Инсон қалбининг кўзгусига нур бағишлаган олим

/
Холиджон Комилов ҳам устоз кўрган, ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган шахс сифатида ардоқланади. Унинг илмий раҳбарлиги ва маслаҳатчилиги остида 4 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 32 нафар тиббиёт фанлари номзоди ҳамда тиббиёт бўйича фалсафа докторлари тайёрланган. Ўзбекистон Республикасида ишлаётган 1600 дан ортиқ кўз шифокорларининг кўпчилиги у раҳбарлик қилаётган Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедрасида кўз шифокори сифатида тайёрланишган ёки малака оширишган.
Маълумки, инсон дунё лаззатларини сезги аъзолари орқали идрок этади, аммо бу ёруғ оламни кўз орқали кўради. Одамлар орасида кўп айтиладиган “Мен барча қадрли нарсаларимни кўз қорачуғимдек асрайман” деган гапнинг маъноси ҳам кўзнинг қадр-қимматига бориб тақалади. Шу сабабли инсон учун энг азиз неъматлардан бири бўлган кўз қорачуғи гавҳар, деб аталади.
Инсон танасидаги энг нозик тўқималар, албатта, кўзни ўраб турган тўқималар ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, кўзларимизнинг диаметри икки сантиметрдан ортиқ, оғирлиги 7-8 граммгача келаркан. Қизиғи, биз ёқтирган кишимизга қараганимизда кўз қорачуғимиз 45 фоизга кенгаяркан. Унинг гавҳарини айтмайсизми, ёқутдек товланиб, бири мовий, бири яшил, яна бири эса малла тус бериб жилоланади. Айниқса, ер юзидаги миллиардлаб инсонлар кўзларининг бир-биридан фарқ қилишининг ўзи ҳам бир мўъжиза...
Дарҳақиқат, ҳаётимиз учун энг муҳим аъзоларимиздан бири бўлган кўзимиз бошқа сезги органларимиздан кўп жиҳатдан фарқ қилади. Чунончи, кўз қалбдан садо беради, шоирона ташбеҳ билан айтадиган бўлсак, гапиради. Аҳён-аҳёнда ёлғон гапириб қўйсак, кўзимиз ростини ошкор қилиб қўяди. Қўрқувимизни ёки соғлиғимизни яширсак ҳам кўзимиз фош этади. Бирон-бир жиноят қилсак, кўзимиз “расм”га олиб қўяди. Қалбимиз юмшоқ бўлса, кўзимиз ёш тўкади. Агар бордию қалбимиз қотиб кетса, кўзимиз ёш тўкишдан тўхтайди. Шунинг учун ҳам киприкларимиз ҳимоясида бўлган кўзимизга донишмандлар “инсон қалбининг кўзгуси”, деб таъриф берадилар. Ҳа, кўз инсон танасида жойлашган бир мўъжиза...
Шу сабали уни асрашга интиламиз, киприкларимизни қоқиб, уни ҳимоялаб турамиз. Аммо кўзга ҳам “кўз” тегиши мумкин. Бундай ҳолатда, албатта, кўз шифокорига мурожаат қиламиз. Улардан бири, ўз касбига, халқ соғлиғига умрини бахшида этиб келаётган шифокор, Ўзбекистон Қаҳрамони, тиббиёт фанлари доктори, профессор Холиджон Комиловдир.
Холиджон Комилов 1962 йили ўрта умумтаълим мактабини олтин медаль билан тамомлаб, ўз сўзининг устидан чиқиш учун ота босган катта йўлга қадам ташлади. У ўша йилнинг ўзида имтиҳонларни аъло баҳоларга топшириб, Тошкент давлат медицина институтига қабул қилинди. Институтда ҳам бўш келмади. Ўқиш даврида анатомия, офтальмология ва неврология соҳалари бўйича студентлар илмий тўгарагига қатнашиб, совринли ўринларга сазовор бўлди ва шу тариқа 1968 йилда институтни имтиёзли диплом билан тугатди.
У илм йўлидаги асосий йўналишини танлар экан, энг қийин соҳа — нейроофтальмологияни танлади. Ҳаммада бўлгани каби ёш олимнинг ҳаёт йўли ҳам осон кечмади. Очиғи, у номзодлик диссертациясини тайёрлаётганида ўз-ўзига талабчанлиги, ўз ишидан қониқмаслиги туфайли тўққиз марта қайта-қайта ёзди ва диссертацияни маромига етказиб, ҳимояга топширди.
Ёш тадқиқотчи тиббиёт фанлари докторлари, профессорлар Наби Мажидов ва Ольга Соколованинг илмий раҳбарлиги остида 1972 йилда тиббиёт фанлари номзодлиги диссертациясини Москва шаҳрида “Оптохиазмаль лептоменингитлар (арахноидитлар)нинг офтальмологик клиникаси” мавзусида ҳимоя қилди.
“Нейроофтальмология” нима ўзи? Бу офтальмологиянинг бир қисми бўлиб, неврология ва офтальмология (кўз касалликлари соҳаси)ни кўпинча кўриш тизимида юзага келадиган умумий мураккаб тизимли касалликларни ўрганишда бирлаштирувчи илмий йўналтирилган тор махсус ихтисослаштирилган тиббий босқич ҳисобланади.
Нақадар зарур соҳа. Нейроофтальмологлар текширувларни дастлаб неврология ва офтальмология соҳаларида тўлиқ ўтказганларидан сўнггина бошқа соҳаларда текширувларни давом эттиради. Нейроофтальмологиянинг асосий мақсади асаб тизимининг умумий патологиясида кўриш системасининг афферентал бузилишлари (масалан, кўз нервининг неврити, оптик нейропатия, кўриш нерви дискининг шишиши, бош мия ўсимтаси ёки инсульт) ва кўриш системасининг эфферентал бузилишлари (масалан, анизокория, диплопия, офтальмоплегия, птоз, нистагм, блефароспазм ва гемифациалспазм)ни аниқлаб, миядаги ўзгаришларни даволашдир. Чунки бош мия ва кўрув аъзолари бир қон томир орқали таъминланади, нерв толалари кўришни ва кўз олмасининг ҳаракатларини таъминлайди, бош миядаги ўзгаришлар эса кўрув аъзолари фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун офтальмолог, невропатолог, нейрохирург ва эндокринологлар биргаликда беморларни текширишлари самарали натижалар беради.
Ёш олим учун бу ютуқлар ҳали натижа эмас эди. У отасининг издоши бўлиши керак. Отаси — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Маҳамаджон Комилов босиб ўтган йўлни, албатта, босиб ўтиши лозим. Чунки уни қанчадан-қанча бемор тақдирлар кутмоқда. Ҳа, Холиджон Комилов илмий изланишларини изчиллик билан давом эттирди. Албатта, соҳани чуқур ўзлаштириш ва унга янгилик киритиш осон бўлмайди. Бунинг учун яна меҳнат, яна машаққат, ўз ишига янада кўпроқ масъулият билан ёндашиш лозим бўлади. Аввало, олий математика усулларини, инглиз тилини, дастурлашни ва анализ-синтез таҳлилий усулларини тўла ўзлаштириш, замонавий компьютер технологияларидан самарали фойдалана билиш талаб қилинади.
Очиғини айтиш керак, Холиджон Комилов номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёзган даврларда барча ёзув ишлари ҳозиргидек компьютерларда эмас, ёзув машинкаларида бажариларди. Бу эса ортиқча вақт, ортиқча меҳнат талаб қиларди. Ҳар қандай шароитда изланишдан тўхтамасликни қатъий мақсад қилган олим докторлик диссертациясини бажаришга киришди ва бир неча йиллик изланишлар эвазига 1984 йилда Москва шаҳрида диссертацияни “Кўрув нерви касалликларининг клинико-диагностик белгиларини ЭҲМ ва автоматлашган тизимлар ёрдамида дистанцион диагностика қилиш учун яратиш” мавзусида ҳимоя қилди.
Унинг меҳнатлари бесамар кетмади. Мамлакатимизда клиник офтальмология, нейроофтальмология, кўз микрохирургияси каби долзарб соҳаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшилди.
— Касб танлашда адашмаган эканман, — дейди Холиджон Комилов. — Аслида бу касбни танлашимда отамнинг ҳиссаси катта. “Ота-онанг биринчи устозинг”, дейишади. Ҳақ экан. Мен отамдан одамлар рози бўлганлигини, хурсанд бўлганлигини кўп кузатганман ва шу сабабли ҳам бу касбга меҳрим тушган. Онам ўқитувчи сифатида менинг уйга вазифаларимга устозлик қилганлиги ҳам сир эмас. Асосий тарбияни ота-онамдан олганман. Офтальмологияни менга танитган отам ва ҳаёт йўлимни қуришда бевосита устозлик қилган онамнинг хизматлари олдида фарзандлик меҳрим билан ҳар доим тиз чўкаман. Мактабдаги, институтдаги устозларимни айтмайсизми, барчасининг меҳри адоғи бўлмаган... Ва шу билан бир вақтда касбий фаолиятим ривожида бевосита устозлик қилган неврология бўйича тиббиёт фанлари доктори, профессор, академик Наби Мажидов ва нейроофтальмология бўйича тиббиёт фанлари доктори, профессор Ольга Соколовадан бир умр миннатдорман.
Холиджон Комилов ҳам устоз кўрган, ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган шахс сифатида ардоқланади. Унинг илмий раҳбарлиги ва маслаҳатчилиги остида 4 нафар тиббиёт фанлари доктори ва 32 нафар тиббиёт фанлари номзоди ва тиббиёт бўйича фалсафа докторлари тайёрланган. Ўзбекистон Республикасида ишлаётган 1600 дан ортиқ кўз шифокорларининг кўпчилиги у раҳбарлик қилаётган Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедрасида кўз шифокори сифатида тайёрланишган ёки малака оширишган.
— Устозимни тақдирнинг менга берган мукофоти деб биламан, — дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти офтальмология кафедрасининг доценти, тиббиёт фанлари номзоди Наргиза Норматова. — 1991 йилдан ҳозирга қадар профессор Холиджон Комилов раҳбарлигида олима, педагог ва кўз шифокори сифатида етишдим. Кўз шифокори бўлиш машаққатли касб эканлигини амалиётда чуқур ҳис қилдим. Кўзи ожиз беморлар билан учрайдиган турли ҳолатлардан чиқиш йўлларини мунтазам, сабр-тоқат билан ўргандим. Устоздан мен покликни, тартибни, масъулиятни, сабр-тоқат ва чидамлиликни, камтарликни ва энг асосийси, ҳалолликни ўргангандим...
Мана, ўттиз йилдан ошибдики, Холиджон ака Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедраси мудири лавозимида ишлаб келаяпти. Мазкур кафедра республиканинг барча ихтисослашган кўз касалликлари шифохоналари ва бўлимларида ишловчи мутахассислар малакасини оширувчи марказ ҳисобланади.
Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлиги остида кўриш аъзоларини текшириш учун янги тиббий-техник комплекси, дори-дармонлар ва микрохирургия услубини қўллаган ҳолда глаукома ва катаракта хасталигини даволаш йўналишлари бўйича илмий-амалий изланишлар олиб борилмоқда. Республикада илк бор офтальмологиянинг турли долзарб йўналишлари бўйича 60 дан ортиқ мавзуий малака ошириш йўналишлари ташкил этилди. Ўқитиш жараёнларида компьютерлардан диагностика ва даволаш учун реал вақт мобайнида фойдаланиш имконияти яратилди. Кафедрада ўқув-услубий, илмий-амалий ва даволаш ишлари жараёнига янги технологияларни киритиш ва қўллаш чоралари кўрилмоқда.
Кафедра ва унинг клиник базаси бўлган Республика кўз касалликлари шифохонаси қатор давлатлар (Россия, Жанубий Корея, Украина, Қозоғистон, Туркия ва бошқа) етакчи офтальмологик клиникалари билан узвий ҳамкорлик ўрнатган. Ушбу клиникаларнинг етакчи мутахассислари республикамизда 5 маротаба ташкил этилган семинар-тренингларда, кўргазмали операцияларда ва хайрия тадбирларида иштирок этишган.
У офтальмология соҳасидаги халқаро ва республика даражасидаги илмий-амалий конференцияларнинг ташкилотчиси ва фаол иштирокчисидир. 595 та илмий ишнинг (шу жумладан, 162 мақола, 5 та монография, 6 та патент, 6 авторлик гувоҳномаси ва 23 услубий қўлланма) муаллифидир.
— Тиббиёт ходими бўлиш ҳам шарафли, ҳам ўта масъулиятли, — дейди Холиджон Комилов. — Унинг шарафлилиги қилинган муолажаларнинг натижаси ва энг муҳими, муомала маданиятига боғлиқ. Тиббиёт ходимларининг касбга муносабати, ахлоқ-одоби, шунингдек, шифокорлар ва беморлар орасидаги турли муносабатлар тиббиётимиз тилида деонтология — тиббиёт ходими билан бемор ўртасидаги муомала маданияти, бурчга содиқлик, тўғри ва самимий мулоқот, десак бўлади. Масъулият эса касбга виждонни ўртага қўйиб киришишдир.
Илмга берилган, ўз манфаатидан кўра ўзгалар манфаатини илгари сурадиган, зулматдан нур яратадиган бу инсон айни вақтда ибратли оила бошлиғи ҳам. Инсонларнинг камол топишида оиланинг ўрни беқиёс бўлганидек, оила бекаси Дилором ая ҳар доим турмуш ўртоғига елкадош, маслакдош. Уларнинг оилавий муносабатлари ниҳоятда ибратли. Очиғи, бу оиланинг бир сирини айтадиган бўлсам, узоқ йиллик турмуши даврида бирон марта ҳам эр-хотин сену менга бормаган. Оила том маънода ҳурмат-эҳтиром, самимий муносабат, меҳр-оқибат қўрғонига айланган.
Оила қургандан сўнг ўн беш йил фарзанд кутишнинг ўзи ҳам аслида меҳр-муҳаббат тимсоли. Бунинг учун ҳам эрга, ҳам хотинга метиндек сабр, матонат, чидам ва кучли ирода керак, албатта. Гоҳида ҳаёт қувончлари ва ташвишлари ёнма-ён ҳам келиб қолиши мумкинлигини теран англаган Холиджон ака тушкунликка тушмади. Фарзанд кўришига ишониб яшади.
1991 йил 16 ноябрда Холиджон Комиловлар оиласида янги инсон ҳаёт юзини кўрди. “Мамлакатимиз мустақиллиги кенг нишонланаётган ўша кунларда қизимнинг туғилиши қувончимизга қувонч қўшиб юборди, бу фарзанд, албатта, мен ва оиламиз учун бебаҳо неъмат эди”, дейди Холиджон ака ўша кезларни кўзда ёш билан эслаб...
Маҳамаджонова Дурдона Холиджон қизи мустақиллигимиз тенгдоши. У ана шундай муаззам кунларда туғилганлигини теран ҳис қилиб яшарди. Ўқишга, ҳаётга бўлган иштиёқи туфайли умумий ўрта таълим мактабини намунали хулқ билан аъло баҳоларга битириб, 2008 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг тиббий педагогика ва даволаш иши факультетига қабул қилинди.
Узоқ вақт фарзанд кутган Холиджон Комиловнинг қувончлари узоққа бормади. Синовлар устига синовлар келаверди... Ўта зийрак ва тиришқоқ қиз талабалик йилларида оила қуриб, институтнинг 4-курсига ўтган чоғлари бир нафар фарзанд кўриб, ўғли тарбияси билан машғул пайтлари ҳаётнинг шафқатсиз синовлари Холиджон Комиловнинг бағридан ҳам қизини, ҳам набирани юлиб кетди. Албатта, бундай айрилиқ оғир эди. Жайдари қилиб айтганда, шундай чиройли оилага кўз тегди. Тақдир экан. Даҳшатли синовларни бардош билан енгган қаҳрамонимиз ҳар сафар қизини хотирлаб борганида қабр тошидаги “Кўнглимдаги орзуларим армондир, ёдинг мангу дардимизга дармондир”, деган ёзувларни қайта-қайта ўқийди.
Хуллас, барча қийинчилик ва машаққатларни ортда қолдирган Холиджон Комилов ҳали-ҳамон жамиятда фаол. У ҳаётнинг аччиқ ва ширин лаҳзаларини татиган, ҳамма машаққатларни мардонавор енган инсон. Меҳнатдан қўрқмайди. Шу сабабли сидқидилдан меҳнат қилиб, халқимизнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.
Айниқса, жамоат ишларида жуда масъулият билан иштирок этади. Ниҳоятда мустаҳкам интизомга, юксак ҳуқуқий маданиятга эга шахс. У 2014 йилдан “Адолат” социал-демократик партиясининг аъзоси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг депутати, 2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси. Айни дамларда ҳам депутат ва сенатор сифатида одамлар билан ишлаб, уйма-уй юриб, инсонлар қалбига эзгулик нурлари билан кириб бормоқда.
Шу билан бирга, Тошкент давлат стоматология институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раисининг ўринбосари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти илмий кенгашининг, ушбу институт жарроҳлик факультети илмий кенгаши ва муаммо комиссиясининг аъзоси, Ўзбекистон Республикаси ССВ илмий тиббиёт кенгаши қошидаги офтальмология бўйича илмий-муаммо комиссиясининг аъзоси, 2005-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси офтальмологлари илмий жамияти раиси, «Ўзбекистон тиббиёт журнали» таҳририяти аъзоси, “MEDICAL EXPRESS” ихтисослашган тиббий илмий-амалий, ижтимоий-реклама йўналишидаги нашр таҳририят кенгашининг раиси.
Тиниб-тинчимас, меҳнаткаш, камтарин, айни вақтда талабчан мураббий, меҳрибон устоз, тажрибали мутахассис Холиджон Комилов республика тиббиёт ходимлари ўртасида катта ҳурматга сазовор. Энг муҳими, халқнинг севимли фарзанди. Унинг беминнат меҳнатлари бесамар кетмади.
Холиджон Комилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги фармонига биноан халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик, халқ соғлиғини сақлашдаги хизматлари учун “МЕHNAT SHUHRATI” ордени билан мукофотланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 23 августдаги фармонига биноан “Ўзбекистон Қахрамони” олий унвонига сазовор бўлди ва унинг кўксига “Олтин юлдуз” медали тақиб қўйилди.
— Аслида мен жуда катта иш қилиб юборган эмасман, мақсадим ўз танлаган касбим билан халққа хизмат қилиш бўлган, — дейди Холиджон Комилов. — Менинг меҳнатларим давлатимиз раҳбари томонидан бир неча бор тақдирланди. Бу юксак давлат мукофотлари биргина менинг мукофотим эмас. Бу менинг сиймомда жамоага, тизимга, соҳага берилган мукофотлардир. Мана, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тиббиёт соҳаси ривожига қўшилаётган ҳисса биз тиббиётчилар қўшаётган ҳиссадан ҳам улкан. Бугун юртимизда замонавий тиббиёт тизими барқарор ривожланмоқда. Халқ табобатига алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Аҳолининг малакали тиббий хизматга бўлган ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашнинг барча зарурий чоралари кўрилмоқда. Биз ана шу ишларда ўзимизнинг дахлдорлигимизни унутмасдан, халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилишга бир умр қарздормиз.
— Устозимиз профессор Холиджон Комилов юксак инсоний фазилатларга эга инсон, чинакам истеъдод соҳиби, беморлардан ёрдамини аямайдиган, қўли енгил ва чуқур билимга эга бўлган кўз жарроҳи, ўз касбининг фидойиси, шогирдларига билим беришдан чарчамайдиган ва тўғри йўл кўрсатадиган меҳрибон устоз, — дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўқув ишлари бўйича проректори, тиббиёт фанлари доктори Мунира Қосимова. — У кишининг 1970 йилларда бошлаган рақамли офтальмология бўйича илмий ишлари бугунги даврга келиб, орадан эллик йил ўтибгина телемедицина шаклида ривожланмоқда.
Аслида, бу Холиджон ака ҳақидаги маълумотларнинг ҳаммаси эмас. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб белгилаб қўйилганидек, ҳар бир инсонга малакали тиббий хизмат кўрсатиш билан давлатнинг фаол фуқароси сифатида халқ, эл-юрт корига яраб, бемор кўзларга нур бахш этиб келаётган, камтарин ва камсуқум инсон, меҳрибон шифокор Холиджон Комиловнинг беминнат хизматларидан айримларинигина қаламга олдик, холос.
Хуллас, юзлаб шогирдлар ардоғида бўлган Холиджон Комилов ўз мактабини яратди. Бу мактаб тиббий маърифат ва халқ саломатлиги йўлида хизмат қилишдан ҳеч қачон тўхтамасин. Унинг умидвор кўзларга бахш этган нурлар ҳаёт йўлларига шамчироқ бўлсин.
Абдукамол РАҲМОНОВ 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши оила иқтисоди учун муҳим саналади. 
01 янв 1970
Очиғини айтсам, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биноси олдида турган китоб жавонини кўздан кечириб, ҳафсалам пир бўлди. ...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Бухоро шаҳрида ҳам улуғ аждодларимизнинг юксак истеъдоди билан бунёд этилган обидаларни асраб-...
01 янв 1970
Мамлакатимизда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка бу борада аниқ ва холис ахборот етказиб бериш юзасидан кенг кўламли чо...