«I love Uzbekistan» ёки Ватанни инглизча севиш керакми?

/
Бутун юртимиз бўйлаб урфга кириб улгурган “I love Uzbekistan!” деб ёзилган, аслида “love” сўзи ўрнига юрак тасвири туширилган лавҳа давлат ва жамоат ташкилотлари, идоралар, йўллар, қўйингки, кўплаб жойларда ўрнатилгани жамоатчиликни ажаблантирмоқда. Шу боис кўпчилик зиёлилар мазкур лавҳа урчиб кетаётгани хусусида ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида бир қатор чиқишлар қилинди.
Чиндан ҳам бу каби ёзувларни ўрнатиш шартми, деган савол туғилади. Шу ёзувнинг ўрнига она тилимизда “Мен сени севаман, Ўзбекистон!” ёки “Сени севаман, Ўзбекистон!” деган ёзув ўрнатилса бўлмайдими?!
Сирдарё вилоятида ҳам инглизча сўзлар битилган лавҳани ўрнатиш “мода”га айланди. Ажабо, ватанпарварликни шундай шаклу шамойилда тарғиб этамизми?
Энди тасаввур қилинг, юртимизга ташриф буюрган хорижий меҳмон бу ёзувларга кўзи тушса, нима деб ўйлайди?! Бу ўз тилимиздан воз кечиб, уни бошқа тил билан осонгина алиштириб олиш эмасми? Ёки ўз она Ватанимизни севишимизни ажнабий тилда айтишимиз шартми? Бундай ёзувлар, лавҳаларга ружу қўяётган шахслар она Ватанимизни давлат тилида сева олмайдиларми?! Ажабо, она тилини севмай туриб, Ватанни севиб бўладими ўзи?
Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишга жиддий киришганимиз рост, бу давр талаби эканини ҳаммамиз яхши англаймиз. Шу билан бирга, бу тилларни ўрганиб, юриш-туришимиз, гап-сўзларимиз ҳам ўзгариб бормоқда. Албатта, тилни ўрганиш яхши. Чунки қадим аждодларимиз ҳам тил ўрганишга жиддий аҳамият беришган. “Тил билган эл билади”, деган пурмаъно нақл бежиз айтилмаган. Аммо хорижий тилларни ўрганиш дегани инсон миллий ўзлигидан кечиб юбориши керак, дегани эмас-ку! Ўнта тил ўрганганда ҳам ватанпарварлик ҳисси юракда абадий яшамоғи шарт. Аслида бошқа тилларни билишимиз ҳам Ватанга хизмат қилиш учун керак.
Афсуски, айрим ёшлар бошқа тилларни ўрганар экан, бора-бора хорижликларга кўр-кўрона тақлид қилишга одатланганини кузатиш мумкин. Сўзларни ўзбек тили билан аралаш-қуралаш тарзда талаффуз қилиб, миллий тилимизни ҳам бузиб юборишяпти.
Айтаверсак гап кўп. Ахир дўкон пештахталари, супермаркет, гўзаллик салонлари-ю бошқа жойларда лавҳаларни инглизча, русча ва бошқа тилларда ёзиш ҳолатлари болалаб кетгани ҳам бор ҳақиқат-ку!
Хуллас, Ватанимизга муҳаббатимиз изҳори “I love Uzbekistan!” деб битилган лавҳани хорижий тилда ёзиб қўйиш билан белгиланмайди. Яна қайтариб айтаман, бу билан мен тил ўрганиш ёмон деяётганим йўқ, балки ўзгалар тилини ўрганиб, ўзлигимизни йўқотиб қўймайлик, демоқчиман. Шу билан бирга, кўчаларда “Мен сени севаман, Ўзбекистон!” эмас, “I love Uzbekistan!” деган лавҳа юрак сурати билан бирга ўрнатиб қўйилгани ёшлар орасида бунга бошқача мазмундаги тақлидни кучайтиради. Негаки, юрак тасвири ватанпарварлик маъносидан кўра инсонлар ўртасидаги севги ва ҳавасни эслатиши ҳақиқатга яқинроқ. Шу маънода юрак тасвири нафақат ёшларнинг фикрини чалғитади, балки “оммавий маданият” тарғиботига ҳам хизмат қилади, дейиш мумкин.
Ўзи биладиган, ҳар куни қўллайдиган тилдаги ёзувни кўриб, ҳеч бир хорижлик ҳайратланмайди. Аксинча ҳайрон қолиши, эҳтимол истеҳзо билан қараши мумкин, холос. Сайёҳлар миллийлигимиз нафаси сезилмаган жойларни кўрганида завқ ҳиссини туймайди, деб ўйлайман.
ОАВда баъзи зиёлилар бу ҳолат аслида бизнес мақсадлари билан боғлиқ, деган фикрни ҳам билдиришди. Балки бу гапда жон бордир. Ҳар ҳолда юзлаб, балки минглаб бундай лавҳаларни тайёрлаш учун озгина маблағ сарфланмаса керак! Бу маблағлар, табиийки, сиз билан бизнинг чўнтагимиздан кетади. Яна ҳам аниқроқ айтганда, давлат бюджетидан сарфланади ўша маблағ. Ваҳоланки, бюджет маблағи сиз билан биз тўлаётган солиқлар ҳисобидан шаклланади. Демак, жаноб раҳбарлар, бизнинг, яъни халқнинг пулини керак-нокерак нарсаларга совурманг, дейишга ҳақлимиз.
Демоқчимизки, агар бундай ёзувлар Ватанни севишга ўргатиши аниқ бўлса, майли, уни ўзбекча ёзайлик. Юрак сурати ўрнига сўзнинг ўзини ёзиб, тегишли жойларда лавҳа давлат тилида ўрнатилса, озми-кўпми, кишига ижобий таъсир қилса, ажаб эмас. Бу лавҳа она тилимизга бўлган ҳурматимизни оширишга ҳам ҳисса қўшган бўлар эди.
Дарвоқе, биз мухтасаргина битигимизда бундай хорижий тилда ёзилган лавҳалар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни талабларига қай даражада жавоб бериш ёки бермаслик масаласига тўхталиб ўтирмадик.
Хулоса ўзингиздан, азиз муштарий!
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўт...
01 янв 1970
Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги
01 янв 1970
Бугун партиялар фаоллари, номзодлар билан сайловчилар ўртасидаги мулоқотлар чоғида битта фикр қайта-қайта тилга олинмоқда....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрта тонгда “Келес” темир йўл чегара-божхона постига кириб келган йўловчи поезд шу турдаги одатий поездл...