайди, яъни 10 минг нусха ҳам эмас, 3-6 минг атрофида.
Матбуот нашрларида ҳукумат, барча даражадаги ҳокимиятлар, давлат ва жамоат ташкилотларидан тортиб, оддий инсонларнинг овози давр ҳамда тарих саҳифаларига муҳрланади. Қўл билан варақлаб ўқиладиган китобга ҳар доим эҳтиёж бўлганидек, газеталарга ҳам ижтимоий зарурат сўнмайди. Жумладан, сиёсий партияларнинг энг муҳим даврий ва тарихий минбари, қиёфаси, узоқ йиллар янграб турадиган сўзи унинг газетасидир!
Танганинг икки томони бор, деганларидек, албатта, ўз навбатида, матбуот нашрлари ҳам талабга жавоб бериши, жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилиши лозим.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий дастури лойиҳасида “Биз ОАВ фаолиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш бўйича узоқ ва қисқа муддатли дастурларни амалга ошириш, ахборот бозори иштирокчиларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, оммавий ахборот воситалари моддий-техник базасини янгилаш ва технологик замонавийлаштириш, журналист касбининг мавқеини кўтариш, соҳа ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз”, дейилган. Ушбу гап мазмунидан, айниқса, “...бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз”, деган жумладан англашиладики, бу борада партия ўз олдига аниқ вазифа қўймаяпти. Яъни ҳукумат томонидан кўриладиган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш билангина чекланаяпти, холос. Матбуот ва матбуотчилар олдидаги ўткир ижтимоий муаммони ҳал этишда шахсий ташаббускорлик кўрсатмаяпти. Партиявий-сиёсий талабчанликни ишга солган ҳолда ташаббус кўрсатиб, ҳукумат ва парламент доирасида аниқ қарор ва дастурлар қабул қилинишига зарурат йўқ, деб ҳисоблаганга ўхшайди.
Партиямизнинг Сайловолди дастури лойиҳасида эса “Биз ошкоралик — фуқаролик жамиятининг асосий шартидир” принципига суянган ҳолда, ижтимоий ва парламент назоратини таъминлашда маҳаллий ОАВларнинг ролини мустаҳкамлаш, уларнинг рақобатбардошлигини глобал ахборот маконида кучайтириш тарафдоримиз”, деб қайд этиш билан кифояланилган, холос. Бу ўринда қуруқ гап эмас, амалий таклифлар, аниқ ишлаб чиқилган режалар керак. Акс ҳолда босма ОАВлар тақдири нима бўлиши номаълумлигича қолиб кетаверади.
Мақсадимиз, босма ОАВлар ҳар бир хонадонга кириб бориши керак!
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бу ўринда гап фақатгина партия нашрлари ҳақида бораётгани йўқ, албатта. Босма ОАВлар кўплаб нусхаларда чиқиши ва хонадонларга етиб бориши аниқ ишларни амалга оширишни тақозо этади. Токи, ҳеч бир хонадон китобсиз, газета-журналсиз қолмасин. Буни зиёлилар чуқур англагани каби ривожланган давлатлар қаторидан жой олишимиз тарафдори бўлган турли соҳалар, маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбар ходимлари ҳам шундай тушунмоғи керак.
Шу мақсадда партиямиз янги Сайловолди дастурида босма ОАВлар фаолиятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доир алоҳида дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тақдим этиш, бунда маҳаллий бюджетлардан ажратилган маблағлар эвазига ҳар бир хонадон бирон-бир газета-журналга обуна қилинишига эришиш вазифасини аниқ белгилаб олиши лозим.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда инсоният тараққиёти глобал саноатлашиш, индустриал марказлари ҳамда шаҳарларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ кечмоқда. ...
01 янв 1970
Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, фуқароларни давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришнинг муҳим воситаси, сайловл...
01 янв 1970
Ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. ...
01 янв 1970
Қувасой шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси фидойилик билан меҳнат қилмоқда. Бу қўлга киритаётган муваффақиятларимизда...