Ўқитувчи эканимдан фахрланаман!

/
Бобом “Олим бўлсанг, олам сеники” деб кўп айтарди, ҳар куни “китобингни ўқи”, дейишни канда қилмасди. Мен касблар ичида энг шарафлиси — ўқитувчиликни танладим. Ўқувчилик пайтларимизда тенгқурлар бир-биримизга келгусида қайси касб эгаси бўлишимизни айтиб, ҳар ким ўзини орзусидаги касбга мос тутганча мақтанардик.
Менга эса ўқитувчи бўлиш жуда ёқарди. Устозларимиз бизга таълим бериш баробарида меҳр улашиши, биз, ўқувчилар эса муаллимнинг атрофида қушчалар сингари айланишимиз ўқитувчилик касбига қизиқишимни оширарди.
Шу истак билан 2006 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирдим. 2010 йилда ушбу даргоҳни битириб, ўз қишлоғимга йўл олдим. Илк фаолиятимни Шофиркон туман Иқтисодиёт коллежида бошладим.
Бугунги кунда туман марказидан 18 километр узоқликда жойлашган қишлоқдаги 43-умумтаълим мактабида ёшларга таълим бермоқдаман. Физика-математика энг қизиқарли ва кўплаб соҳаларда сув билан ҳаводай зарур фанлардир. Шу билан бирга, кундалик ҳаётимизни маиший техникаларсиз, ҳисоб-китобсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ёшларга шундай муҳим фанлардан дарс бериш — менинг ҳаётда топган бойлигим ҳисобланади.
Саккиз йиллик иш тажрибам давомида ўқитувчиликнинг нафақат шарафли ва фахрли, масъулиятли касб эканлигини ҳам англадим.
Бугунги кунда Президентимиз томонидан ўқитувчиларга жуда катта эътибор қаратилиб, таълим соҳаси ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларнинг ойлик маошлари оширилмоқда. Бу беқиёс имкониятларнинг замирида биз, ўқитувчиларга билдирилган ишонч ва улкан масъулият мужассам. Ахир юртимиз фарзандларининг келажаги улар ёшликда ўрганган билимлар билан белгиланади.
Ҳеч бир устоз ўз шогирди ҳақида “устози тўғри таълим-тарбия бермабди” деган сўзларни эшитмаса, ёшларимизнинг билимдонлиги, ютуқларини кўриб, “устозингга раҳмат” дейишса, муддао шудир. Соҳалар учун яхши мутахассис, етук кадрлар етишиб чиқишида ҳар бир ўқитувчининг ўз ўрни бор.
Ўқувчиларнинг “устоз” деганини эшитиш ҳар биримизга завқ бағишлайди. Азалдан аждодларимиз юксак қадрлаган бу бебаҳо сўзга муносиб бўлишга интиламиз, ўқиб-изланишдан толмаймиз. Мактабни битирган ёшларга қараб бўлажак мутахассис ва кадрларни ўқитиш менга ҳам насиб этганидан қувонаман, менинг ҳам шогирдларим бор, деб фахрланаман. Аслида шогирдлар ҳам фарзанд каби ҳаётнинг бебаҳо неъматидир! Эндигина ўттиз ёшни қаршилаган физика-математика ўқитувчиси учун шогирдлар камолини кўришдан ортиқ бахт борми?!
Саккиз йиллик иш тажрибасига эга ёш ўқитувчи сифатида берилган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишни, зиммамиздаги улуғ вазифани адо этиш учун бор куч-ғайратимни бағишлашни мақсад қилганман.
Нодир АШУРОВ,
Шофиркон туманидаги 43-умумтаълим мактаби ўқитувчиси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Айни пайтда солиқ, коммунал соҳа, божхона, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга ахборот тизимлари кенг жорий этилган....
01 янв 1970
Банк кредити ёрдамида барча зарур техникаларни сотиб олганмиз, артезиан қудуқ қазиб сув чиқарганмиз...
01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...
01 янв 1970
Раҳима Бухоро шаҳрига ишга жойлашиш мақсадида қишлоғидан келган эди.