Давлат хизматлари марказлари халқ хизматида

/
Ўзбекистон Республикасида давлат хизматларини кўрсатиш тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб борилмоқда. 2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан амалга оширилар эди. 2016 йил 1 январдан бошлаб инспекциялар негизида тадбиркорлик субъектларига «Ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилди.
2017 йил 1 февралдан «Ягона дарча» марказларининг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича навбатдаги босқич бўлди. 2017 йил 1 февралдан бошлаб эса, «Ягона дарча» марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди. Бу билан юридик ва жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизими тубдан яхшиланиши борасида янги босқич бошлаб берилди.
2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилди ва бу билан фуқароларга тадбиркорлик субъектларини ташкил этишлари учун жуда қулай тизим яратилишига эришилди. Шунингдек, бу амалга оширилган ишлар «Doing Business 2018» глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга кўтарди.
Яратилган имкониятларга қарамасдан давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига айрим тизимли муаммолар тўсқинлик қилаётган эди. Яъни «Ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш имкониятидан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин эди. Бунда фуқаролар ҳанузгача турли давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтаётган эдилар. Қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларининг мавжуд эмаслиги, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даражада эканлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишини таъминламаётган эди.
Ушбу муаммоларнинг ечимини топиш, “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилини амалда рўёбга чиқариш ва энг муҳими, халқимизнинг давлат органлари ва улар томонидан кўрсатиладиган хизматларга бўлган ишончини қозониш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.
Шу кунга қадар Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сони 100 тадан ошди ва ушбу давлат хизматларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси тартибга солинди ва соддаштирилди. Ўтган қисқа давр мобайнида яратилган тузилма нафақат тадбиркорларга, балки бутун халқимизга тезкор ва сифатли хизматларни кўрсатадиган ишончли идорага айланди.
Яшнобод тумани “Ягона дарча” маркази орқали 2017 йилда 120 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, “Ягона дарча” марказлари Давлат хизматлари агентлигига ўзгартирилганидан сўнг ва хизмат турлари кенгайганлиги ҳисобига, 2018 йил давомида фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган давлат хизматлари сони қарийб 4 миллионтани ташкил этди.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони ортиши билан, табиийки, Марказ ходимларининг малакасига бўлган талаб ҳам ортиб боради.
Бизнес юритишда ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш ва давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” қарори имзоланди.
Қарорда 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқланиши белгиланди.
Шунингдек, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июнда “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Регламентга мувофиқ абитуриент 15 июндан 15 июлгача давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат этиши ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтиши белгиланди.
Имтиёзга эга бўлган абитуриентлар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва паспорт ёшига етмаганлар давлат хизматларидан фойдаланиш учун Марказларга мурожаат этади.
Абитуриент ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими абитуриент номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда маълумотларни Давлат тест марказининг тизимига махсус дастур орқали электрон равишда киритади.
Марказ ходими томонидан сўровномага тегишли маълумотлар киритилиши учун абитуриент Марказ ходимига ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этади.
Абитуриент бир вақтнинг ўзида, ўқитишнинг бир шакли доирасида учтагача олий таълим муассасасини (бакалавриат таълим йўналишлари) танлаши мумкин. Бир нечта олий таълим муассасасини (бакалавриат таълим йўналишлари) танлашда имтиҳон топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги мос бўлиши шарт.
Давлат хизматлари кўрсатилгани учун жорий йил битирувчиларидан ҳамда ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.
Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Регламентга мувофиқ болаларни умумтаълим муассасаларига асосий квота бўйича қабул қилиш ҳар йили 15 июндан 31 августга қадар амалга оширилиши белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини рўёбга чиқариш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини сифат жиҳатидан янги даражага ўтказиш жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Бахтиёр АҲМЕДОВ,
Яшнобод тумани Давлат хизматлари маркази директори 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яшил майдонда завқ билан тўп тепаётган болаларни, теннис кортида коптокчани бир-бирига чаққон йўналтираётган қизалоқларни кузатиш жуда марокли.&nbs...
01 янв 1970
Кейинги йилларда республикамизда аҳолининг ерга, уй-жой, мол-мулкка эгалик ҳуқуқи ошгани, улардан фойдаланиш имконияти кенгайгани сари бу соҳада иж...
01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.
01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...