Янги автобуслар келтирилди йўловчиларнинг узоғи яқин бўлди.

/
Бахт шаҳри билан “Янгиобод”, “Иброҳим Каримов”, “Ўзбекистон” МФЙлари оралиғида бир неча йиллардан буён йўловчи автобуслар қатнови йўлга қўйилмаётгани аҳоли кенг қатламининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Салоҳиддин Элмуродов муаммо юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганди ва муаммони ҳал этиш мақсадида дастлаб 2016 йил декабрь ойида, сўнгра 2018 йил февраль ойида Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги (ҳозирги “Ўзавтотранс” агентлиги) вилоят бошқармасига депутатлик сўровлари киритди.
2018 йил 22 февраль санаси билан бошқарма бошлиғи О.Эрбеков имзолаган жавоб хати олинди.
Унда қайд этилишича, бошқарма томонидан “Сам-Авто” МЧЖда ишлаб чиқарилаётган “ISUZU” русумли автобусларни, “Ўзавтосаноатлизинг” МЧЖ томонидан бир қатор қулайликлар таклиф қилинган ҳолда вилоятдаги барча корхоналарга, тадбиркорларга лизинг шартномаси асосида сотиб олишга ва ташувчи томонидан харид қилинган автобуслар ҳисобидан Сирдарё тумани, Сирдарё, Бахт шаҳарлари, “Истиқлол”, “Янги ҳаёт”, “Малик” МФЙлар йўналишида автобуслар қатновини йўлга қўйиш таклиф қилинган. Бироқ корхоналар ўзининг молиявий аҳволидан келиб чиқиб, автобусларни лизинг асосида сотиб олиш истагини билдиришмади. Ушбу масала бўйича тадбиркорларга тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз ва автобуслар сотиб олиш истагини билдирган корхоналарга ушбу йўналишда фаолият юритишга амалий ёрдам беришимизни ҳам айтиб ўтмоқдамиз, дейилган. Шунингдек, айтилган йўналишларда “Улуғбек Қорабоев” МЧЖ томонидан “Дамас” русумли транспорт воситалари жамланиб, йўналишли такси қатновини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда, дея қўшимча маълумот ҳам бериб ўтилган.
Хатда мазкур йўналишдаги автомобиль йўлларини ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига мос ҳолатга келтириш, таъмирлаш ишларини олиб бориш, автомобиль йўлларидаги йўловчи бекатларига қўйиладиган умумий техник талаблари бўйича бекатлар қуриш ҳақида вилоят автомобиль йўллар бош бошқармасига мурожаат қилиниши лозимлиги ҳам маълум қилинган.
Шундан сўнг депутат вилоят ҳамда Сирдарё тумани ҳокимликларига ушбу ҳаракат йўналишидаги йўллар ҳолати ҳақида билдириб, кўп ўтмай йўллар таъмирланишига эришди. Навбатдаги саъй-ҳаракатлар натижасида вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган тармоқ жадвалига асосан 2019 йилда 11 дона “ISUZU” русумли автобуслар Самарқанддан вилоятимизга олиб келинди.
Янги автобуслар белгиланган тартибда йўналишларга бириктирилиб, айни пайтда бир қатор йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди.
— Аҳолининг талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда яқиндан бошлаб “Сирдарё — Бахт”, “Сирдарё — Малик”, “Бахт — Гулистон”, “Иброҳим Каримов — Гулистон”, “Янгиер — Гулистон” йўналишларининг ҳар бирида 2 тадан “ISUZU” автобуслари қатнови йўлга қўйилди, — дейди Ўзбекистон транспорт вазирлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Абдуллаев. — Ушбу автобусларнинг 7 таси “Сирдарё автобус саройи” МЧЖ, 4 таси эса “Гулистон карвонтранс сервис” МЧЖ томонидан Халқ банки ажратган кредит маблағлари ҳамда лизинг ҳисобидан вилоятимизга олиб келинди. Мазкур йўналишлар бўйича автобуслар қатнови йўлга қўйилгунига қадар 10 дона “Дамас” русумли автомашина ва 4 дона “Истана” автоулови ўша ҳудудлардаги аҳоли учун хизмат қилиб келаётган эди.
Автобус қатновининг йўлга қўйилиши эса аҳоли учун ҳар томонлама қулай, арзон ва сифатли транспорт хизматидан фойдаланиш имконини бермоқда.
— Сирдарё туманидаги 17-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайман, — дейди Бахтиёр Ҳасанов. — Гулистон шаҳрида истиқомат қиламан. Мактабимиз тумандаги чекка ҳудудда жойлашганлиги, бунинг устига автобус қатнови белгиланмаганлиги боис ҳар куни ишга қатнашда ноқулайликлар бор эди. Энди ноқулайликлар барҳам топди, ҳозирда янги, шинам автобуслар узоғимизни яқин қилмоқда. “Адолат” партияси депутати ва бу эзгу ишга бош қўшган мутасаддилардан миннатдормиз.
Жамоат транспортларига турли ёшдаги аҳолининг эхтиёжи баланд эканини назарда тутсак, бу хайрли ишнинг ҳаётий аҳамиятини янада чуқурроқ англаймиз.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. ...
01 янв 1970
Ҳар бир инсоннинг улғайиб, вояга етишида ва ўз йўлини тўғри танлаб, жамиятда ўрнини топишида устозларнинг ўрни беқиёс....
01 янв 1970
Янги ўқув йили олдидан ота-она фарзанди учун мактаб формаси харид қилади.
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳақида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли муаллифларнинг чиқишларини ўқир эканман, камина ҳам шу мавзуда қалам т...