Сўровларга вақтида жавоб берилиши шарт

/
Халқ депутатлари Асака тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг 2018 йилдаги иш фаолияти якунига бағишланган йиғилишда ҳудудда партия депутатларининг фаолияти танқидий баҳоланган эди. Таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳи аъзолари фаолиятини кучайтиришга, амалий ишларга киришди.
Улар ҳар ҳафтанинг бир кунини “Депутат ва сайловчи” шиори остида ўз сайлов ҳудудларида ўтказмоқда. Бу мавжуд муаммоларни ўрганиш баробарида сайловчиларнинг ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, мутасадди ташкилот ва муассасаларга йилнинг ўтган даврида 18 та депутатлик сўрови чиқарилди. Шундан 16 таси ижобий ечим топган бўлса, 2 тасига ҳамон жавоб кутилмоқда.
Хусусан, 18-Маркаюз сайлов округидан сайланган депутат Феруза Мадиярова 45 нафар сайловчини қабул қилиш баробарида, масъул ташкилотлар раҳбарларига 8 та депутатлик сўрови киритди.
Туманда эндокринологик касалликка чалинган беморлар ётиб даволанишлари учун имконият йўқ. Айни шу масалани ўрганиб, депутат туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида алоҳида бўлим очиш таклифи билан чиқди. Натижада 20 ўринли даволаш бўлими ташкил этилди.
Жой масаласи ҳал бўлгач, таъмирлаш ва керакли дори-дармонлар борасида муаммо юзага келди. Бу масалада туман молия бўлимига шу йилнинг 1 март куни депутатлик сўрови чиқарилди. Бироқ ҳалигача жавоб йўқ.
“Маркаюз” МФЙда яшовчиларни ичимлик сув таъминотидаги узилишлар қийнаётганди. Ф.Мадиярова туман “Сув-оқава” корхонасига мурожаат қилди. Аниқланишича, сув қувурлари эскирган, уларни алмаштириш зарур.
Соҳа мутахассислари депутат аралашуви билан масалага эътибор қаратдилар. Айни кунларда янги қувур ётқизиш ишлари давом этмоқда.
— Маҳалланинг ободлигига кўчаларда йиғилган маиший чиқиндилар соя солаётганди, — дейди Ф.Мадиярова. — “Тоза ҳудуд” корхонасига қилган мурожаатим муаммонинг ечимига йўл очди. Белгиланган вақтда автомашиналар аҳоли хонадонларидан чиққан маиший чиқиндиларни олиб кетаяпти. Бу тозалик ва саломатликнинг гарови.
1995 йилда туғилган фуқаро Худойберди Расулов вақтинча ишсиз эди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Дилфуза Собирова бу масалани ўз назоратига олди. Бўш иш ўринларини ўрганди, натижада Х.Расулов “УзДонВонг” корхонасига ишга жойлашди.
— Ўз ишимдан хурсандман, — дейди Худойберди мамнун бўлиб. — Бизнинг ишончли вакилимиз сифатида депутатлар муаммоларни ўрганиш билан чекланмай, уларга аниқ ечим топаяпти.
“Ўзбекистон” МФЙ, “Юқори Асака” кўчасидаги 250 метр масофадаги йўлнинг таъмирталаблиги пиёдалар ва транспорт воситаларига қийинчилик туғдирмоқда. Уни таъмирлашни масъул ташкилотлар унутган кўринади. Фуқаролар мурожаати асосида Д.Собирова туман ҳокимлигига депутатлик сўрови билан чиқди. Орадан 2 ой ўтди. Бироқ натижа йўқ. Бу айни вақтда ижро интизомининг бузилаётганини кўрсатади.
Ҳал қилинган ёки ечим топмаган масала ҳақида сўз юритиб, халқ вакиллари сайловчилар нафаси билан яшаётганини англаймиз. Аниқланган муаммоларнинг ўз вақтида ечимини топишга кўмаклашиш уларнинг доимий вазифасига айланмоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Учқудуқ туман кенгаши Навоий вилоятидаги партия тузилмалари ичида пешқадам ташкилотлардан саналади. ...
01 янв 1970
Эътибор берганмисиз, тўрт-беш одам йиғилган жойда кўп  муҳокама қилинадиган масалалардан бири, шубҳасиз, тўй-маъракалар ҳамда уларнинг...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари электорат ишончини оқлашга астойдил интилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан халқ депутатлари Бухоро вилоят, Бухоро шаҳар ҳамда Жондор туман Кенгаши деп...