Қулайликлар яратилмоқда

/
Сиёсий кучнинг мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, партия депутатларининг ташаббускорлик ва фидойилик билан иш олиб боришини тақозо этади. Шу мақсадда халқ депутатлари ўузор тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам муайян натажаларга эришмоқда.
Жорий йилда депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан жойларда фуқароларни ўйлантираётган масалалар, аниқланган муаммоларга ечим топиш мақсадида мутасадди ташкилотларга 26 та депутатлик сўрови киритилиб, шундан 22 таси ижобий ҳал этилди, фуқароларнинг манфаатлари рўёбга чиқарилди. Қолган депутатлик сўровларида келтириб ўтилган масалалар бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Туманимиз марказидаги “Амир Темур” маҳалласида яшовчи фуқаролар билан юзма-юз мулоқот чоғида Гулнора Сайфиева ва Зебо Очилова тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлигини айтиб, кредит олиб, паррандачиликни йўлга қўйишда ёрдам беришимизни сўрашди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Инобат Қўзиева уларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритди. Ташаббуслар рағбатлантирилиб, Гулнора Сайфиева ҳамда Зебо Очилованинг ҳар бирига “Агробанк”нинг туман филиалидан 7 миллион беш юз минг сўмдан кредит ажратилди.
Жорий йилнинг май ойида “Шерали” сайлов округи ҳудудидаги “Капирин” қишлоғи хонадонларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот уюштирганимизда фуқаролар қишлоқда ички йўллар носозлиги, бандлик масаласида муаммолар борлигини баён этишган эди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун дастлаб туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Фахриддин Ирназаровга депутатлик сўрови юбордик.
“Капирин” қишлоғида истиқомат қилаётган фуқаролардан Азим Турдиев, Худойберди Юсупов, Жалол Чоршанбиев, Даврон Турдиев, “Янгикент” маҳалласида яшовчи Бахтиёр Жамолов, Элбурус Раҳимов ва бошқа шу каби 20 нафарга яқин ишсиз фуқаролар қурилиш ишларига ва тадбиркорлик шохобчаларига жалб этилиб, ишга жойлаштирилди. Туман пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонаси раҳбарига йўлланган депутатлик сўрови ўрганилиб, кўп ўтмай амалий натижаларга эришилди. Айни кунларда йўлсозлар “Қўштепа” МФЙдаги “Жонбулоқ” қишлоғининг 4 километрлик ички йўлларида таъмирлаш ишларини тугатиш арафасида, шунингдек, “Чаноқ” қишлоғида ҳам 2 километрлик ички йўллар жорий таъмирланмоқда.
Шу йил 14 апрель куни “Шерали” қишлоғида яшовчи олий маълумотли ёшлардан Раҳмон Азимов ва Аббос Мавлонов доимий иш билан таъминланишда амалий ёрдам сўраб, депутатлик гуруҳимизга мурожаат қилишди. Ушбу мурожаатга асосан гуруҳимиз аъзоси Раъно Бердиева ва туман партия кенгаши раиси Камолиддин Камолов фуқароларни ўйлантираётган масалага ечим топиш чораларини кўришди. Натижада “Интир инжиниринг” қурилиш компаниясида 2019 йилнинг 13 май куни Р.Азимов электромонтаж устаси, А.Мавлонов техника хавфсизлиги бўйича муҳандис этиб ишга қабул қилинди.
Партия депутатлари июнь ойида “Тожик” қишлоғида яшаётган аҳоли ҳолидан хабар олиш мақсадида уйма-уй юриб, фуқаролар билан мулоқотга киришганларида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган Салима Қаюмова ва Феруза Раҳмонова моддий ёрдамга эҳтиёжлари борлигини маълум қилишди. Бу хайрли ишга ҳомийларни жалб этдик ва С.Қаюмова, Ф.Раҳмоновага моддий кўмак кўрсатилди.
Депутатлик гуруҳимиз аъзолари Отабек Бозоров ва Раъно Бердиева апрель-май ойларида “Камалак” болалар боғчаси ва 29-умумтаълим мактабларидаги синф ўқувчилари сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, давомвт, ичимлик суви ҳамда умумий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси каби масалаларни ўрганишган эди. Ўрганишларда мактаб ва боғчаларда бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Шуларни назарда тутиб, жумладан, туман мактабгача таълим бўлими раҳбарига депутат Раъно Бердиева депутатлик сўрови юборди. Натижада “Камалак” болалар боғчасида ичимлик суви ва дори-дармонлар билан таъминланганлик ҳолати яхшиланиб, тарбиячилар тумандаги энг намунали “Пахтаой” мактабгача таълим муассасасида ибратли тажрибаларни ўрганишди.
Яна бир хайрли ташаббусимиз қўллаб-қувватланиб, шу йил 25 февралда туман ҳокимлиги ер захирасидан 78-умумтаълим мактаби учун 5 гектар ер ажратилди, ҳашар йўли билан 2500 туп олма, олхўри, ўрик, бодом сингари мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Боғдаги ниҳолларни парвариш қилиш учун Ражаб Одинаев, Нурбек Одинаев ва Раҳим Одинаев жалб этилиб, улар муқим иш ўрни билан таъминланди. Келгусида янги боғ ҳосилидан келган даромад 78-умумтаълим мактабининг иқтисодий таъминотига, бу ерда меҳнат қилаётган боғбонларнинг оилалари фаровонлиги учун сарфланади.
Жорий йилнинг март ойида депутатлик гуруҳимиз аъзолари одамларнинг дарду ташвишини тинглаш, муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида “Тожик” ва “Даштобод” қишлоқлари аҳолиси билан мулоқот ўтказишди. Фуқаролар икки қишлоқни бир-бирига боғлаб турувчи кўприкни сел олиб кетгани боис бир талай қийинчиликлар юзага келганини билдиришди. Тез кунда депутатлик гуруҳимиз аъзолари тумандаги мутасадди ташкилотларни жалб этган ҳолда хайрли ишни бошлашди. Аҳоли ва кўнгиллилар ёрдамида ҳашар йўли билан апрель ойидаёқ замонавий кўприк барпо этилди.
Туманимиздаги “Савбоғ”, “Амир Темур” МФЙлари, “Шерали”, “Каприн”, “Дашнобод”, “Тожик” қишлоқлари аҳли билан учрашувларда таъмирталаб бўлиб қолган ички йўллар, айниқса, ўқувчиларнинг мактабга қатнашида ноқулайлик туғдираётгани ҳақида мурожаат қилишди. Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига депутатлик сўрови юборилгач, амалий ишлар бошлаб юборилди. Шу кунларда мазкур ҳудудларда ички йўлларни обод этиш ишлари давом этмоқда.
Маҳфуза ЎТАЕВА,
халқ депутатлари ўузор тумани Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асакалик сафдошларимиз Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Саховат — беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ибратли ишларни ама...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида видеоко...
01 янв 1970
Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди.
01 янв 1970
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик н...