“Гулшан” боғининг қулфи қачон очилади?

/
Апрель ойининг бошида таҳририятга мактуб келди. Мактубда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги Алишер Навоий, Шукур Бурхонов, Нодирабегим номларидаги, “Баҳор”, “Шўртепа”, “Катта қорасув” каби маҳаллалар аҳолиси ўзлари яшаётган ҳудуддаги “Гулшан” маданият ва истироҳат боғи икки йилдан бери фаолият юритмаётгани ҳақида ёзишганди. Мактубда, жумладан, бундай дейилади:
“Куннинг иссиқ кунлари ёнимизда соя-салқин жой бўла туриб, фарзандларимиз, невараларимиз билан шаҳарнинг турли томонларидаги истироҳат боғларига боришимизга тўғри келмоқда. Наҳотки, бир боғнинг фаолиятини йўлга қўйиш шунчалик қийин бўлса?! Бу ҳақда вазирлик, шаҳар ҳокимияти, оммавий ахборот воситалари, Олий Мажлис қуйи ва юқори палаталари, Ўзбекистон Экологик партияси ва бошқа турли ташкилотлар раҳбарларига 20 мартадан ортиқ ёзма мурожаат этдик. Аммо мурожаатларимиз бесамар кетди. Баъзилари жавоб беришди, баъзилари эса жавоб беришни ҳам лозим топишмади. Амалий ишларни кута-кута баҳор ўтиб, ёз келди. “Гулшан” боғи эса ҳамон қулфлоғлиқ турибди”.
Мактубда келтирилган аҳволни ўрганиш учун йўлга чиқдик. Ҳақиқатан ҳам, “Гулшан” боғи дарвозасига қулф осиғлиқ экан. Кираверишдаги аркнинг мармар плиталари синиб, кўча бошлабди. Боғ ичида кўп йиллик дарахтлар — дуб, қарағай, чинор, арча ва бошқа дарахтлар қад ростлаган. Атроф соя-салқин, оромгоҳни эслатади. Лекин шундай жойдан фойдаланилмай турганидан ҳайрон бўлдик. Ичкарига бир амаллаб кирдик. Бирорта ўриндиқ кўринмади. Диаметри 20 сантиметр ва ундан ортиқ 30 га яқин дарахтлар кесилибди. Ўйин қурилмалари ва замонавий аттракционлардан қолган жойлар ташландиқ ҳолга келибди.
Пойтахтимиздаги шундай боғнинг қаровсиз аҳволга тушиб қолганига ичимиз ачиди. Бунинг сабабини билиш учун Шукур Бурхонов номидаги МФЙ раиси Собир Холиқов билан учрашдик.
— Маҳалламизда 1 минг 234 хонадон бўлиб, ҳар бир хонадонда икки нафардан бола бўлса, бу икки мингтадан зиёд болажонлар бор дегани. Бундан ташқари, маҳалламизда 700 нафар фахрийларимиз, отахону онахонларимиз умргузаронлик қилишади. Илгари боғимиз соя-салқин жой бўлиб, ўтирадиган ўриндиқлар, оталар чойхонаси, электр тармоқсиз ишлайдиган арғимчоқлар, турли қурилмалар бўларди, — дейди маҳалла раиси. — Невараларимиз билан чиқиб, салқинлаб, ҳордиқ чиқариб, дам олардик. 2017 йилда бир нечта замонавий аттракционлар ўрнатилди. Буни кўриб, ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Невара-чевараларимизни айтмайсизми? Аммо бу хурсандчилигимиз узоққа бормади. Аттракцион бир йил ишлагач, 2018 йили ускуналарни демонтаж қилиб, кўчириб кетишди. Натижада 40-50 йил аттракционсиз фаолият юритган боғ ташландиқ жойга айланди. Оталар чойхонаси ҳам сотилиб кетди. Ҳозир бу чойхона ҳам фаолият кўрсатмайди.
Бирин-кетин идорага маҳалла фаоллари йиғила бошлади. Аҳоли билан суҳбатлашар эканмиз, маҳалла фаолларининг мурожаатларига турли идоралардан келган жавоб хатларини ҳам варақладик. Мана, улардан бири:
“Муҳтарам С.Холиқов!
Сизнинг 2019 йил 1 февралдаги “Халқ сўзи” газетаси таҳририятига юборган мурожаатингизда кўтарган долзарб муаммолар борасида берган қимматли маслаҳатларингиз туман ҳокимлиги томонидан келгусида ижро этиш учун маълумот сифатида қабул қилинди.
Туман ҳокимининг ўринбосари Ф. Ҳошимов.
2019 йил, 14 февраль”.
Яна бир жавоб хатига эътибор қаратинг:
Фуқаро Л.И. Денисенко! Сизнинг хатингизга жавоб тарзида шуни маълум қиламизки, куз-қиш мавсумида парк фаолият юритмайди. Негаки, йилнинг бу пайтида ҳаво совуқ бўлиб, паркларга одамлар келиши камаяди. Шу сабабли бу парк ҳам ҳозирча ёпиқ.
Туман ҳокими Ш.Т.Иргашев.
2019 йил, 15 февраль”.
Мана, сизга туман раҳбарларининг маҳалла фаоллари мурожаатига эътибори. Энг қизиғи, куз-қиш мавсуми, ҳатто баҳор ҳам ўтиб, ёз кириб келди-ю боғ дарвозаси ҳамон қулф!!!
Кейинги суҳбатдошимиз маҳалла фаоли Сайёра Абдужамилова бўлди.
— Шу маҳаллага келин бўлиб тушганман — дейди у. — Худога шукр. 11 нафар невара, 15 нафар чевараларим бор. Улардан уч нафари мен билан яшайди. Агар уйга меҳмон — невара-чевараларим келиб қолса, уйимиз тўлиб, боғчага айланади. Бундан уч-тўрт йил олдин боққа чиқиб, бемалол дам олардик. Ҳозир-чи? Машиналар кўплигидан кўчага чиққани қўрқамиз. Яна бир гап. Қайнотам Абдужамил ота Матқобилов раис бўлган. “Гулшан” боғи шу киши раҳбарлигида яратилган. Ҳозир ўша даврда экилган дарахтлар кесиб кетилмоқда. Бундай эътиборсизликнинг чеки борми?
Ҳақиқатан ҳам, “Гулшан” боғи бундан 40-50 йиллар олдин Ўзбекистон халқ артистлари Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Коммуна Исмоилова, Раззоқ Ҳамроев, Зикир Муҳаммаджонов, шоирлар Асқад Мухтор, Шукрулло, Ҳамид ўулом, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар билан учрашувлар ўтказиладиган гўзал маскан бўлган. Наврўз сайллари бўлиб ўтган. Энди эса боғ харобага айланган. Шу ерда яшайдиган одамларнинг айтишича, 2017 йилда боққа ўрнатилган аттракцион қурилмалари носозлигидан ҳар хил товушлар чиқариб атрофда яшовчиларнинг, корхоналарда ишловчиларнинг, сиҳатгоҳларда даволанувчиларнинг асабига теккан. Кейинчалик боғ ҳам ёпилган. Шундай экан, боғдан аттракционни олиб ташлаб, ундан олдинги ҳолатдаги боғ сифатида фойдаланса бўларди-ку!
— Сизлар келаяпсизлар, фикрларимизни, орзуларимизни, истакларимизни сўраяпсизлар, муаммоларимизни ўрганиб кетаяпсизлар, — дея суҳбатимизга қўшилди шифокор Мурод Азизов. — Лекин раҳбариятга буларни қандай етказасизлар, билмадим. Бир вақтлар боғимиз гавжум ва файзли эди. Касбим шифокор. Маҳалламиз ҳудудидаги 1-сон марказий клиник шифохонасида ҳар йили бир марта даволанаман. Шифохонага яқин бўлгани учун боғдан чиқаётган шовқин-суронлар, замонавий аттракциондан чиқаётган асаббузар товушлар даволаниш истагида келганларга таъсир қилмай қолмасди. Шунинг учун биз боғимизнинг аввалги ҳолатдагидек, аттракционсиз бўлишини, экобоғга айлантирилишини истаймиз. Унга Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурхонов номи берилса яхши бўларди, атрофдаги барча темир панжаралар олиб ташланса, сайилгоҳга одамлар бемалол кириб чиқа олса, оталар чойхонаси яна отахонларга қайтариб берилса, унинг атрофига коммунал хизматлари тўлайдиган шохобчалар, китоб дўконлари қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мана, бизнинг муаммоларимиз. Биз раҳбарларимиздан ҳеч нарса сўраётганимиз йўқ. Борини сақлаб қолиб, келажак авлодга етказайлик деяпмиз, холос.
Алишер Навоий, Нодирабегим номидаги МФЙлар раислари ва бошқа маҳаллалар аҳли билан суҳбатлашганда, уларнинг аксари бу маскан экобоғ бўлса, дея истак бидиришди. Шундай экан, бу таклифларга Тошкент шаҳар Маданият бош бошқармаси раҳбарлари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг амалий жавоблари қандай бўлар экан? Буни вақт кўрсатади.
Даврон АҲМЕДОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларида ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тезкорлик билан амалга оширилаётга...
01 янв 1970
Ғузор туманидаги молия иқтисод коллежида Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли таш...
01 янв 1970
Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқининг буюк тарихин...
01 янв 1970
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда....