Коррозия металлни, коррупция жамиятни емиради

/
Дарҳақиқат, шундай. Агар металл буюмингизни очиқда қолдирсангиз, қор-ёмғир ёки ҳавонинг намлиги таъсирида занглаб, емирилиб бораверади. Металл буюм-ку топилмас матоҳ эмас. Занглаб, яроқсиз ҳолга келса, янгисига алмаштириш мумкин. Аммо коррупция аталмиш бало жамиятни емирса-чи? Бунинг аянчли оқибатини бартараф этиш жуда мушкул. Ҳатто бундай иллат инсон ҳаётида, жамият тараққиётида ўчмас из қолдириши ҳеч гап эмас. Энг ачинарлиси мана шунда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 май куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Чунки сўнгги икки йил мобайнида Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши мислсиз кураш олиб борилаётганига қарамай, орамизда ўз нафсининг измидан чиқолмай, коррупция балосига гирифтор бўлаётган ёки иш битиришнинг, ўз муаммосини ҳал қилишнинг осон йўлини қидириб, масъул мансабдор шахсларга пора таклиф этаётган кимсалар ҳануз учрамоқда.
Қуйидаги жиноят ишлари ҳам юқоридаги фикрларимизга мисол бўлиб, пора олиш ёки пора беришдан воз кечолмаётган ёхуд бундай жараёнда воситачилик қилаётган айрим ҳамюртларимизга сабоқ бўлса, ажаб эмас.
Янги гуруҲнинг “харажати”
Нафиса Умматова (мақолада барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йил январь ойидан буён Бағдод туманидаги 19-мактабгача таълим муассасасида вақтинча мудир лавозимида ишлаб келаётганди. Ана шу даврда республикамизда мактабгача таълимни ривожлантиришга юксак эътибор қаратилаётганидан руҳланган ота-оналар боғча мудирига қўшимча янги гуруҳ очиш таклифини билдиришди. Нафиса туман мактабгача таълим бўлимидагилар билан маслаҳатлашиб кўражагини айтди. Кўп ўтмай Н.Умматова мактабгача таълим бўлими иқтисодчиси Миркамол Мамадиёров билан учрашиб, шу мавзуда сўз очди. Бу иш уларнинг моддий манфаатдорлиги эвазига амалга ошиши ҳақидаги таклиф М.Мамадиёровни қизиқтириб қўйди. 2018 йил сентябрь ойининг бошларида Н.Умматова шу иш юзасидан маслаҳатни “пишитиб” келиш учун муассасанинг хўжалик ишлари мудири Садриддин ўаффоровни Миркамолнинг ҳузурига юборади.
— Мени мудирамиз юборганди. Боғчамизда қўшимча янги гуруҳ очиш ҳақида гаплашган экансизлар. Шунинг маслаҳатини қилгани келгандим, — дейди М.Мамадиёровнинг хизмат хонасида учрашган С.ўаффоров.
— Тўғри, гаплашгандик. Лекин биласиз, бу масала ўз-ўзидан ҳал бўлмайди, — дея дарҳол мақсадга кўча қолади иқтисодчи.
Яъни у ўз ваколатига кирмаса-да, янги гуруҳ очишга рухсат беришнинг 150 АҚШ доллари миқдорида “харажати” борлигига ишора қилиб, оқ қоғозга “100+50” ёзувини ёзиб узатади. Гап нимадалигини тушунган Садриддин эса бу шартни Н.Умматовага етказади.
Буни қарангки, хўжалик мудири Миркамол билан учрашиб келгунча янги гуруҳ очилиши ҳақидаги гап муассаса ходимлари орасида тарқаб бўлганди. Шунинг учун кўпдан буён кир ювувчи вазифасида 0,5 ставкада ишлаб келаётган Бузаҳро Орзибекова (жиноят ишини унга нисбатан қисми ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми билан тугатилган) Нафисадан янги гуруҳга 1 ставка ёрдамчи тарбиячи вазифасига ўтказиб қўйишини илтимос қилади. Бу илтимос эса Н.Умматовага жуда қўл келади. Яъни у масалани “сопини ўзидан чиқариб” ҳал қилиш учун Бузаҳрога 100 АҚШ доллари берса, илтимосини бажо келтиришини айтади. Б.Орзибекова бўлса шартга ўйлаб ҳам ўтирмай рози бўлади. Натижада 2018 йил 20 сентябрь куни боғча мудирига 100 АҚШ доллари беради. Нафиса эса бу пулни ўша заҳотиёқ Садриддин орқали М.Мамадиёровга етказади.
— Қолганини ҳам тез орада берамиз, — дейди хўжалик мудири Миркамолнинг пулни айтилганидан камлигига ажабланганини кўриб.
“Харажат”нинг қолган қисми ҳам тезда топила қолганини қарангки, ҳамкасби Бузаҳродан бўлган воқеани эшитган тарбиячи Мавлуда Шукурова ҳам 1 ставка тарбиячи вазифасига ўтиш нияти борлигини айтади. Негаки, Мавлуда 0,75 ставкада ишлаб келаётганди-да. Шу боис боғча мудири ундан 50 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Аммо Мавлуданинг онаси Манзура опа бу шартга кўнмайди. У қизига дарҳол бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беришини тайинлайди. Шунга кўра, М.Шукурова Н.Умматованинг тамагирлиги юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Бағдод туман бўлимига мурожаат қилади. Натижада Нафиса ўз хизмат хонасида Мавлудадан 50 АҚШ долларини олган вақтида ушланади.
Шундан кейин Н.Умматова ва С.ўаффоровнинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилади. Аниқроғи, Нафиса Мавлудадан олган хориж валютасини Садриддин орқали Миркамолга бериб юборади. Пировардида иқтисодчи қолган 50 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган пайтда қўлга тушади...
“Уддабурон” ота
2018 йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси ва Бувайда туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимлари ҳамкорлигида туманда йўловчиларни лицензиясиз ташиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида қўшма рейд ўтказилади. Мазкур рейдда бошқарманинг 1-тоифали инспектори Мирзаали Акбаров иштирок этади. Шунда Бувайда тумани “Бумозор” қишлоғида яшовчи Салоҳиддин Турсуналиев ўзига тегишли “Дамас” автомашинасида тегишли лицензияси бўлмай туриб аҳолига транспорт ҳизмати кўрсатаётгани аниқланади. Натижада мазкур ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига олиб кириб қўйилади. Эртаси куни эса Мирзаали Акбаровнинг уяли телефони жиринглайди.
— Мен Салоҳиддиннинг отасиман, — дея ўзини таништиради қўнғироқ қилган фуқаро Убайдулло Қодиров. — Ука, шу масалани “босди-босди” қилиб берсангиз, илтимос. Нима хизмат бўлса, мен тайёрман.
“Уддабурон” ота шундай деб ўғлини маъмурий жавобгарликка тортмаслик ва автотранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб юбориш эвазига Мирзаалига пора таклиф қилади. Бироқ инспектор бунга кўнмайди.
— Иложи йўқ, ака. Биз ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирганмиз. Бу масала маъмурий судда кўриб чиқилади. Агар ўғлингиз бир ой муддатда йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия олса, суднинг қарори билан автомашина жарима майдончасидан чиқарилади, — деб тушунтиради.
Лекин Убайдулло ака ўша куни ҳам, эртаси куни ҳам қўнғироқ қилиб, автомашинани сотмоқчи эканлигини айтган ҳолда пора таклиф қилишда давом этади. Бинобарин, М.Акбаров бу хусусда Департаментнинг Бағдод туман бўлимига мурожаат қилиб, У.Қодировга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди. Департамент ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир мобайнида Убайдулло Қодиров Бағдод тумани марказида, ўзининг “Нексия” русумли автомашинаси ичида Мирзаали Акбаровга 100 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган пайтда қўлга олинган...
Жиноятга жазо муқаррар
Албатта, бу қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Шу маънода айтганда, юқоридаги ҳолатлар бўйича айбдорларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг ҳукмига биноан эса уларга қонуний жазо тайинланди.
Шу ўринда юртдошларимизга пора олган ва берган ҳам ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс ҳам қонуний жавобгарликка тортилишини яна бир карра эслатишни истардик. Бундай жиноятга гувоҳ бўлган ҳамюртларимиз эса ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беришса, айни муддао бўлар эди.
Олимжон ТОҒАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Бағдод туман судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ, 
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва ма...
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Муҳиба Бобобекованинг сайловчилар билан учрашувлари ҳар гал қизғин ва самимий мулоқотларга ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг «Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида боғчаларда ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир — шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияс...