Лойиҳадаги чалкашликлар бартараф этилса

/
Маълумки, қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш жараёнида битта норма икки ёки ундан ортиқ ҳужжатда ҳар хил қўлланилиши ҳолатлари аниқланади. Худди шу нуқтаи назардан партия ҳужжатларида ҳам аниқлик бўлиши, чалкашликлар ҳозирданоқ бартараф этилиши лозим, албатта.
Партиянинг янги дастурлари лойиҳаларида такрор жумлалар, чалкашликлар, яъни бирор талаб ҳар ўринда ҳар хил қўйилиши ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Хусусан, партия Сиёсий дастури лойиҳасининг “ХХI аср — рақобатбардош иқтисодиётга эга адолатли Ўзбекистон” номли қисмида “Бюджет воситаларини ишга тушириш лозим — бюджет ресурсларини таълим, соғлиқни сақлаш, илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, ички истеъмолчилик талабини кенгайтириш, кабиларга қаратиш керак”, дейилган. Яъни бу ўринда ижтимоий ҳимоя масаласи тушиб қолган. Мазкур жумлалардан анча қуйироқда эса “Биз солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатишни, бюджетнинг салмоқли қисмини аҳолининг эҳтиёжларига йўналтиришни, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни солиқдан бутунлай ёки қисман озод қилишни таклиф қиламиз”, дейилади. Умуман, солиқ сиёсати ҳақидаги бу бандда бюджет тақсимоти хусусида сўз юритилиши шарт эмас, бу ўринда бюджетга солиқ орқали тушумлар, солиқ имтиёзлари борасидаги таклифлар келтирилиши мантиқан тўғридир. Бюджет тақсимотида ижтимоий ҳимоя масаласи эса олдинги мисолда ўз аксини топиши ўринли саналади. Шундан келиб чиқиб, “Бюджет воситаларини ишга тушириш лозим — бюджет ресурсларини таълим, соғлиқни сақлаш, илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, ички истеъмолчилик талабини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя кабиларга қаратиш керак”, деб аниқ белгилаб қўйишни таклиф этамиз. Ёки “бюджетнинг салмоқли қисмини аҳолининг эҳтиёжларига йўналтиришни таклиф этамиз”, деган жумлани шу жойда қайд этилса, вазифа ва мақсад аниқ бўлади.
Сиёсий дастур лойиҳасининг “ХХI аср — рақобатбардош иқтисодиётга эга адолатли Ўзбекистон” номли қисмида яна “Банкларнинг узоқ муддатли ссудалар бериши ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳамкори сифатида фаолият кўрсатишини рағбатлантирувчи солиқ механизмлари ва қонунчиликни мукаммаллаштириш. Бунда давлатнинг тартибга солиш вазифаси бозор рақобатига қарши эмас, балки бозорнинг ижтимоий соҳа, аҳоли фаровонлигига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган бўлиши лозим”, дейилган. Бу бандда “рағбатлантирувчи солиқ механизмлари” жумласи билан “бозорнинг ижтимоий соҳа, аҳоли фаровонлигига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган бўлиши” жумласи амалиётда бир-бирига қанчалик мос келиши мумкин? Бу банддаги иккинчи гап аслида биринчи гап мазмунига эътироз уйғонишининг олдини олиш учун шунчаки келтириб ўтилган эмасми? Бу ерда ҳам чалкашлик борлиги кўриниб турибди.
Сиёсий дастур лойиҳаси шу каби мужмал жумлалар, мазмунан ортиқча такрорлар ҳисобига ҳажм жиҳатидан катта бўлиб қолган. Лойиҳа матнини сезиларли равишда ихчамлаштиришга, бир неча ўринларни қисқартиришга жиддий эҳтиёж бор.
Дунёга таниқли бир файласуф “Қонунларни шундай тушунарсиз ёзиш керакки, токи одамлар уни тушунтириб беришни сўрасин”, деган экан. Тушунтириш, сўраш зарурати эса тегишли қоидани шарҳловчи ўзи истаган мазмунда талқин қилиш имконини пайдо қилади. Партия ҳужжатлари матнида ҳам кейинчалик ана шундай тушунтириш, сўрашларга ҳожат бўлмаслиги, ундаги вазифа, ғоя-мақсадларни ҳар хил талқин қилишга имкон қолдирмаслик керак.
Бўри МАҲМАТМУРОДОВ,
халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Партия патронажи” лойиҳаси доирасида шаҳар, туман партия кенгашлари фаоллари чақирувлар асосида хонадонлар ва ташкилотларда бўлиб, Ўзб...
01 янв 1970
Ойлигимни контрактга ўтказиб берсам бўладими, шунда ойлигимнинг ҳаммаси солиқларсиз тўлиқ ўтадими? ...
01 янв 1970
Хотира — муқаддас туйғу. Бу фазилат инсоннинг маънавий қиёфасини белгилайди.
01 янв 1970
Юртдошларимиз закалат, ипотека ва ҳуқуқлар гарови тарзидаги гаров турларини тасдиқлаш мақсадида нотариал идорамизга мурожаат қилишади. ...