Фирибгарлик ва ўғирлик бир мақсадга қаратилган икки жиноятдир

/
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 169-моддаси(Ўғирлик)да ўз аксини топган жиноятлар бир мақсадга – ўзгалар мулкини талон-торож қилишга қаратилган. Шу боис кодекснинг Х боби айнан шундай “Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш” дея аталган. Аммо уларнинг фарқи шундаки, фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан амалга оширилса, ўғрилик ўз номи билан ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишдир. Энг ачинарлиси, бировнинг ҳақидан қўрқмаган айрим юртдошларимиз ҳар иккала жиноятни ҳам тап тортмай, ён-атрофдагилардан хижолат чекмай содир этишади.
Бугунги “қаҳрамон”ларимиз ана шундай ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормаган кимсалардир.
Устаси фаранг хоним
Данғара туманида яшовчи Дилфуза Жумаева (Мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган.) кўпдан буён калиш савдоси билан шуғулланиб келаётганди. Лекин Дилфуза опа савдо-сотиқ ишлари фақат ҳалолликни талаб қилишини унутиб қўйди. Акс ҳолда танишлари Акбаржон Зоиров ва Дилшод Нуриддиновни чув туширмаган бўларди.
Маълум бўлишича, А.Зоиров Самарқанд вилоятининг Ургут туманида калиш савдоси билан шуғулланарди. Аниқроғи, Д.Жумаева уни маҳсулот билан таъминлаб турарди. 2018 йил ноябрь ойининг бошида у Акбаржонга қўнғироқ қилади.
— Калишни ўз жойидан, ишлаб чиқараётган ҳожи акаларнинг ўзидан олаяпман. Шунинг учун уларга кўпроқ пул бериб қўйсак, товарни айтган пайтимизда олаверардик. Сизга ҳам айтган вақтингизда жўнатаверардим, — дея ургутлик ҳамкорини олдиндан пул беришга ундайди.
Натижада бир ҳафта муддатда аёл Акбаржоннинг 235.805.000 сўм пулларини қўлга киритади. Эвазига эса 10.098.000 сўмлик бошқа оёқ кийимлар ҳамда Дилшод Нуриддиновдан алдов йўли билан қўлга киритган 193.188.000 сўмлик калиш маҳсулотларини 176.385.000 сўм қийматда бериб юборади. Қолган 49.322.000 сўмни эса ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлайди.
Буни қарангки, Дилшод Нуриддинов Дилфуза Жумаеванинг фирибгарлигидан Акбаржонга нисбатан кўпроқ жабр кўради. Негаки устасифаранг хоним 2018 йил 24 октябрдан 2018 йил 10 ноябргача Дилшоджондан 511.027.500 сўмлик калиш олади. Бироқ бунинг учун Д.Нуриддиновга 414.107.500 сўм пул беради, холос. Маҳсулотнинг қолган 96.920.000 сўмлик ҳақини бериш унинг “хаёлидан кўтарилиб” қолади. Бу орада — 2018 йил 19 ноябрь куни Дилшод билан Акбаржон Қўқон шаҳрида учрашиб қолишади. Табиийки, уларнинг суҳбати савдо-сотиқ ишлари хусусида кечади.
— Опа сиздан товарни насияга олганмиди? — деб сўрайди Акбаржон ҳайрон бўлиб.
— Ҳа, ҳар доим шундай қилади. “Юк жўнатсак, Акбаржон пулини бериб юборади”, — дейди.
— Мен ҳар сафар нақд пулга товар олганман, ҳеч қачон насия қилмаганман.
Шунда Дилфуза опанинг ҳар иккаласини ҳам алдагани аён бўлади. Бинобарин, алданганини ҳазм қилолмаган Дилшоджон Д.Жумаеванинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Учкўприк туман ИИБга мурожаат қилади. Оқибатда фирибгарга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилади...

Эсда Қоладиган
Ўғирлик

Албатта, биз баён этилажак ўғирликка бежиз бундай таъриф бермадик. Чунки мазкур жиноятни содир этган икки нафар ҳамтовоқлар — учкўприклик ўулом Турсунов ва қўқонлик Қобил Лазизовлар учун эсда қоладиган бўлди. Гап шундаки, ўуломжон жиноий шериги билан ўз синглиси Муборакхон Мелиқўзиева ва куёви Муҳсинжон Умрзоқовларнинг хонадонига ўғирликка тушган бўлса, Қобилжон бу ўғирликка ўзининг туғилган кунида қўл урди.
Воқеадан олдин — 2019 йил 7 январь куни кундузи ў.Турсунов Қўқонга, Қ.Лазизовнинг уйига келади. Иккаласи ҳам ҳеч қаерда ишламагани учун гап бирор жойни ўмаришга бориб тақалади. Шунда ўуломжон ҳамтовоғига синглиси ўз маҳалласига келин бўлиб тушгани, куёв томоннинг катта миқдорда пули борлигини айтади.
— Аммо уй дарвозасига камера ўрнатилган. Қай биримиз олдин кирсак ҳам камера тюнерини ўчиришимиз керак.
— Буни уддаласа бўлади, — дейди Қобилжон.
Шу тариқа маслаҳат пишиб, ўғирлик манзили тайин бўлади. Вақт 8 январга ўтиб, соат миллари тунги 0200 ни кўрсатганда икковлон Муҳсинжоннинг эшиги олдида пайдо бўлишади. Сўнг қўлларига ўзлари билан олиб келган қора қўлқопларни кийиб, “иш”га киришишади. Яъни ҳовлига кириб, ўзлари келтирган искана асбоби билан деразани очишади. Албатта, бу маҳал хонадон соҳиблари ширин уйқуда ётишганди. Шу боис вазиятдан фойдаланиб, ётоқхонадаги темир сейфдан ҳамда диван устида турган 48.255.000 сўм нақд пуллар, 45.389.900 сўмга тенг бўлган 5.410 АҚШ доллари, 161.200 сўмга тенг бўлган 1.300 Россия рубли ва 900.000 сўмлик кузатув камераси тюнери, жами 94.705.200 сўмлик моддий бойликларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинишади. Эрталаб соат 0600 ларда уйқудан турган М.Умрзоқов ўғирлик содир этилганини пайқаб, дарҳол туман ИИБга хабар беради.
Буни қарангки, Қ.Лазизов ўғирланган пулларни “бировнинг омонати” дея қариндоши Соҳибжон Ботировга бериб қўйган экан. Шунинг учун ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида М.Умрзоқовга тегишли 37.298.000 сўм, 10 АҚШ доллари ва 1.200 Россия рубли унинг хонадонидан далилий ашё тариқасида олинган. Оқибатда ўғри ҳамтовоқларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Албатта, суд томонидан ҳар иккала жиноят иши бўйича айбдорларнинг қилмишларига ҳуқуқий баҳо берилиб, уларга қонуний жазо тайинланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фирибгарлик натижасида ҳам, ўғирлик туфайли ҳам у ёки бу шахс, фуқаро жабр кўради. Қонун ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари билангина ўша шахсларнинг бузилган ҳуқуқи тикланади. Сизу биз янада ҳушёр ва огоҳ бўлсак, бундай манфур қилмишларнинг пайи қирқилади. Энг муҳими, бировнинг ҳақи ҳеч қачон бошқа бировга буюрмаслигини унутмаслик керак.
Нодирбек МИРЗАЖОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....
01 янв 1970
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак....
01 янв 1970
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида солиқлар, аҳоли ҳамда корхоналарга кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. ...