Ҳақ йўлида айтар сўзнинг қадри бўлсин

/
Журналистнинг сўзи холис, адолатли, ёзганлари тахмин ва гумонлардан холи бўлгандагина ҳақ йўлида хизмат қилади. Бундай холис сўз кишилик жамиятидаги жамики муносабатларда тиниқ кўзгу бўлиб, соғлом фикр ва қарашларни акс эттириб туради. Аксинча бўлганда-чи?..
Яқинда мамлакатимизда чоп этилаётган нуфузли матбуот нашрларидан бирида маҳаллий Кенгашдаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутати фаолиятига оид эътирознамо тарзида мақола чоп этилгани журналист бурчи, масъулияти ҳақида яна бир бор фикр юритишга ундади. Мақола муаллифи Оқдарё туманидаги 28-“Пахтаобод” сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига депутат этиб сайланган Фароғат Шарипованинг фаолияти хусусида сўз юритар экан, унинг ўз сайловчиларидан узоқлашиб қолгани, сайловда овоз берганлар бугун депутатни танимасликлари, маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик органидаги ишларидан хабардор эмасликларини баён этиши билан партиядошимиз фаолияти ҳақида хулоса чиқармоқчи бўлади.
Ҳамкасбимизнинг ёзиш услуби, мавзуга қай даражада чуқур ва холис ёндашганлиги ҳақида баҳслашиб ўтирмайлик-да, депутат Ф.Шарипованинг фаолияти ва сайловчиларнинг унга бўлган муносабати хусусида мазкур сайлов округи ҳудудига ташрифимиз чоғида аниқлаган, кўрган ва гувоҳи бўлганларимиз борасида фикр билдирсак.
Депутат Фароғат Шарипова фаолияти ҳақида хулоса чиқаришда марказий нашр мухбири “Пахтаобод” МФЙ раиси котиби Бахтиёр Раҳмонов берган маълумотни асос қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Гўёки, котиб маҳаллий Кенгаш депутатини танимас эмиш.
Биз билан юзма-юз суҳбат чоғида маҳалла фуқаролар йиғини раиси котиби мухбирнинг бу хулосасини шошма-шошарлик билан айтилган, ҳеч қандай тасдиққа эга бўлмаган гап, деб таъкидлади. Унинг гувоҳлик беришича, чиндан ҳам уч кун муқаддам ишхонасига ўзини журналист деб айтган, лекин кимлигини таништирмаган, қайси нашрда ишлашини ҳам маълум қилмаган шахс қўнғироқ қилиб, дабдурустдан депутатингизни танийсизми, деб сўраган. Котиб қайси маҳаллий Кенгаш депутати ҳақида сўралаётганини аниқлай олмагач, “сиз сўрамоқчи бўлган депутатни танимайман”, деб жавоб берган. Телефонда бўлиб ўтган гап шу!
“Адолат” СДПнинг Самарқанд вилоят кенгаши раҳбарияти ва газета мухбири иштирокида бўлиб ўтган мулоқот чоғида МФЙ раиси котиби Б.Раҳмонов журналистнинг ўзини таништирмай, телефон орқали маълумот талаб қилиши, бировнинг номидан хулоса бериши оддий фуқаро сифатида уни қанчалик ноқулай аҳволга солиб қўйганини куюниб гапирди ва депутат Ф.Шарипованинг “Пахтаобод” МФЙ ҳудудидаги ижтимоий муаммолардан хабардорлигини, бу ерда унинг ташаббуси билан 150 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасаси қурилаётганлигини баён қилди.
Марказий нашрда депутат Ф.Шарипова ҳақида чоп этилган мақолада “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи фуқаро Ольга Сметанинанинг эътирозлари ҳам келтириб ўтилган. Биз вилоят партия кенгаши раиси М.Бобобекова ва “Пахтаобод” МФЙ раиси А.Юсупов билан биргаликда бу эътирозни ўрганиш мақсадида Ольга опанинг хонадонига ташриф буюрдик. Тўрт нафар фарзанди бор бу аёл чиндан ҳам маҳалладан тез-тез ёрдам олиб туришини айтди. Қўни-қўшничилик, маҳалладаги меҳр-оқибат туфайли турмуши изига тушиб қолганини баён қилди. Ф.Шарипова ҳақида “мен бу куюнчак депутатни яхши танийман. У хонадонимга ҳол-аҳволимдан хабар олиш учун келган эди”, деди. Лекин уч кун муқаддам унинг хонадонига ўзини “депутатман” деб таништирган киши келиб, у билан суҳбатлашганини, оилавий шароити ҳақида сўраб-суриштирганини маълум қилди. У мақола чиққанидан сўнг “депутат”нинг аслида мухбир эканини билиб қолганини, журналист нега ўзини депутат деб таништирганини ҳанузгача фаҳмлай олмаётганини айтди.
Мақола ёзадиган мухбир “депутатман” деб ёлғон гапириши шартми? Муаммони журналист позициясидан туриб аниқлаш, ҳал этиш ёки жуда бўлмаса муносабат билдириш қийинмикан?
Шу ўринда партиядошимиз, депутат Фароғат Шарипованинг фаолияти ҳақида бироз тўхталиб ўтишни лозим топдик. Марказий нашр мухбири сайловчилар танимайди, ўз ваколатини бажаришда сусткашликка йўл қўймоқда, деб ёзган депутат 2019 йилнинг 6 ойи давомида турли бошқарув идораларига 17 та депутатлик сўрови киритилиб, уларнинг аксарияти ижобий ечим топган. Биринчи гуруҳ ногирони Хосият Олтибоева ва фуқаро Елена Пашнюкнинг ижтимоий муаммоси ҳал этилиб, уларни ишга жойлаштириш ва газ таъминотини яхшилаш билан боғлиқ мурожаатлари ижобий ечим топган. Шунингдек, 41-умумтаълим мактабининг “Фармонобод” қишлоғидаги филиалини янгитдан қуриш бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборган ва ушбу филиал қурилиши 2020 йил давлат дастурига киритилган.
Албатта, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда депутат фаолияти камчиликлардан холи, деган фикрни уқтирмоқчи эмасмиз. Ваколат ҳам, масъулият ҳам бениҳоя катта. Албатта, халқнинг турмушини янада фаровон қилиш, бошқарувда янгича демократик тартиб-таомилларни қадамма-қадам жорий қилиш, эл манфаатини, одамлар розилигини кўзлаб амалга оширилаётган салмоқли ислоҳотларнинг ижросини назорат қилиш депутатдан катта куч-ғайрат, ташаббускорликни талаб қилади. Маҳаллий Кенгаш депутатлари халқ вакили бўлишдек шарафли номга муносиб иш тутишга ҳаракат қилишмоқда. Хато ва камчиликларни аниқлаб, ўз фаолиятлари учун жиддий хулосалар чиқармоқдалар. Шу боис улар фаолиятига энг тўғри баҳони сайловчиларнинг ўзлари беришмоқда.
Лекин матбуотда депутат шаънига билдирилган ҳар қандай нохолис гаплардан, саёз таҳлил ва хулосалардан кимга наф? Депутат ҳақида ёзмоқчимисиз, келинг, унинг ўзи билан биргаликда сайловчилар ҳузурига боринг, муаммоларни эшитинг, таҳлил қилинг. Талаб этилган ваколат ўз ўрнида ишлатилаётгани ёки ишлатилмаётганидан хабардор бўлинг. Шундагина ҳақ сўзни айтиш осон кечади. Қолаверса, телефонда маълумот йиғиш билан бировга танбеҳ бериш журналистнинг касб одобига қанчалик тўғри келиш-келмаслигини ўйлаб кўриш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Медиа-тур доирасида халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар иштирокида брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида буюк алломалар, муҳаддислар, муфассирлар, илм-маърифатда етук инсонлар тўпланиб илмий мажлислар, анжуманлар ўтказ...
01 янв 1970
Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар....
01 янв 1970
Бугун ижтимоий тармоқларда бир хил рекламага дуч келасиз: “Ёшлар, фалон давлатга бориб, имтиҳонсиз ўқишга киринг...” ...