Тиббий жиҳозлар етишмаслиги жойларда хизмат сифатини пасайтирмоқда

/
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, бу борада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий вазифалари сирасига киради. Халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича” доимий комиссияси йиғилишида партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан мавзуга доир масала муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг апрель-май ойларида партия депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳи мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида туманда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ҳамда тез тиббий ёрдам кўрсатиш, патронаж хизмати, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик поликлиникалари фаолияти билан боғлиқ масалаларни, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни ўрганишди. Ушбу ўрганишлар тумандаги бир қатор тиббиёт муассасаларида фуқаролар соғлиғини асраб-авайлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўплигини кўрсатди.
Аниқланишича, уч минг нафарга яқин аҳоли соғлиғи учун масъул бўлган “Болта” қишлоқ врачлик пункти биноси таъмирталаб аҳволда. Шунингдек, тиббиёт масканида юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари етарли эмас.
Капитал реконструкция қилинган 21-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам юмшоқ ва қаттик мебель жиҳозлари билан таъминланмаган, УЗИ аппарати йўқ, патронаж сумкалар етишмайди. Ушбу масканда тор соҳа мутахассислари ва умумий амалиёт шифокори фойдаланадиган бир қатор тиббий жиҳозлар ҳам зарур эканлиги маълум бўлди.
Тоғли ҳудуддаги “ўаллакор” МФЙда жойлашган қишлоқ оилавий поликлиникаси ва унинг тез ёрдам шохобчаси биноси 1986 йилда қурилган бўлиб, айни пайтда жиддий таъмирталаб ҳолатда эканлиги аён бўлди.
Тумандаги аксарият тиббиёт муассасаларида патронаж ҳамширалари сони кўплиги эътиборга молик. Аммо уларнинг ярми патронаж сумкаси билан таъминланмаган, бусиз ҳамширалар қандай қилиб ўз вазифасини уддалашмоқда экан? Аҳолига қандай қилиб хизмат кўрсатишмоқда?
Жумладан, “Челак” кўп тармоқли поликлиникасида 51 нафар патронаж ҳамширасининг 40 нафарида, Пайариқ кўп тармоқли марказий поликлиникасида 64 нафар патронаж ҳамширасининг 43 нафарида патронаж сумкаси йўқ. “Пахтакор”, “Соҳибкор”, “Бошмоқ”, “Алаёрқудуқ”, “Ўртасайдов” ҚВПларида ҳам ушбу муаммо ўз ечимини кутмоқда. “Қумчуқ” қишлоқ врачлик пунктига берилган янги патронаж сумкаларида зарур асбоб-ускуналар йўқлиги эса яна ҳам ажабланарли.
Ишчи гуруҳи аъзолари “Навоий”, “Томойрат”, “Дўстларобод”, “Қумчуқ” қишлоқ врачлик поликлиникалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Уларнинг ҳам аксариятида патронаж сумкалари, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар етишмовчилиги кўзга ташланади. Баъзиларида ЭКГ ускунаси, тонометр, акушерлик жиҳозлари йўқ, ҳатто оддий пахта, тиббиёт спирти билан таъминланмаганлик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ахир шу оддий воситаларсиз беморга инъекция муолажаси (укол) қилиб бўладими?
189 нафар ходим ишлаётган Пайариқ кўп тармоқли марказий поликлиникасида аллерголог, гастроэнтеролог, онколог, эндоскопист ва болалар дермотолог шифокорлар етишмаслиги бошқа бир саволни ҳам пайдо қилади. Яъни тиббиёт олий ўқув юртларини ҳар йили қанча бакалавр ва магистр битирмоқда, ажабо, улар ўз туманига келиб ишлашни хоҳлашмайдими? Балки бу ўрганилиши керак бўлган алоҳида мавзудир.
“Челак” кўп тармоқли поликлиникаси бугунги кунда тўлиқ таъмирдан чиқарилган бўлиб, бу масканда етарли шарт-шароитлар яратилган. Лекин мазкур тиббиёт масканида ҳам аллерголог, гастроэнтеролог, онколог, эндоскопист ва болалар дермотологи каби мутахассис врачлар етишмайди.
“Вали” қишлоқ врачлик пунктини компьютер ва телефон аппарати билан таъминлаш зарур. “Кўпаки” ҚВПда иссиқ ва совуқ сув таъминоти йўлга қўйилмаганлиги боис бошқа жойдан сув ташиб келтиришга мажбур бўлишмоқда. Тиббиёт муассасасида юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари етарли эмаслиги, айниқса, беморлар учун ноқулайлик туғдиради.
Шунингдек, “Пахтакор”, “Соҳибкор”, “Бошмоқ”, “Алаёрқудуқ”, “Ўртасайдов” ҚВПлари, 22-оилавий поликлиникада ҳам шундай камчиликлар учрайди.
“Қумчуқ” қишлоқ врачлик пунктида умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамширалар етишмайди, бир қатор тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар таъминотида камчиликлар мавжуд.
Афсуски, бу каби ҳолатлар қишлоқларимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифати пастлигини кўрсатмоқда. Тиббиёт масканига келган беморларга лозим даражада тиббий ёрдам берилмаса, бу ҳол одамларнинг ҳафсаласини пир қилади. улар марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлишади.
Партия фаоллари, депутатлар шу жиҳатга ҳам эътибор қаратишди. Муаммолар долзарблигини назарда тутиб, доимий комиссия йиғилишининг қарорига кўра мазкур масала маҳаллий Кенгаш сессиясига тақдим қилинадиган бўлди.
Азамат ТАВБОЕВ,
халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳам муҳим роль ўйнамоқда....
01 янв 1970
Фуқароларнинг у ёки бу масалада мурожаат қилиши уларнинг партия депутатларига бўлган ишончини ифодалайди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Сариосиё, Узун туманларида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Даврон Тангиров бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганишлари ҳам самара...