Лойиҳадан ҳаволаки нормалар олиб ташланди буни партия депутатлари таклиф қилган эди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатасининг мажлиси кун тартибига киритилган суд-ҳуқуқ, экология, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди. Мазкур қонун лойиҳаси фуқароларимиз, хусусан, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси билан юқоридаги кодексларнинг бир қатор моддаларига жавобгарликни кучайтириш масаласи киритилмоқда. Хусусан, била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш; аёлнинг ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш; вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш; бўш иш жойларини яшириш каби ҳолатларга йўл қўйгани учун иш берувчининг жавобгарлиги оширилмоқда.
Қайд этилганидек, ушбу лойиҳа ўзининг электорати ҳисобланган ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа сифатида белгилаган “Адолат” СДП ғояларига ҳамоҳанг эканлиги, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани боис иккинчи ўқишга тайёрлашда қонун лойиҳаси ҳаётий нормалар билан бойитилди.
Хусусан, қонуннинг дастлабки лойиҳасида идоравий манфаатларни ифода этувчи нормалар фуқаролар манфаатини кўзлаб қайта кўриб чиқилди ва амалиёт билан уйғунлаштирилди.
Шу билан бирга, меҳнат нормалари ва меҳнат шарт-шароитлари қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ишлари тўлиғича судга ўтказилди ҳамда лойиҳада келтирилган бир қатор ҳаволаки нормалар чиқариб ташланди. Хусусан, ишга қабул қилишни расмийлаштириш тартибини, иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказишга доир қонун ҳужжатлари талабларини, ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш талабларини бузганлик учун қўлланилаётган жарималарга доир меъёрлар лойиҳадан чиқариб ташланди. Шуни айтиш жоизки, ҳаволаки нормаларни олиб ташлаш таклифи партиямиз фракцияси томонидан билдирилган эди.
Шунингдек, йиғилишда “Жиноятчиликка қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш орқали ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида охирги икки йил давомида жиноятчилик кескин камайишига эришилди. Хусусан, 2017 йилда жиноятчилик 16 фоизга, 2018 йилда эса 33,5 фоизга камайганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, ушбу соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларга қарамасдан айбланувчининг, судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниши мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни, шу жумладан, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалда таъминлашга салбий таъсир қилмоқда.
— Бугунги кунда оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ҳамда суддан яширинган қидирувдаги шахслар салмоғи юқорилигича қолмоқда, — деди фракция аъзоси Шуҳрат Полвонов. — Натижада содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирувдаги шахсларни қидириш учун катта куч ҳамда воситалар жалб этилаётгани амалдаги қонунларга зарур ўзгаришлар киритишни тақозо этмоқда.
Мажлисда эътироф этилганидек, “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам бу каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, жиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали механизми, бу жамиятда соғлом муҳитни ташкил этиш ва энг аввало, салбий иллатларнинг олдини олиш — долзарб вазифа сифатида белгиланган.
Фракция йиғилишида депутатлар Ўзбекистон Республикасининг “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонун мавжуд эмас. Мамлакатимиз иқтисодиётида атом энергиясидан фойдаланиш ривожланиши муносабати билан ҳамда Ўзбекистон “Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги ҳақида”ги бирлашган конвенция (1997 йил) ва “Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликнинг асосий принциплари тўғрисида”ги битим (1992 йил) ҳамда соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатлар иштирокчиси ҳисобланишини таъминлаш мақсадида ушбу лойиҳани ишлаб чиқиш зарурати юзага келди.
— Қонун лойиҳасининг асосий вазифаси атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ташкил этишдан иборат, — деди фракция аъзоси Даврон Тангиров. — Шунингдек, амалдаги атом энергияси тўғрисида барча меъёрлар ва қоидаларни унификация қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлари билан мувофиқлаштириш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали миллий қонунчиликка атом энергиясидан муваффақиятли фойдаланаётган давлатларнинг ушбу соҳадаги энг самарали механизмларини жорий этиш режалаштирилган.
Мазкур қонун лойихаси биринчи ўқишдан сўнг депутатларнинг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилганлиги, унда атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида нормалар билан такомиллаштирилганлиги ҳамда ядро ускуналари ва мосламаларни сертификациялаш жараёнлари белгиланганини депутатлар ижобий баҳолашди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси “Адолат” СДП ғояларига мос бўлиб, партия ўз дастурида мамлакат ривожига асосий таъсир кўрсатувчи қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланиш, ушбу соҳада норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ва бу йўналишда бир қатор амалий ташаббусларни ҳам илгари суриб келмоқда.
Йиғилишда яна бир қатор қонун лойиҳалари юзасидан фикрлашиб олингач, кўриб чиқилган барча ҳужжатлар юзасидан депутатлар партия позициясидан келиб чиқиб, аниқ таклифлар билдиришди.
Баҳром
БУРҲОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар” тўғрисида туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Жавлон Давроно...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Адолат билимдони” республ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров Узун туманидаги хонадонларда бўлиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрг...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда....