“У кунларни биз кўрдик, сизлар кўрманглар!”

/
Зар қадрини заргар билади, дейди доно халқимиз. Худди шунингдек, тинчлик қадрини бошқаларга нисбатан уруш кўрган, қон кечган инсон теран ҳис қилади. Шу маънода айтганда, бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва тўкин-сочинликка шукрона айтаётган пиру бадавлат инсонлар сафида Фарғона туманининг “Хонқиз” қишлоғида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 93 ёшли Турсунбой бобо Исанбеков ҳам бор.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу йилги Хотира ва Қадрлаш куни байрамини Турсунбой бобо ҳар йилгидан ўзгача кайфиятда нишонлади. Чунки давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 май куни Фарғона вилоятига ташрифи асносида Президентимиз билан учрашиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлди. Мазкур учрашув ва самимий мулоқот Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да бўлиб ўтди.
ЎзА фотомухбири Муқимжон Қодиров билан бирга “Хонқиз” МФЙ раиси ўайратжон Холбеков ҳамроҳлигида Турсунбой бобонинг хонадонида бўлиб, уни байрам билан қутладик. Ҳовлига кирганимиз заҳоти озодалик, саранжом-саришталик эътиборимизни тортди.
— Ҳам суҳбатингизни, ҳам дуоингизни олгани келдик, — деймиз кўксини шода-шода орден-медаллар ва “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги” кўкрак нишони безаб турган табаррук мўйсафидга.
— Раҳмат, барака топинглар, болам. Мени йўқлаган экансизлар, ҳамиша йўлингиз очиқ, дастингиз узун бўлсин, — дея алқади отахон.
Сўнгра давлатимиз раҳбари билан кечган учрашув ҳақида сўзлади:
— Президентимиз ҳар биримиздан алоҳида ҳол-аҳвол сўраб, биз билан узоқ суҳбатлашди. Кейин бизга етти ярим миллион сўмдан пул мукофоти топширилди. Бунақаси ҳеч бўлган эмас, болам. Шунинг учун у кишидан жуда миннатдормиз, барака топсин, — дея мамнунлигини изҳор қилади Турсунбой бобо.
Шу тарзда нуроний отахон билан суҳбатимиз энди бошланганда Ўзбекистон мудофасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят ва туман кенгаши вакиллари ҳамда тумандаги 52-умумтаълим мактаби ўқувчилари устоз Абдувоҳид Тешабоев билан бирга қаҳрамонимизни қутлагани келиб қолишди. Хонадонда бамисоли тўй бўлиб кетди.
— Уруш бошланган пайтда мен ўн беш яшар бола эдим, колхозда аравакашлик қилардим, — дейди Турсунбой бобо суҳбатни давом эттириб. — Далада етиштирилган буғдой дейсизми, мева-чева, сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари бўладими, ҳаммасини фронтга етказиб берардик. Қорнимиз тўйиб овқат емасдик. Аввал катта акам Ҳомиджон, кейин Олимжон акам урушга кетишди. Мен эса 1944 йилда жўнадим. Ўшанда бир эмас, уч ўғлини урушга кузатган раҳматли онам Хайринисо қай аҳволга тушганини тасаввур қиляпсизми? — бобо бошини сарак-сарак қилиб бироз жим қолади. Сўнг яна гапида давом этади. — Акаларим Беларусда бўлишди. Мен Украина фронтида – 368, 309 ва 52-ўқчи полкларда жанг қилдим. 1945 йил шу кунларда (Турсунбой ота билан 2019 йил 8 май куни суҳбатлашдик — муаллиф) биз Берлинда эдик. ўалабани нишонлаганимиздан кейин бир ҳафта-ўн кун ўтиб, бизни поездга ўтқазиб, Япон урушига олиб кетишди. Монголия, Япония ва Хитойнинг Дарен деган жойларида бўлдим. 1950 йилда уйга қайтдим. Ҳомиджон акам ҳам қайтиб келди, лекин кичкина акам Олимжон урушда ҳалок бўлди.
Шундан сўнг Турсунбой Исанбеков ширкат хўжалигида табелчи ва бригада бошлиғи бўлиб ишлагани, бугун 86 ёшга кирган умр йўлдоши Ҳабибахон Исанбекова билан оила қуриб, уч ўғил ва беш қизни тарбиялаб вояга етказишгани, уларни ўқитганлиги, уйли-жойли қилиб, комил ва етук инсонлар этиб, эл орасига қўшишганини сўзлаб берди.
— Эҳ, болам-а, болам, у кунларни биз кўрдик, сизлар кўрманглар. Бугун юртимиз тинч, чегараларимиз мустаҳкам. Уйимиз, хирмонларимиз донга тўла, нон сероб. Юртимиз обод, бозорларимизда тўкин-сочинлик. Бундай кунларнинг қадрига етиш, ҳамиша шукроналик билан яшаш керак. Бундай юртда яшашнинг ўзи катта бахт, болаларим, — деди Турсунбой бобо.
Дарҳақиқат, Турсунбой бобо Ҳабибахон ая билан бирга фарзандлари, 28 нафар набира, 44 нафар чевара ва эвараси ардоғида, ҳукуматимизнинг кексаларга кўрсатаётган мислсиз ғамхўрлиги остида умргузаронлик қилаяпти.
Турсунбой бобо 65-оилавий поликлиника шифокорлари ва патронаж ҳамшира Гўзалхон Машраббекованинг ўз соғлиғидан доимий равишда хабар олиб турганидан мамнун бўлди.
“Узоқ умр кўришнинг сири нимада?”, деб сўрайман отахондан.
— Аввало, жисмоний меҳнатдан қочмаслик керак. Жисмоний меҳнат қилган киши доим ҳаракатда бўлади, ҳеч қачон дардга чалинмайди, — сўзини давом эттиради бобо. — Ота-она розилигини олиш, хушмуомала бўлиш ва ҳамиша яхшилик истаб яшаш ҳам умрни узайтиради. Мана, бугун тану жоним соғ, ўғил-қизларим, невара-чевараларим ва эварам ёнимда.
Чиндан ҳам, айни дориломон кунлар, диёримиздаги файзу барака ҳамда ободлик ана шу кексаларимизнинг — отахону онахонларимизнинг пок ниятлари, дуолари самараси эмасми?! Чунки бу табаррук инсонлар ҳар тонг, ҳар лаҳза юртимизда тинчлик-осойишталик, фаровонлик, тўкин-сочинлик барқарор бўлишини тилаб, дуога қўл очадилар. Биз эса уларни ҳамиша асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз зарур.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Абдубакир ота келини сузиб келган ошга қўлини ҳам теккизмади.
01 янв 1970
1991 йил. Тарих саҳифаларига бу сана юртимиз ҳаётида катта ўзгаришларга, буюк янгиланишларга бой йил сифатида муҳрланди....
01 янв 1970
Ўзбекистон — бундай муаззам ўлкада яшашнинг ўзи катта бахт. Чунки юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон....
01 янв 1970
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўт...