Тиббиёт муассасаларида аутсорсинг тизими жорий қилинмоқда

/
Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни тарғиб этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.
2019 йил 24 январь — 18 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳи юртимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганган эди.
Ушбу ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган алоҳида “йўл харитаси”да бир қатор муҳим йўналишлар бўйича вазифалар белгиланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш тизими соҳасида биттадан ҳудудни намунали туманга айлантириш вазифаси ҳам қўйилган эди.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика марказий тиббиёт муассасалари ҳамда тегишли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё вилоятида илк саъй-ҳаракатлар бошланди. Вилоятнинг Гулистон шаҳри ҳамда Боёвут туманида аҳолига кўрсатиладиган тиббий-санитария ёрдамини намунали шаклга келтириш мақсадида қатор ишлар қилинмоқда.
Депутатлар аҳолига сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатишни янада жонлантириш мақсадида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий қилиш, янгича ёндашувларни қўллаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратмоқда.
Масалан, вилоятда дастлаб мактабгача таълим муассасаларида жорий қилинган аутсорсинг тизими эндиликда тиббиёт муассасаларига ҳам татбиқ этилмоқда.
Хўш, аутсорсинг ўзи нима, унинг қандай афзалликлари бор?
Таъкидлаш жоиз, илгари таъминот корхонаси шифохоналар ошхонасига маҳсулотни етказиб берган, аммо овқатнинг сифатига масъул бўлмаган. Аутсорсингда эса, ошхона ҳам, ошпазлар ҳам бир тизим таркибида бўлади ва бу мазкур йўналишда сифат кўрсаткичларининг яхшиланиши, ошхонага маҳсулот етказиб берувчи ва таом тайёрловчининг бирдек масъулият билан ишга ёндашишини англатади.
Бошқача айтганда, авваллари шифохоналарда ичбуруғга чалинган беморга ҳам, қон босими юқори ёки камқувват беморларга ҳам бир хилда таом тайёрлаб берилган. Эндиликда эса барчаси бошқача: даволовчи шифокорнинг беморларга овқатланиш тартиби бўйича буюрганига кўра, ҳар бир беморнинг овқатланишига индивидуал ёндашилади.
Вилоятдаги тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб соғлом овқатлантириш бўйича аутсорсинг тизими Гулистон шаҳар марказий шифохонасида жорий қилинди.
— Аутсорсинг тизими — овқатланишни ташкил қилиш тизимида янгиликдир, — дейди технолог Ҳайитбой Худойбердиев. — Яъни бу овқатнинг сифатини яхшилаш, соғлом овқатланишни ташкил қилиш борасидаги янги бўғиннинг пайдо бўлишини англатади. Энди тиббиёт масканларининг ошхоналарида бир неча турдаги парҳез столлари мавжуд бўлади. Ошхонада овқат тайёрлашда масаллиқларга термик ишлов бериш усулларига қаттиқ риоя қилинади. Айтайлик, қовуриш, буғда пишириш, димлашга алоҳида эътибор қаратилади. Таомларнинг турлари кенгайтирилади. Даволаш билан тўғри овқатлантириш параллел равишда олиб борилса, ҳар қандай хаста эрта соғайиши амалиётда исботланган. Аутсорсингнинг фойдаси шуки, унда тиббиёт муассасалари ошхоналарида турли хил касалликлар билан даволанаётган беморларнинг ҳолатига қараб, даволовчи шифокорлар, диетолог врачлар билан маслаҳатлашган ҳолда, мақбул овқатларни тайёрлаш имконини беради, бу борадаги сифат кўрсаткичлари янада яхшиланишига шароит яратади. Бир пайтнинг ўзида беморларнинг овқатланиши маданиятини ривожлантиришга, тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатиш тизимини яхшилашга кўмаклашади.
Албатта, Гулистон шаҳри ва Боёвут туманида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдамининг намунали шакли тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимидан розилигини таъминлашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан Сирдарёда амалга оширила бошланган ушбу янгилик республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий манбаи қонундир. 
01 янв 1970
Мамлакатимизда ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш, илм-фаннинг юксак чўққиларини эгаллашлари учун кенг шарт-шароитлар яратилган....
01 янв 1970
Ватан муқаддас макон. У ҳар биримизнинг қонимиз, юрагимиз, онгимиздан жой олган. Халқимизда Ватан остонадан бошланади, деган нақл бор. ...
01 янв 1970
Таъкидлаш лозим, Хитой Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Фақат 2015 йилнинг ўзида Хитой билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо ҳажми ...