ХАЛОСКОР СИНГИЛ

/
ёки акасига бир буйрагини ҳадя этиб, уни ҳаётга қайтарган қиз ҳақида
...Қудрат Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида ўқир, дарсдан бўш вақтларида шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган ошхонада ишларди. Айни пайтда спорт билан шуғулланишга ҳам вақт топарди. Хуллас, ғам-ташвиш нималигини билмайдиган соғлом, бақувват, шашти баланд йигит эди.
Меҳнату заҳматлари эвазига иши тобора юришиб, топганининг баракасини берарди. Йиллар ўтиши билан қаддини ростлаб, шаҳардан уй сотиб олди, машинали бўлди.
Афсуски энди оғзи ошга текканда ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Кундан-кунга мадорсизланиб, ранги сарғайди. Шифокорлар обдон текширгач, унинг оғир буйрак касаллигига чалинганлигини айтишди. Буйрак етишмовчилиги туфайли пешобнинг бир қисми тўғридан-тўғри қонга ўтиб кетаркан.
Қудрат кутилмаган бу кўргиликдан бутунлай гангиб қолди. Йигитнинг кўнгил дунёсини зулмат чулғади. Наҳотки? Ахир, у эндигина рўшнолик кўраётган эди-ку?!
Қудратнинг оёғи касалхонадан узилмай қолди. Аввалига дори-дармон билан даволаниш илинжида бўлди. Бир йил мобайнида олган катта-кичик уколининг ҳисобини ҳеч ким билмайди. Афсуски муолажалар сира кор қилмасди. Шу боис диалез буюришди.
Турган-битгани азоб диалез инсон танасидаги қонни пешобдан тозалайдиган нажотбахш, айни замонда нохуш тиббий ускуна. Қудрат ҳар гал тўрт-беш соат осмонга термулиб ётади. Ана шу ҳол ҳафтада икки бор такрорланади.
Шу зайлда кунлар-ойлар ўтаверди. Қилган ташвиш-харажатининг устига бу муолажанинг унга ёқмай қолгани ҳаммасидан ошиб тушди. Негадир баъзан иситмаласа, баъзан қон босими ошиб кетадиган, гоҳида юраги безовта қиладиган бўлиб қолди. Бу яхшилик аломати эмасди. Шифокорлар ҳам очиғини айтиб қўя қолишди: “Бундай аҳволда диалезни узоқ давом эттириш мумкин эмас. Ягона нажот — буйрак кўчириб ўтказиш. Ҳаракатингизни қилинг”.
Бу совуқ хабар нафақат беморни, балки унинг қариндош-уруғларини ҳам сескантириб юборди. Тушунадиган-биладиган одамлар Москвага боришни маслаҳат беришди. У ерда инсон аъзоларини кўчириб ўтказишга қонун йўли билан рухсат берилганлигини, шифокорларнинг малакаси юқори эканлигини, донор масаласи муаммо эмаслигини айтишди.
Қудрат ҳамма нарсага рози эди. Фақатгина дарддан халос бўлишни ўйларди, холос.
Москвага боришди. Шу турдаги фаолият билан шуғулланадиган шифохоналардан бирортаси қолмади. Ҳаммасига бош суқишди. Уларда хорижий мамлакат фуқаролари учун бундай жарроҳлик амалиёти нархи қирқ мингдан эллик минг долларгача экан...
Беморнинг бу йўл билан боғлиқ умиди пучга чиқди: бутун мол-мулкини сотса ҳам бунча пул тополмасди, ахир.
Беморнинг ота-онасига айниқса қийин бўлди. Мушфиқ, меҳрибон онанинг кўз ёшлари қуримасди. Ҳатто дийдаси қаттиқ отасининг ҳам йиғлаган кезлари бўлди...
Кейинчалик билишса, Тошкентдаги 1-Республика клиник шифохонасида ҳам худди шундай мураккаб жарроҳлик амалиёти амалга оширилар экан. Ана шу даргоҳда кўплаб инсонларни ўлим чангалидан асраб қолган тажрибали профессор ишлар экан. Аммо битта муаммо кўндаланг турарди. Гап шундаки, бизнинг мамлакатимиз конунчилигига кўра фақат яқин қариндошларнинггина тана аъзоларини бир-бирига кўчириб ўтказилишига йўл қўйилади. Бундай жарроҳлик амалиётларига бегоналарнинг донор сифатида жалб этилиши эса тақиқланган...
Беморнинг отаси битта буйрагини бермоқчи эди. Аксига олиб тиббий текширишларда унинг бу аъзоси тўғри келмаслиги аниқланди. Яқин оғайниларидан бири аввал ваъда қилиб, кейинчалик фикридан қайтди. Қисқаси, барча саъй-ҳаракатлар зое кетди.
Кўнгилхираликларнинг сира охири кўринмасди. Она шўрлик ўзини қўярга жой тополмасди. Гўё кенг олам унга тордек туюларди. Қайғуравериб, адойи тамом бўлди.
Қудратнинг синглиси Мавлуда меҳрибон ва кўнгилчан қиз бўлиб, бу ҳақда кўп ўйлар, акасига қаттиқ ачинарди. Онаси чекаётган ранжу аламларни кўриб, эзилиб кетарди. Акаси соғайиб кетиши ва хонадонларига яна қувонч ва хотиржамлик қайтишини ниҳоятда орзу қиларди.
— Эна, акамга мен буйрагимни бераман, — деди у бир куни. — Айтинг, текширтириб кўришсин.
Онаси Мавлудага ҳайрон бўлиб қараб қолди. У қизининг феълини яхши билади. У ўта камгап ва жиддий қиз. Ҳар бир сўзини ўйлаб гапирарди.
— Ҳа меҳрибон қизим-а, қизимжон-а! Ўзинг нимжонгина бўлсанг...
Мавлуданинг фикри қатъий эканлиги сезилиб турарди.
— Ўзимнинг ботир қизим, меҳрибоним, — онаси Мавлудани бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди. — Акангга айтиб кўрай-чи, нима деркин?
Она Тошкентга борганда ўғлига синглисининг гапини айтди.
— Қўйсангиз-чи! — деди Қудрат тажанглиги тутиб. — Мавлуда ҳали ёш. Бунинг устига нозиккина...
Қудратнинг гапида жон бор эди. Синглиси эндигина йигирма бир ёшга қадам қўйган, ўн гулидан бир гули очилмаган.
— Гапинг тўғри. Лекин сенга бошқа ким ҳам буйрак берарди. Қолаверса, бу унинг ўзидан чиққан фикр...
Мавлудани ҳар хил ускуналар ёрдамида чуқур тиббий кўрикдан ўтказишди. Қон олиниб, ҳар тарафлама таҳлил этиш учун Москвага жўнатилди. Ниҳоят “Ака-сингилнинг қон таркиби худди эгизакларникидек бир-бирига мос. Донорнинг буйраги бутунлай соғлом. Умумий аҳволи яхши. Буйрагини кўчириб ўтказиш мумкин”, деган якуний хулосага келинди. Шундан сўнг жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўрила бошланди.
Операция хонасига олиб ўтишаётганда Мавлуданинг чеҳрасидаги табассумни кўриб, барча ҳайратда қолди...
Қўли енгил жарроҳ профессор томонидан Мавлуданинг битта буйраги акасига кўчириб ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди.
— Мавлуданинг аҳволи қандай? — кўзини очиши билан сўради Қудрат.
— Худога шукр, яхши.
Мавлуданинг руҳи тетик эди. У икки кунда оёққа туриб кетди. Қудрат ҳам тобора ўзини яхшироқ ҳис қиларди.
Орадан кўп ўтмай ака-сингил ўйнаб-кулиб шифохонадан чиқиб кетишди. Қудрат оғир дарддан қутулди, елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди гўё.
Илоҳим, ака-сингилнинг умрини узоқ қилсин.
Қурбон ЖЎРАНАЗАРОВ
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни ...
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" мажмуида IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган нақл бежиз айтилмаган. ...
01 янв 1970
Арафа кунлари, Янги йил, 8 март ёки Наврўз айёми бўладими, қавму қариндош, ака-ука, опа-сингил, дўст-биродарларимизни йўқлаб, шодлигига шодлик қўши...