Сайлов кодекси унинг ўзига хос жиҳати нимада?

/
Маълумки, сайловлар кишилик жамиятининг бир неча асрлик тарихий ривожланиши маҳсули бўлиб, давлат ва жамиятнинг такомиллашган моделларини шакллантириш мақсадида пайдо бўлган институтдир. Бугунги кунга келиб, жаҳондаги деярли барча мамлакатларда (мутлақ монархия бошқарувига эга бўлган мамлакатлар бундан истисно) давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органларини шакллантириш билан боғлиқ бўлган демократик сайловлар сиёсий тизимнинг ажралмас таркибий қисмига айланиб бўлди.
Замонавий дунёда сайловлар тобора оммавийлашиб, дунё мамлакатларида уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётгани кузатилади. Биргина 2018 йилда 40 дан ортиқ мамлакатларда 60 га яқин сайлов кампанияси ўтказилганлиги фикримизнинг далилидир.
Сайловларнинг тобора оммавийлашиб бораётганини халқаро экспертлар ҳам қайд этадилар. Жумладан, Сайлов тизимлари бўйича халқаро жамғарма тадқиқотчилари ўтказган махсус тадқиқотга кўра, агар 1950 йилларда дунё мамлакатларида олий даражадаги ҳокимият органларига 200 га яқин сайлов ўтказилган бўлса, 1990 йилларда уларнинг сони 600 тани, 2010 йилларда эса ўртача 800 тани ташкил этди.
Ўзбекистон Республикасида ҳам сайловлар сиёсий тизимнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш, том маънода, муҳим ижтимоий-сиёсий анъанага айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”.
Ўтган йиллар давомида бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлисга сайловлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига демократик сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов амалиёти билан бирга миллий сайлов қонунчилиги ҳам босқичма-босқич ривожланиб, такомиллашиб борди. Мамлакатимизда ушбу жараён миллий тажриба ва халқаро андозаларга мос равишда, ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда амалга оширилди. Бугунги кунга келиб сайловлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустаҳкамлаб қўйилган нормалардан ташқари яна 10 га яқин Ўзбекистон Республикаси яхлит қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Шуниси диққатга сазоворки, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш сайлов амалиётидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди ва ўз навбатида, сайлов қонунчилиги ҳам сайлов амалиётининг ривожланишига катта туртки берди.
Бироқ сайлов қонунчилиги шундай соҳаки, у доимо замон билан ҳамнафас тарзда янгилаб боришни тақозо этади. Айниқса, ҳозирги шиддаткор давр талаблари ва энг муҳими, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш давр талабига айланди десак, муболаға бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш вазифаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йил — “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди. Ушбу муҳим топшириқни бажариш мақсадида Марказий сайлов комиссиясида махсус ишчи гуруҳи тузилиб, Кодекс лойиҳасини яратишга киришилди.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Франция, Голландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон каби мамлакатларнинг сайлов кодекслари ва қонунлари ўрганилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирги вақтда 40 дан ортиқ давлатда Сайлов кодекси қабул қилинган. Бундан ташқари, сайловларга доир ўндан ортиқ халқаро ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари Сайлов кодексида ўз аксини топди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари, жумладан, 1990 йилги Копенгаген ҳужжати, Парламентлараро Иттифоқнинг Адолатли сайловлар тўғрисидаги декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Хўш, Президентимиз томонидан имзоланган Сайлов кодексига киритилган ҳуқуқий норма ва янгиликлар нималарда намоён бўлади?
Биринчидан, Сайлов кодексида шу пайтга қадар амалда бўлган 5 та қонун, яъни “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда қатор қонуности ҳужжатлари ўзаро унификация қилиниб, яхлит тарзда баён этилди. Бу эса ўз навбатида, Сайлов кодекси кучга кирганидан сўнг юқорида санаб ўтилган қонун ҳужжатларининг ўз кучини йўқотишини англатади.
Иккинчидан, Сайлов кодекси сайлов жараёнига қатор янги механизм ва технологияларни қўллаш имконини берувчи янги нормалар билан тўлдирилди. Хусусан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланди. Бундан буён Қонунчилик палатасининг барча 150 нафар депутатларининг умумхалқ сайловларида сайланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди.
Яна бир янгилик — Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масаласи ҳам Кодексда ўз аксини топди.
Шунингдек, муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланиб, овоз бериш жараёнида сайловчилар бир нечта белгилардан (+, v, X) биридан фойдаланишлари мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, сиёсий партияларга сайловда қатнашиш ҳуқуқини берувчи имзо йиғиш жараёнида сайловчилар томонидан бир ёки бир нечта партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишлари мумкинлиги белгиланди. Маълумки, бугунги кунда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаб турилган барча шахсларга сайловда иштирок этиш тақиқланган. Бироқ Сайлов кодексида ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди.
Учинчидан, Сайлов кодексида бир қатор процессуал нормалар, яъни сайлов жараёнлари билан боғлиқ бир қатор янги қоидалар жорий этилди. Жумладан, сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланиб, овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) кўрсатилди; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби ўз ифодасини топган. Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкаларини тузиш белгиланди, илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, Сенат аъзоларини сайлаш масаласи Кодексда мустаҳкамлаб қўйилди, номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби белгиланди.
Тўртинчидан, мазкур ҳужжатда Марказий сайлов комиссияси аъзоларига нисбатан талаблар қайд этилди. Ушбу талабларга мувофиқ йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаро Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари мақом бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглиги ҳақидаги норма киритилди.
Бундан ташқари, Кодексда қуйи даражадаги сайлов комиссияси аъзолари учун ҳам янги талаблар ўрнатилди. Ушбу талабларга мувофиқ, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.
Бешинчидан, Кодексда қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссияси томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳам ўз аксини топди. Жумладан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди; сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган максимал четга чиқиши 10 фоиздан ошмаслиги шарт қилиб қўйилди; Қонунчилик палатасига сайловлар бўйича сайлов округларини тузишда Марказий сайлов комиссияси вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг эмас, балки халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномаларига асосланиши кўзда тутилиб, сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга 3 кун қолганида тўхтатилиши, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида (амалдаги 1 кун ўрнига) тўхтатилиши белгиланди.
Шунингдек, жиноят иши қўзғатилганлиги муносабати билан қонун олдида жавобгар бўлган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида номзод сифатида рўйхатга олинишига рухсат этилиши назарда тутилди; сиёсий партиянинг у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан 15 кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда, ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши кўрсатилди. Ушбу ҳужжатга кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтириш назарда тутилди, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан 1 кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш тақиқланади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам мазкур Кодекс лойиҳасини тайёрлашдан тортиб ва Қонунчилик палатасида қабул қилиши жараёнларида фаол иштирок этдилар. Партиямиз вакиллари Кодекс лойиҳасига киритиш учун ўзларининг 20 дан ортиқ таклифларини тақдим этдилар. Шуниси диққатга сазоворки, ана шу таклифлардан энг муҳимлари ушбу ҳужжатда ўз аксини топди. Масалан, номзодлар ишончли вакилларининг сафар харажатлари сайловга ажратилган маблағлар доирасида қопланиши, Сенат аъзоларини сайлаш масаласини қонуности ҳужжатлар асосида эмас, балки Кодекс доирасида ҳал қилиш ва шу каби таклифлар шулар жумласидандир.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Сайлов кодекси ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттириб, долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади. Ушбу Кодекснинг қабул қилиниши, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш ва унификациялаш, сайлов ҳуқуқи нормалари иерархиясини таъминлаш, сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.
Энг муҳими, Сайлов кодексининг ҳаётга татбиқ этилиши келгусида мамлакатимизда сайлов жараёнлари янада демократик тарзда ва ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимиз сиёсий тизимини янада демократлаштириш ва сиёсий модернизация жараёнини чуқурлаштиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ОСПХКнинг асосий мақсади мамлакатлар ва қитъалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлашдир....
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда беқиёс ўзгаришлар рўй бермоқда.
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб парламент конференцияси бўлиб ўтди....