Ўз сўзи, ўз позицияси бўлмаса, халқ партияга эргашмайди

/
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сиёсий дастури ҳамда Сайловолди дастури лойиҳалари юзасидан муҳокамалар партия тизимида қизғин давом этмоқда. Ушбу муҳокамаларда партия депутатлари ва фаоллари, мутахассислар мазкур лойиҳалар юзасидан кескин танқидий фикрлар билдириб, аниқ таклифлар ва уларни амалга ошириш механизмларини илгари сурмоқдалар.
Таъкидлаш жоизки, Сиёсий дастур ҳамда Сайловолди дастур лойиҳаларини такомиллаштиришга хизмат қилувчи ушбу фикр ва таклифларнинг барчаси партия экспертлар гуруҳлари томонидан атрофлича кўриб чиқилмоқда.
Қуйида ана шундай фикр ва таклифлардан айримлари билан танишасиз:

Сиртқи таълим: нега контракт тўлови миқдори юқори?
Таълим масаласи Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида аввал ҳам устувор ўрин эгаллаганди. Янги лойиҳада бу яхши анъана унутилмаган. Ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган мазкур йўналиш тўғрисида кўп фикрлар билдирилган. Айниқса, олий ўқув юртларининг мустақиллиги, ОТМга қабул квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, масофавий таълимнинг замонавий шаклларини жорий этиш каби қатор долзарб таклифлар ўз аксини топган. Булар чиндан-да, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни кўпайтиришда муҳим роль ўйнайдиган масалалар сирасига киради.
Сайловолди дастур лойиҳаси билан танишиб, унда таълимга оид бир қатор масалалар қамраб олинганлиги, лекин контракт тўловларининг миқдори ҳақида ҳеч нарса дейилмаганини кўрдим. Албатта, биринчи ўринда талабалар тўлайдиган маблағ миқдорининг қандай ҳисобланганлиги, бу жараён қайси методологияга асосланганини жамиятга маълум қилиб, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш лозим.
Яна бир эътиборли жиҳат — олий таълим муассасаларидаги кундузги ва сиртқи таълим йўналишларида талабалар тўлайдиган контракт тўловлари миқдори бир хиллигидир. Масалан, Наманган давлат университетининг ўқитувчиси Ёдгоржон Болтабоевнинг таъкидлашича, тарих йўналишида таҳсил оладиган талабалар ўтган ўқув йилида 9,2 миллион сўмдан контракт пули тўлаганликларини айтди. Бу миқдор кундузги таълим учун ҳам, сиртқи таълим учун ҳам бир хил экан.
Энди контракт тўловини белгилаш учун қайси мезонлардан келиб чиқилиши мумкинлиги бўйича кичкина тадқиқот ўтказайлик. Албатта, биринчи навбатда, олий таълим муассасасининг ўқув биноларидан фойдаланиш (барча харажатларни, шу жумладан, коммунал хизматларни ҳисобга олган ҳолда), ўқитувчиларнинг меҳнатига (дарс ўтишдан тортиб-назорат ишларини текшириш ва имтиҳон қабул қилиш каби жараёнларгача) ҳақ тўлаш, ахборот-ресурс маркази хизматлари, ўқитишнинг техник воситалари, ахборот-коммуникация технологияларидан, ўқув юртининг бошқа иншоотларидан фойдаланиш сингари масалаларни қамраб олади, деб ўйлаймиз. Бошқа қандайдир ҳолатлар ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Демак, биз юқорида келтирган 9,2 миллион сўм мана шундай ҳисоб-китоблар натижасида шаклланган. Унинг ҳақиқатга мос ёки мос эмаслигини қўйиб турайлик (аслида буни ҳам мониторинг қилиш фойдадан холи эмас), кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба юқорида келтирилган маблағдан стипендия ҳам олишини унутмаслик зарур. Сиртдан ўқийдиганларда эса бундай имконият йўқ, албатта. Кундузги таълимда фанларни яхши ўзлаштирган талаба мисолида кўрсак, ойига ўртача 500 минг сўм олганда ҳам бир йилда 6 миллион сўм маблағ унга қайтади. Демак, ўқиш учун сарфлайдиган пули 3,2 миллион сўм атрофида бўлади.
Мутахассисларнинг айтишича, сиртдан ўқийдиганларга ўтиладиган дарслар ҳажми кундузгиларникига нисбатан учдан бир ҳиссани ташкил этмоқда. Бундан келиб чиқсак ва ижтимоий адолат нуқтаи назаридан фикр юритсак, контракт пулининг миқдори сиртқи таълимда бир миллион сўмдан бироз юқори бўлиши мумкинлигин англаймиз. Бу ерда гап 3,2 миллион сўмнинг учдан бир қисми ҳақида кетмоқда. Амалда-чи? Орадаги фарқ қарийб тўққиз бараварни ташкил этмоқда. Савол туғилади: турли даражадаги депутатлар, сиёсатчилар, жамоат арбоблари, зиёлилар қаёққа қарамоқдалар?
Олий ўқув юртларида сиртқи таълимнинг қайта тикланганлиги соҳани ривожлантиришда катта ютуқ бўлди. Чунки ўз пайтида уни йўқ қилиш жиддий хато бўлганди. Энди фақат контракт тўловлари миқдорини адолатли қайта кўриб чиқиш ва янада кўпроқ ёшларимиз олий маълумот эгаси бўлишлари учун йўл очиб бериш зарур. Бундан халқимиз ва жамият учун нақадар катта наф келишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Контракт тўловига доир бу долзарб масалани партиямиз ўз дастурига киритиши Адолат тантанаси учун хизмат қилади, албатта.
Ойлархон ОХУНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган шаҳар кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда юқори салоҳияти эътироф этилган олимлар кўп.
01 янв 1970
Мустақиллик неъмати боис юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга чирой очмоқда. ...
01 янв 1970
Ислом манбашунослари “Ўрта асрларда Марказий Осиёда мусулмон оламида ҳанафия мазҳабининг иккита катта илмий маркази вужудга келди....
01 янв 1970
Суд-ҳуқуқ соҳасида адолат тарозиси олдида ҳақнинг ҳақ, ноҳақнинг ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблар...