“Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!”

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимизнинг 2019 йил ва ундан кейинги даврдаги ривожланиш, тараққиёт концепциясини белгилаб берди. Унда республикамиздаги барча соҳалар — ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий, илмий-техникавий ва бошқа жабҳаларда амалга ошириладиган ишлар, вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, Мурожаатномада Президент мамлакатнинг янги Мудофаа доктринаси қабул қилинганлиги ва “Қуролли Кучлар таркибидаги барча қўшин турларининг тузилма ва вазифалари қайта кўриб чиқилганлиги, армия ва халқ бирлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилганлигига” алоҳида эътибор қаратди. Айни пайтда, давлатимиз раҳбари келгусида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини, армиямизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, ҳар қандай хавф-хатарга қарши доимо шай туриш лозимлигини, бунинг учун эса “Қуролли Кучларимизда жанговар руҳни юксалтириш, аскар ва офицерларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга эътиборни янада кучайтириш керак”лигини таъкидлади.
Бу ишларни амалга ошириш учун армиянинг ҳарбий қудратини юксалтириш билан бирга юрт ҳимоячилари қалбида миллий ўзликни англаш, Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, аждодларимизнинг бой меросидан баҳраманд бўлишни яхшилаш ҳаётий зарурат сифатида қайд этилди. Мурожаатномада “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак”лиги асосий мақсад қилиб белгиланди. Бу жараёнда эса ёшларимизнинг Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Маҳмуд Таробий, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Қурбонжон додҳо каби халқимиз озодлиги учун курашган ва ҳаётини Ватан озодлиги йўлида бахш этган сиймолар меросидан баҳраманд бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда газетамизда Ватан ҳимоячилари куни олдидан ушбу санага бағишланган саҳифа ва улуғ аждодимиз, машҳур саркарда, миллий қаҳрамон Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий қудрати ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.
 
Юртга садоқат туйғуси
Ватан ҳимоячилари куни олдидан ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида жойларда ташкил этилаётган турли тадбирлар юртдошларимизни ватанпарварликка чорлаш баробарида тинчлигимиз ва осуда осмонимиз қадрига етишга ундамоқда.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Андижон гарнизонининг ҳарбий қисми аскарлари иштирокида “Юрт ҳимоясига камарбаста ўғлонлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ҳам бу ўз ифодасини топди.
Ватанни севиш, уни кўз қорачиғидек асраш шарафли ва муқаддас бурч. Она юртга садоқат туйғусининг шаклланишида китобнинг, адабиётнинг ўрни беқиёс. Айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларда китобга меҳр уйғотиш орқали уларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга ҳам эътибор қаратиш лозим.
— Ушбу тарғибот тадбири чин маънода ватанпарварлик дарси бўлди, — дейди ёш китобсевар сафдошимиз Шерозбек Насирдинов. — Тарихий ва ватанпарварлик мавзусидаги асарлар орқали юртимиз тарихини ўрганамиз, она Ватаннинг қанчалик буюклигини чуқурроқ англаймиз. Асосийси, Ватан олдидаги масъулиятимиз ортади.
Тадбирда Нусрат Абдусаломов, Восит Аҳмад, Ориф Мелиев, Дурбек Қўлдошев сингари шоир-ёзувчилар мустақилликни мадҳ этувчи ижод намуналаридан ўқиб бердилар. Аскарлар ҳам мушоирада фаол қатнашдилар. Ёш китобхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Муҳаббат ОТАМИРЗАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши масъул ходими
 
Мардлар қўриқлайди Ватанни
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва Нукус шаҳар кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни олдидан Шимолий-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонининг маданий-маърифий марказида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад келажагимиз ворисларини она Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшлар қалбида мардлик, жасурлик, шижоат ва матонат туйғуларини камол топтириш, тарихда яшаб ўтган буюк боболаримизнинг жасорати, мардлиги ҳақида тушунчалар беришга қаратилди.
Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Ривож Отарбаев кириш сўзи билан очар экан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида белгиланган вазифалар ижросида барча фаол иштирок этаётганини таъкидлади.
Иштирокчилар ватанпарварлик, юртга фидойилик фазилатларини шакллантиришда буюк аждодларимизнинг матонати ҳаётий ибратга айланганини эътироф этишди. Тўмарис, Широқ, Спитамен каби халқ қаҳрамонларининг мардлиги, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби жаҳонни мангу ҳайратга солган аждодларимизнинг ҳаёти ва тарихий қаҳрамонликлари ҳақида тўхталиб ўтишди.
Тадбир қатнашчилари мамлакатимизнинг Қуролли Кучлари тизимида бугунги кунда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, маънавий-маърифий масалаларга қаратилаётган юксак эътибор ва унинг аҳамиятини аниқ мисоллар асосида тушунтириб, ёшлар ўртасида ҳарбий бўлишга интилиш-иштиёқ ортаётганига эътибор қаратишди.
Подполковник Музаффар Исаков ўз сўзида бугунги кунда ҳарбийлар учун мамлакатимизда яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда ижодкорларнинг она Ватан, тинчлигимиз ҳимоячиларини улуғлаган шеърлари барчани хушнуд этди.
Айшолпан ОРАЗИМБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши
матбуот котиби
 
Миллий армия — ғурур ва ифтихоримиз
Ангрен шаҳрининг “Дукент” маданият саройида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши, вилоят ҳокимлиги ҳамда Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида “Ватан азиз, бурч муқаддас!” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватан ҳимоячилари куни байрамининг фуқароларимиз ҳаётида тутган ўрнини жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ўқувчи-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов сарҳадларимиз дахлсизлигини, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-фаровон ҳаётимизни ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз сафларида кучли, билимдон ва жасур ҳарбийлар хизмат қилаётгани ҳақида фикр билдирди. Ватанпарварлик ғояларини, юрт озодлиги учун курашган буюк аждодларимиз жасоратини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, дунёда кечаётган турли мафкуравий таҳдидларга қарши уларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш партия фаолларининг ҳаётий вазифасига айланганини таъкидлади.
Тадбирда миллий армиямизнинг ташкил топиш тарихи, ўтган йиллар давомида ҳукуматимиз томонидан Қуролли Кучларга қаратилаётган эътибор, қисқа муддат ичида профессионал армиямиз шаклланганлиги, ҳарбийларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида мутахассислар алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, ҳарбий хизматни намунали ўтаб қайтган ёшларга берилган имтиёзларнинг аҳамиятига доир тушунчалар иштирокчиларнинг диққатини жалб этди.
Анжуман иштирокчилари бугунги кунда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, республикамиз Қуролли Кучларини энг замонавий моддий-техник база билан таъминлаш, Ватанимиз тинчлигини асраш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган улуғвор мақсадлар хусусида фикр билдирдилар.
Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага завқ бағишлаш билан бирга улар қалбида ғурур-ифтихор туйғуларини янада оширди.
Фотима САТТОРОВА,
Тошкент вилоят кенгаши матбуот котиби
 
90 нафар ҳарбий хизматчи янги йилни янги уйда кутиб олди
Бухоро шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун 90 оилага мўлжалланган беш қаватли учта уй фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, вилоят ва шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Зайнобиддин Иминов сўзга чиқиб, янги турар жой биноларига кўчиб ўтаётган барчани қутлади.
Ҳарбий хизматчиларга уч хонали уйларнинг калити топширилгани янги йил олдидан ажойиб совға бўлди.
— Замонавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар шинам. Уларда барча қулайликлар яратилган. Мазкур хонадон бизга узоқ муддатга, йиллик 7 фоизли ипотека кредити асосида берилгани биз учун катта ғамхўрликдир. Тўғрисини айтганда, бу қувончли воқеани кўпдан бери кутгандик. Олис гарнизонларда ижарадан ижарага кўчавериш, рости оилани қийнаб қўяр экан. Болаларим ҳам бу орада қанча мактабларни алмаштирди. Энди ҳаётимиз бошқача, янада файзли ва баракали бўлади, — дейди подполковник Шерали Раҳмонов.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, бағрикенг ва олижаноб халқимиз бола тарбияси ва тақдирига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келган. ...
01 янв 1970
Атоқли ўзбек адиби Ойбек “Китоблар инсон тафаккурининг қанотларидир”, деб ёзади....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда АҚШ Халқ­аро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг &ldq...
01 янв 1970
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган нақл бежиз айтилмаган. ...