Партияга ишонч — сайловлар оралиғидаги фаолиятимиз асоси

/
Жорий йилда мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча бўғиндаги тузилмаларида сайловларга пухта ҳозирлик кўриш, таъсирчан тарғибот ва амалий ишлар орқали сайловчиларнинг дастурий мақсад-ғояларимизга ишончини мустаҳкамлаш партиядошларимизнинг муҳим вазифаси саналади. Тошкент шаҳри, Самарқанд, Навоий вилоятларида ўтказилган семинарларда шу ҳақда атрофлича сўз юритилди.
Тошкент шаҳар. “Сиёсий жараёнларда Ўзбекистон “Адолат” СДП позицияларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзусида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ўтказилган семинарда партия депутатлари ва фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, жорий йилда мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларида юқори натижаларга эришишимизда аҳоли билан ўтказиладиган сиёсий-ҳуқуқий мазмундаги учрашувлар катта аҳамиятга эгадир. Албатта, юзма-юз мулоқотлар омма ичига янада кенгроқ кириб боришимизда, уларга қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тезкорлик билан етказишимизда катта замин яратади.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга чиқди.
— Сайловларнинг қонуний, адолатли ва шаффоф ўтиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатланиши, энг муносиб номзодларнинг депутатликка сайланиши учун сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда, — деди Н.Умаров.
— Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси нормалари асосида ушбу сайловларга жиддий тайёргарлик кўриш, партиядан кўрсатиладиган номзодлар одамларнинг дарду ташвишларини дилдан кечириб, муаммоларни қонуний тартибда ҳал этишга билим ва маҳорати етарли эканига учрашувлар давомида сайловчиларда ишонч уйғота олишимиз лозим. Сайловда яхши натижаларга эришиш учун ҳудудларда партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг масъулиятини тубдан ошириш борасида қиладиган ишларимиз талай.
— Партия лойиҳаларини тарғиб қилишда амалга оширилган аниқ ишлар ижобий аҳамият касб этади, — деди Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Баҳром Валиев. — Тарғибот тадбирларида партия депутатлари иштирок этиши ва бундай учрашувлар ҳам очиқ мулоқот руҳида ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Албатта, партия депутатларининг сайловлар оралиғидаги фаолияти фуқаролар ишончини қозониш, сайловда муаваффақиятга эришишда ҳал қилувчи мезонлардан саналади. Бу эса фаолиятимизни танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган амалий ишлар сонини кўпайтиришни тақозо этади.
Ҳар бир депутат ўз фаолияти бўйича сайловчилар олдида ҳисоб бериши учун унда амалий ишлар, натижалар мундарижаси етарлича бўлиши лозим. Негаки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти ёки фаолиятсизлиги ўз сайлов округи ҳудудида истиқомат қилаётган фуқароларга кундай равшан. Унутмайликки, сайловчининг депутатимиз ҳақидаги фикр ва хулосалари шу ҳудуд аҳолисининг партияга нисбатан қарашларини ҳам шакллантиришга таъсир қилади.
Тадбирда сайловларга пухта ҳозирлик кўриш, дастурий мақсадларимизни аҳолининг турли қатламлари ўртасида кенг тарғиб қилиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Самарқанд. Мамлакатимизда сиёсий партиялар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада яратилган ҳуқуқий асослар давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда. Жумладан, яқинда қабул қилинган Сайлов кодекси фикримизнинг яққол далилидир.
Сайловларда сиёсий партиялар, номзодлар ва сайловчиларнинг ҳам эзгу мақсадлари, манфаатлари уйғунлашади.
Каттақўрғон шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Мақсадимиз — ислоҳотларда фаол иштирок этиш” мавзусидаги амалий семинарда шулар ҳақида сўз борди.
Вилоят партия кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова тадбирни очар экан, сайловлар йилида ҳар қачонгидан ҳам фаолроқ ва фидойиларча ишлаш лозимлигини, бу эса ўз навбатида, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшиш, партия лойиҳалари ижросини таъминлаш орқали хайрихоҳлар сафини кенгайтиришни тақозо қилади, деб таъкидлади. Зеро, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш партиянинг дастурий мақсадларидан ҳисобланади.
Партия Сиёсий Кенгаши раиси ўрнибосари Фарҳод Ишанқулов сайлов жараёнлари сиёсий куч атрофига бирлашган барчага бирдек масъулият юклаши, сайлов натижалари сиёсий партиялар фаолиятига бериладиган баҳо ҳисобланишини алоҳида қайд этди.
— Афсуски, биз аввалги сайловларда сайловлар арафасидагина жамоатчилик билан ишлашни кучайтириб келдик. Ваҳоланки, бу жараён тизимли ва режали равишда амалга оширилиши лозим, — деди Ф.Ишанқулов. — Яна бир эътиборли масала шундан иборатки, биз таъсир объектини тўғри танлай олишимиз зарур. Бугун бизни кимлар қўллаб-қувватлаяпти — бу хайрихоҳлик диққат марказимизда бўлиши шарт, амалий ишларимиз билан электоратимиз ва хайрихоҳларимиз сафини кенгайтириш сайловларда ижобий натижа беради, албатта.
Партиянинг бошланғич ташкилотлари фаолиятини жонлантиришимиз лозим. Уларга услубий ва амалий кўмак бериш партиянинг долзарб вазифаларидан бири. Чунки аҳоли билан бевосита ва доимий мулоқот қилувчи асосий бўғин бошланғич ташкилотлардир.
Вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида қилинадиган ишларга эътибор қаратди.
— Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт, — деди Г.Алимова. — Бугун ҳар бир соҳа тараққиётига ўз меҳнати, ташаббускорлиги билан ҳисса қўшиб келаётган аёлларимиз кўп, ана шундай фидойи аёллар бошқаларни ҳам эргаштира олиши, етакчилик қобилиятини намоён этиши учун уларга имкон беришимиз зарур. Бу борада “Аёллар қаноти” фаолларининг масъулияти янада ортади.
Навоий вилоят партия кенгаши ташаббуси билан “Сиёсий жараёнларда Ўзбекистон “Адолат” СДП позицияларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзусида бўлиб ўтган семинарда вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, бу йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказиладиган сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Аввало, мазкур Кодекснинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш сайловларнинг уюшқоқлик билан ўтиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришда амалий аҳамият касб этади.
Муҳими, демократик тамойиллар асосида ўтказиладиган сайловлар натижасида фуқароларимизнинг давлат органларини тузиш ва улар ишида бевосита иштирок қилишга доир ҳуқуқи таъминланади ҳамда фуқаро ва жамият манфаатига мос давлат органлари шаклланади.
Иштирокчилар жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, замонавий пиар технологиялардан самарали фойдаланиш, сайловчилар билан ўтказиладиган учрашув ва мулоқотларда партиянинг позияциясини қонун ижодкорлиги ва ижтимоий соҳаларга доир мисоллар ёрдамида аниқ тушунтира олиш, халқ манфаатлари акс этган ғояларимизга аҳолининг ишончини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида фикрлашиб олишди.
Шунингдек, тадбирда гендер тенглиги принципи ҳамда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир шароитда партия томонидан депутатликка кўрсатиладиган номзодларнинг қирқ фоиздан ошиқроқ қисмини хотин-қизлар ташкил этиши зарурлиги ҳам диққат марказида бўлди.
Семинар давомида жойларда ўз амалий ишлари билан ибрат кўрсатиб келаётган сафдошларимизнинг тажрибаларини партия тизимида оммалаштириш, сиёсий ўқув машғулотлари самарасини ошириш, айниқса, электорат билан бевосита яқин алоқада ишлайдиган бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Шу орқали хайрихоҳлар сафини кенгайтириш, аҳоли ўртасида очиқ мулоқотлар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг кейинги беш йилга мўлжалланадиган янги Сайловолди платформаси учун юртимиз равнақи, электорат манфаатларининг ифодаси бўлган таклифлар тайёрлаш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Фарҳод Ишанқулов иштирок этди.
Мазкур семинарларда партиямизнинг 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилиб, ҳудудий партия ташкилотлари фаолларига аниқ топшириқлар берилди.
З.АҲМАДЖОНОВА,
Л.САЙИДОВА,
Н.РАЖАБОВ,
Тошкент шаҳар, Самарқанд, Навоий вилоятлари кенгаши матбуот котиблари  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти, Чиноз тумани партия кенгашлари ҳамкорлигида тумандаги хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт коллежида ...
01 янв 1970
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган т...
01 янв 1970
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадб...
01 янв 1970
Мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда....