Газеталар инқирозга юз тутадими?

/
“Мен оммавий ахборот воситалари фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Лекин, афсуски, ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси билан боғлиқ муаммолар, аҳоли мурожаатлари юзасидан газета, теле ва радиоканалларда танқидий мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар жуда кам. Ваҳоланки, ислоҳотлар жараёнида ОАВ халқ манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айланиши лозим. Бунинг учун улардан шижоат, профессионал маҳорат, холислик ва чуқур таҳлилий салоҳият талаб этилади”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ҳар йили куз фасли аграр соҳа вакилларига йиллик ҳосилни йиғиб олиш даври бўлганидек октябрь, ноябрь, декабрь ойлари оммавий ахборот воситаларининг босма маҳсулотлар — газета ва журналлар таҳририятлари учун кейинги йилга даромад тўплаш даври ҳисобланади. Обуна деб аталадиган бу жараёнда таҳририятлар фаол қатнашадилар. Обуна жараёни ҳам ўзига хос ўтади. Илгарилари етти-саккизта газета-журналларга обуна давлат, ҳуқумат доирасида ташкил этилар, улар номлари битилган расмий рўйхат жойларга юбориларди.
Бу рўйхатдаги нашрларга обуна ишида вилоят, шаҳар, туман раҳбарлари бош-қош бўлар, натижада мажбурий обуна юзага келарди. Газета-журналлар муҳаррирлари ўша пайтда ўз нашрларини ана шу мажбурий обуна рўйхатига киритишга ҳаракат қилардилар. Шундан кейин мажбурий обунанинг яна бир тури ишга тушарди. Яъни, вазирликлар, агентликлар, партиялар ўзларининг жойлардаги ташкилотларига муассислигидаги газета-журналларга обунани ташкил этиш борасида топшириқлар йўллардилар. Рўйхат ва топшириқларга номлари кирмай қолган босма нашрлар, таҳририятлар вакиллари эса вилоятлар ва туманларга бориб, илтимос, таниш-билишчилик, турли хил ваъдалар эвазига обуна ишларини амалга оширардилар. Шундай қилиб, йил якунига бориб, ғалвир сувдан кўтариларди. Рўйхат асосидаги нашрларга 30-40 мингдан тортиб 100 минггача, топшириқлар асосидаги газета-журналларнинг ҳар бирига 20-40 минггача, қолганларига эса 5-10 мингтадан обуна пайдо бўларди. Обуна, гарчи йиллик ҳисоблансада, обуначилар сони йил давомида ўзгариб турарди. Кимдир 3 ойга, бошқа биров 6 ойга, баъзилар 9-12 ойга обуна бўлардилар. Шунинг учун аксарият ҳолларда газеталарнинг обуначилари сони йил бошида 25-30 мингта бўлса, йил охирида 5-6 мингга ҳам тушиб қоларди.
Бу аҳвол 2018 йилгача давом этди. 2018 йилнинг охирларига келиб обуна борасидаги эскича қарашларга барҳам берилди. Рўйхат ва топшириқлар асосидаги обуна қилиш ишлари тўхтатилди. Мажбурий обуна ишлари тўла равишда бўлмаса ҳам, очиқдан-очиқ амалга оширишга йўл қўйилмади. Кимнинг қандай газета ва журналга ёзилиши ихтиёрий қилиб белгиланди. Натижаси 2019 йилнинг бошларида маълум бўлди. Олдинги йилларда 100 минг ва ундан ошиқ нусхада чоп этилган газеталар 50 минг нусхага, 50 минг нусхада чоп этилганлари 20-25 минг нусхага, 20 минг нусхада босиб чиқарилганлари 10 минг нусхага, 10 минг нусхадагилари эса 4-5 минг нусхага тушиб қолди. Баъзи газеталар эса етарлича обуначилар тўплай олмагани учун нашр қилиниши вақтинча тўхтатилди. Агар айрим газета ва журналларнинг муассислари ўзларига тегишли қуйи ташкилотларга обуна борасида топшириқлар бермаганида бу борадаги аҳвол ҳозиргидан ҳам оғирроқ кечган бўларди.
Табиийки, газета-журналларга обунанинг кескин камайиб кетиши матбуот соҳаси раҳбарларини, журналистларни, ноширларни, ижодкорлар, ҳатто газетхонларни ҳам ташвишга солди. Шунинг учун оммавий ахборот воситаларида, интернет веб-сайтлари орқали газеталарнинг ададини ошириш, обуна ишини яхшилаш, матбуотнинг, хусусан, босма нашрларнинг халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида ролини кучайтириш борасида турли фикрлар ўртага ташланди. Бу борадаги ишларни яхшилаш учун баъзилар ҳукумат моддий ва маънавий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиши, давлат обунани амалга оширишда кўмаклашиши зарур десалар, айримлар мамлакатда матбуот фондини ташкил этиш керак, бу фонд босма нашрларни ҳозиргидек қийинчилик пайтларда қўллаб-қувватлаши лозим деб таклиф билдирмоқдалар. Яна бир тоифа таклифчилар эса жаҳонда юксак тараққий этган мамлакатлар оммавий ахборот воситалари тажрибаларини матбуотимизга жорий қилиш ҳақида мулоҳаза юритмоқда. Муносабат билдирувчиларнинг яна бир гуруҳи халқимиз вакилларини, миллатимиз фидойиларини матбуотни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. Албатта, бу таклиф, мулоҳазалар, фикрлар, мушоҳадаларнинг ҳар бирида маълум ҳақиқатлар ифодасини топган. Лекин бу ўринда ушбу мулоҳаза, таклиф, мушоҳадалар ҳақида эмас, балки газета-журналларга қизиқишнинг камайиб кетганлиги, улар ададининг ниҳоятда озлиги, обуначилар сонининг аввалги йилларга нисбатан жуда ҳам пастлиги, босма нашрларнинг давр талабларидан орқада қолаётганлиги хусусида баъзи фикрларни айтишни ният қилдик.
Келинг, гапни обуна масаласидан, обуначилар сонининг кескин камайиб кетиш сабабларидан бошлайлик. Обуна даврий нашрлар, жумладан, газета-журналларга ҳар бир муштарийнинг олдиндан пул тўлаб, улардан йил давомида фойдаланиши учун яратилган имконият ҳисобланади. Илгарилари газета-журналларнинг йиллик обуна нархлари қиммат эмас эди. Шунинг учун бир муштарий уч-тўрт газета, бир-икки журналга обуна бўлишга имкони етарди. Эндиликда бозор иқтисодиёти ҳукмрон бўлгани сабабли газета-журналларнинг нарх-навоси ҳам кескин ошди. Айтайлик, таҳририят газета тайёрлаш учун кетадиган маблағларни ҳисоб-китоб қилиб, унинг йиллик нархини 200-250 минг сўм қилиб белгилайди. Лекин бу ҳали обуна нархи дегани эмас. Обуна нархини шу тайёр газетани обуначиларга етказиб берадиган ташкилотлар белгилайди. Яъни, улар газета нархига ўз хизматлари улушини қўшади. Афсуски, ана шу “улуш” ҳам обуначининг елкасига тушади. Эшагидан тушови қиммат дегани шу бўлади. Бу ўринда газеталарнинг газетхонлар қўлига бир-икки кун кечикиб етиб бориши алоҳида мавзу. Оқибатда йиллик обунаси 250 минг сўмлик газетанинг нархи 350-400 минг сўмга чиқиб кетади.
Натижаси эса маълум: муштарий бир газета ва бир журналдан бошқасига (бу ҳам оиласида иқтисодий имконияти бори) обуна бўлолмаслиги аниқ. Сабаби эса оддий — муштарийларнинг аксарияти оиласидаги иқтисодий харажатлардан тежаб, обуна учун ажратган маблағи бунчалик қиммат нархни кўтармайди.
Тўғри, газета-журналларнинг йиллик обунасидан ташқари, уларни муштарийларга етказиб бериш учун киоскалар орқали кундалик сотиш ишлари ҳам мавжуд. Аммо бу иш республикамизда йирик шаҳарлардан ташқари шаҳарчалар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларда деярли йўлга қўйилмаган. Тайёр газетани тарқатувчи ташкилотлар ғазналарига обунадан катта миқдорда пул тушиб турганида бу иш билан шуғулланишга фурсатлари ҳам, ниятлари ҳам йўқ.
Яна обуна масаласига қайтайлик. Обуна ишлари шаҳарларга нисбатан қишлоқларда қийинроқ кечади. Бу ҳолатни кейинги йилларда обуна географияси ҳам кўрсатмоқда. Яъни, жами обуначиларнинг 4/3 қисмини шаҳарлар аҳолиси, 4/1 қисмини қишлоқлар аҳолиси ташкил қилмоқда. Сабаби яна ўша маблағ, аҳолининг иқтисодий аҳволи масаласига бориб тақалади. Эътибор беринг, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи қишлоқларда яшайди. Илгари ана шу аҳолининг фаолияти жамоа хўжаликларида кечарди. Агар бир жамоа хўжалигида 2,5 минг одам меҳнат қиладиган бўлса, шундан камида 2 мингги, баъзан ҳаммаси газета-журналларга ё мажбурий, ё ихтиёрий равишда обуна бўларди. Маблағ ҳам топиларди. Эндиликда эса ўша жамоа хўжалигида ишлаган 2,5 минг одам фермер хўжаликларида, ширкатларда, шахсий хўжаликларда, замонавий кластерларда фаолият юритмоқда. Аммо улардан 150-200 нафари ихтиёрий равишда обуна бўлади, холос. Ўша хўжаликлар раҳбарлари эса қўл остида ишловчиларни газета-журналларга обуна қилиш нари турсин, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Бундан ташқари, ўша фермер ва бошқа типдаги хўжаликларда ишловчиларга ойлик ҳақи аксарият ҳолларда буғдой, шоли, деҳқончилик маҳсулотлари ҳисобидан товар тарзида тўланмоқда. Бу эса, табиийки, обуна жараёнига салбий таъсир кўрсатади, муштарийлар сонининг камайишига олиб келади. Чунки ҳеч ким маҳсулот сотиб, газета ва журналга обуна бўлмайди. Бўлганда ҳам бундайлар ниҳоятда озчиликни ташкил этади. Бошқача айтганда, эндиликда газета-журнал ўқишни истайдиганлар обуна учун маблағ тополмаяпти. Маблағи борлар эса газета-журнал ўқишни истамаяпти.
Албатта, кейинги йилларда обуначилар сонининг камайиб кетишига фақат ҳаётдаги ижтимоий омиллар, иқтисодий етишмовчиликларгина эмас, даврий нашрларнинг ўзларидаги баъзи камчиликлар ҳам сабаб бўлмоқда. Шулардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтсак.
Биринчи сабаб: газеталарнинг тезкорлиги ва актуаллиги билан боғлиқ. Маълумки, таҳририятлар келгуси йилда обуначиларни кўпайтириш мақсадида газеталари саҳифаларида турли-туман ахборотларни, хабарларни, қизиқарли, ўқишли, таҳлилий мақолаларни бериб боришни, муштарийларга жаҳонда рўй бераётган янгиликлар, ўзгаришларни тезкорлик билан етказиб беришни ваъда қилишади. Обуна шу тарзда муштарийлардан ваъдалар эвазига омонат олинган пулга айланади. Обуначиларга берилган ваъдалар бажарилса-ку яхши. Агар бажарилмаса-чи? Бундай пайтда муштарийлар газетага бир йил обуна бўлади, иккинчи йил умид билан ёзилади. Газета фаолиятидан кўнгли тўлмаса, учинчи йил унга обуна бўлишдан воз кечади.
Газеталаримиз бу борада муштарийлар олдида берган ваъдаларини яхши бажараётибдилар, дейиш қийин. Айтайлик, газеталарнинг асосий вазифаларидан бири халқимизга юртимизда, хорижда бўлаётган воқеаларни, хабарларни, янгиликларни тезкор етказиб беришдан иборат. Республикамизда бугунги кунда бир неча юзлаб номда газеталар чоп этилади. Ана шулардан 2-3 таси ҳафта давомида 5-6 марта нашр этилади, холос. Баъзилари ҳафтада 4-3-2 мартадан чоп қилинади. Аксарияти эса ҳафталикка айланиб улгурган. Хўш, энди тасаввур қилинг, бу ҳафтанинг бошида бир муҳим воқеа рўй берса, уни ҳафталик газета кейинги ҳафтанинг бошида газетхонга етказса, унинг тезкорлиги, янгилиги нимадан иборат бўлади? Ҳозирги ахборот асрида бу газетхонларни қаноатлантирадими? Албатта, йўқ. Шунинг учун обуначилар сони йилдан-йилга камайса камаяётибдики, лекин кўпаймаяпти.
Иккинчи сабаб. Газеталарда ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳаётимизни чуқур таҳлил қилувчи мақолаларнинг камлиги билан боғлиқ. Тўғри, даврий босма нашрлар, хусусан, газеталар кундалик ахборотлар, янгиликлар, маълумотлар билан биргаликда ҳаётнинг барча жабҳаларидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақидаги яхши мақолалар билан ҳам газетхонлар эътиборини ўзига жалб қилиши керак. Бироқ бу жараёнда ҳам газеталар кундалик ҳаёт, давр талабларидан орқада қолаётганлиги сезилмоқда. Эътибор беринг, кейинги 2-3 йил ичида мамлакатимизда қанча ўзгаришлар юзага келди. Ҳаёт тарзимиз, фикрлаш тарзимиз янгиланмоқда. Онгимиз, тафаккуримиз ўзгармоқда. Мамлакатимиз, халқимиз, миллатимиз дунёда ўзини намоён қилмоқда. Хўш, ана шулар тўғрисида журналистлар, ижодкорлар томонидан бу жараёнларни чуқур таҳлил қилувчи, муваффақиятлар омили нимадаю камчиликларимиз сабабларини кўрсатиб берувчи мақолалар, публицистик асарлар яратишдими? Ёхуд оммавий ахборот воситалари ҳодимлари, журналистлар ёзаётган мақолалар ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ҳаётимизнинг қайси жабҳаларини янгилашга, ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда? Афсуски, бу борада газеталаримизнинг аҳволи, журналистларимизнинг фаолияти ҳам талаб даражасида эмас. Тўғри, газеталар саҳифаларида юксак даражада бўлмаса ҳам ўртамиёна таҳлилий мақолалар чоп қилиниб турибди. Лекин улар ҳам етарли эмас. Газеталардаги аксарият мақолалар, публицистик асарлар эса воқеа-ҳодисалар баёнидан, қаҳрамонлар фаолиятини улуғлашдан, ютуқларни мақташдан, камчиликларни хаспўшлашдан иборат бўлиб қолмоқда. Булар ҳам, табиийки, муштарийнинг газетага бўлган қизиқишини сусайтиради.
Учинчи сабаб. Газета билан газетхонлар ўртасида ўзаро алоқаларнинг, ҳамкорликларнинг камайиб кетганлиги билан боғлиқ. Маълумки, газета муштарийлари билан тирик. Бу газета билан газетхон ўртасидаги ҳамкорлик ҳамма вақт зарур дегани. Матбуот роли кучайган, газеталар талаш бўлиб ўқилган пайтларда уларнинг омма билан алоқалари кучли эди. Одамлар газетага ишонарди. Шу ишонч туфайли матбуот нашрларига ҳаётдаги янгиликларни ҳам, ўз қувончларини ҳам, ташвишларини ҳам, фикр-мулоҳазаларини ҳам ёзиб юборардилар. Газеталарда ҳам уларга алоҳида эътибор қаратиларди. Муштарийларнинг ёзганлари газета саҳифаларида ё чоп этиларди, ё уларга чоп этмаслик сабаблари ёзилиб, жавоб мактублари жўнатиларди. Кўп ҳолларда газетхонлар таклиф-мулоҳазалари асосида муаммоларнинг ечими жиддий таҳлил қилинган мақолалар эълон қилинарди. Хуллас, бирор газетхоннинг матбуотга муносабати эътиборсиз қолмасди. Эндиликда эса газета ва газетхон ўртасидаги бундай ҳамкорликка путур етди. Бугунги кунда газеталар таҳририятларига газетхонлардан хатлар келмаяпти, деб бўлмайди. Келаяпти, лекин уларнинг аксарияти шахсий ташвиш — арзнома, шикоятдан иборат, холос. Газетхон эса газета саҳифаларида бир одамнинг шахсий ташвишини эмас, халқни, миллатни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишни истайди. Обуначилар сонининг камайиб кетишида бу каби омилларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор, албатта.
(Давоми бор).
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаҳон почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган зар...
01 янв 1970
Фуқароларнинг пенсия таъминотига доир ҳуқуқларини таъминлашда архив ҳужжатлари муҳим амалий аҳамиятга эга эканини нафақат мутахассислар, балки кўпч...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тинглар эканман, “Энг муҳими, ўқи...
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...