Сайловларга пухта тайёргарлик фуқаролар ишончини мустаҳкамлашдан бошланади

/
Куни кеча Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Сиёсий жараёнларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг позицияларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари, депутатлар, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Семинарни вилоят партия кенгаши раиси Умид Шоумаров олиб борди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров “Сайловларга пухта тайёргарлик — юқори самарадорлик омили” мавзусида маъруза қилди.
— Сўнгги икки ярим йил ичида мамлакатимиз демократик ривожланишнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйди, — деди Н.Умаров. — Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларда жадал ислоҳотлар, қатор янгиланишлар амалга оширилди, фуқаролик жамиятининг демократик институтлари фаоллиги янада ошди, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида уларнинг иштироки таъминлаб келинмоқда.
Сиёсий партияларнинг мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни ва роли янада кучайди, парламентнинг ва давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳларининг ваколатлари кенгайди.
Парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтадиган жорий йилда партиямизнинг барча бўғиндаги тузилмаларида ишни пухта ташкиллаштириш, партия ходимлари ва сафдошларимизнинг ҳамжиҳатликда янада фидойилик билан ишлашини таъминлаш, тарғибот ва амалий ишларимиз орқали фуқароларнинг дастурий мақсад-ғояларимизга ишончини мустаҳкамлашга ҳар биримиз масъулмиз.
Шуни унутмайликки, сайлов фақат ҳокимият тузилмаларини ташкил этиш, уларга ўз вакилларини сайлаш билан чекланиб қолмай, у давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг энг муҳим механизмларидан ҳисобланади. Ўтган сайловда халқ овозига эга бўлиб, аммо депутатлик фаолияти давомида уларнинг ишончини оқламаган, ўз вақтида электорат манфаатини рўёбга чиқара олмаган вакиллар, навбатдаги сайловларда етарли овозга эга бўла олмайди.
Партия раҳбарининг фикрича, ижтимоий-сиёсий тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишда мажлисбозликдан қочиш лозим. Электорат билан ишлашда замонавий сиёсий технологиялардан фойдаланиш, аниқ дастурларни ишлаб чиқиш зарур.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига сайловлар яқинда қабул қилинган Сайлов кодекси нормалари асосида ташкил этилади. Муҳими, мазкур Кодекс, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш, сайлов ҳуқуқи нормаларини таъминлаш, сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.
Ушбу демократик тамойиллар асосида ташкил қилинадиган ва ўтказиладиган сайловлар бир томондан фуқароларимизнинг давлат органларини тузиш ва улар ишида бевосита ҳамда реал иштирокини таъминласа, иккинчи томондан, тўғри ташкил қилинган демократик сайловлар натижасида фуқаро ва жамият манфаатига мос давлат органлари шаклланишида бевосита хизмат қилади.
Шу мақсадда сайловларга тайёргарлик кўриш, номзодларни халқ билан яқинлаштириш мақсадида бир қатор режалар белгиланди. Аввало, партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувлар давомида аҳолини ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш бўйича амалга оширилган ишларни таҳлил этиш лозим.
Иштирокчилар партиямиз лойиҳаларини депутатлар ўз сайлов округлари ҳудудида янада самарали амалга ошириши, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш орқали халқ ишончи ва сайловчилар эътиборига сазовор бўлиши, фаол депутатлар тажрибасини оммалаштириш муҳимлигига эътибор қаратишди.
Қайд этилганидек, сайловлар йилида ташкилий-партиявий ишлар қайта кўриб чиқилиши, фаолиятимизни халқимизнинг талаб ва истакларига мос равишда такомиллаштириш олдимизда турган энг муҳим, масъулиятли вазифа саналади. Зеро, сайловлар натижалари халқимиз томонидан фаолиятимизга бериладиган баҳо ҳисобланади.
Сайловларда яхши натижаларга эришиш вакиллик бошқарув органларида кўпроқ ўринларни эгаллаш учун эса пухта ва жиддий ҳозирлик кўриш талаб этилади. Шу мақсадда партиянинг 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Тадбирда партиянинг мазкур ҳужжатида белгиланган вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилиб, вилоят партия ташкилоти фаолларига аниқ топшириқлар берилди.
Фотима САТТОРОВА ,
Тошкент вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қадимги аждодларимиздан қолган тош битикларда боболаримизнинг буюк раҳнамолари халқни халқ қилиш учун “тунлар ухламадим, кундуз ўтирмадим&rdq...
01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади... 
01 янв 1970
Энди борсам раҳбарларни топа олмаяпман. Улар телефон қўнғироқларимга ҳам жавоб беришмаяпти....